Янгиҳаётда Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасининг биринчи сервис кўрсатиш ва сотув маркази иш бошлади

21:41 13 Июль 2021 Иқтисодиёт
526 0

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 10 январдаги №ПҚ-2109 сонли қарорига мувофиқ чет эл инвестицияларини киритиш билан 2014 йил май ойида “UzXCMG” қўшма корхонаси ташкил қилинган эди.

Қўшма корхонанинг асосий фаолияти “UzXCMG” товар белгиси остида барча турдаги гидравлик экскаватор ва бульдозерлар ҳамда турли вазифаларга мўлжалланган қурилиш техникаларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатишдан иборат.

“UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган техника Япониянинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг (ISUZU, KAWASAKI) двигателлари ва гидравлика тизимлари билан жиҳозланган ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Хитойнинг XCMG корпорацияси билан имзоланган келишувга асосан “UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонаси негизида гидравлик экскаваторларнинг 5 та асосий қисмини маҳаллийлаштириш (рама, поворотная рама, стрела, рукоят, ковш), яъни

III-босқичга ўтишда қўшимча янги технологик ускуналар ва асбобларни сотиб олиш, ишчи-ходимларни ўқитиш ва алоҳида металл конструкцияларни, деталларни “UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонаси ва республикамизнинг бошқа саноат корхоналарида маҳаллийлаштириш ҳамда кейинчалик маҳаллийлаштириш кўрсаткичини 51 фоиздан юқори даражага етказиш режалаштирилган.

“UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти давомида бугунги кунга қадар умумий ҳисобда 1700 донага яқин ҳар хил турдаги мелиоратив, қурилиш ва йўл қурилиш ҳамда махсус техникалар ишлаб чиқарилиб, ўз эгаларига етказиб берилиши таъминланган.

Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, “UzXCMG” МЧЖ қўшма корхонаси негизида ишлаб чиқарилган техникаларга сервис хизматлари кўрсатиш ва сотув маркази яратиш тўғрисида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Хитойнинг XCMG корпорацияси ўртасида ўзаро имзоланган келишувга асосан, бугун қўшма корхона таъсисчилигида биринчи сервис ва сотув маркази Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Марказнинг очилиш маросимида Хитойнинг XCMG корпорацияси вице президенти Лю Ҳансон ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари ” АЖ бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Ҳуснитдин Хасилов, шунингдек, жамиятнинг бир қатор бошқармалар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Замонавий техникалар ҳамда марказ биноси билан яқиндан танишиш баробарида, марказнинг мажлислар залида хитойлик ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида ўзаро мулоқот ҳам бўлиб ўтди.

— Ҳозирги кунда корхона маҳсулотларига кун сайин талаб ва эҳтиёж ортиб бормоқда дейди, — Хитойнинг XCMG корпорацияси вице президенти Лю Ҳансон. Шу боис, мана шундай марказни очиб, уларга сервис хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга қарор қилдик. Биз Ўзбекистон ҳукуматига фаолиятимизни қўллаб қувватлаб, марказ очишга ер ажратиб берганлиги учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Жорий йил якунига қадар бундай марказлар Навоий ва Андижон шаҳарларида ҳам ташкил этишни режалаштирганмиз.

Мазкур марказда маркетинг бўлими, мажлислар зали, қурилиш ва махсус техникалар операторларини ўқитиш учун ўқув маркази, шунингдек, жорий ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириб хизмат кўрсатиш учун цех ҳам мавжуд бўлиб, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги йирик харидорлар билан етказиб берилаётган техникаларни жорий ва капитал таъмирлаб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари талаб ва эҳтиёжларга қараб, ушбу марказ орқали харидорларга бутловчи қисмлар ҳам етказиб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?