Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси тарғиботи давом этмоқда

16:57 08 Ноябрь 2022 Жамият
404 0

Фото: Халқ сўзи

Урганч шаҳрида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш масалаларига бағишланган семинар ташкил қилинди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинарда Олий Мажлиси Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев сўзга чиқиб, Меҳнат кодексининг янги таҳририда ўз ифодасини топган асосий янги нормалар хусусида маълумот берди. Меҳнат кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда ўндан ортиқ халқаро ташкилот, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлатнинг тажрибаси ўрганилгани, кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида таҳлил этилиб, маромига етказилгани қайд этилди.

— Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли 3 баробар катта бўлиб, 600 га яқин моддани ўз ичига олади, — дейди Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Нодирбек Жуманиёзов. — Ҳужжатга бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш ва бошқа бир қатор ҳолатларни назарда тутувчи нормалар қўшилди.

Янги кодексдаги нормаларнинг тўғридан-тўғри ишлашида, ҳаётда самарали татбиқ этилишида меҳнат бозори иштирокчиларига ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан жойларда меҳнат қонунчилигининг асосини ташкил этувчи ушбу кодекс моҳияти ва аҳамиятига бағишланган тарғибот ишларига алоҳида урғу берилмоқда.

Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?