Янги қонунлар аграр соҳа тараққиётига хизмат қилади

18:22 10 Март 2021 Иқтисодиёт
1006 0

Мамлакатимиз аҳолисининг катта қисми қишлоқ хўжалигида бандлигини ҳисобга олсак, соҳа тараққиёти учун мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш долзарб масалалардан. Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида бир қатор янги қонунлар кўриб чиқилиши кутилмоқдаки, уларда айнан аграр ислоҳотлар назарда тутиляпти.

Жумладан, янги таҳрирдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонун деҳқон хўжаликлари фаолиятини тартибга солишда асос бўлади.

Ҳозирда деҳқон хўжалигига оид муносабатлар 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солиб келинмоқда. Шунга кўра, деҳқон хўжалигини ташкил этиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, мазкур хўжаликларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳрири ишлаб чиқилди.

Қонунда деҳқон хўжаликларига тўғридан-тўғри ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан бериш амалиёти ўрнига бундан кейин ер участкасини ижара асосида бериш тизимини жорий этиш каби янгиликлар киритилди. Бундан ташқари, ер участкаларини боғдорчилик ва узумчилик учун эллик йил муддатга, сабзавотчилик, полизчилик учун ёки бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш учун ўттиз йил муддатга ижарага бериш ҳам ҳужжатда белгиланмоқда.

Яна бир муҳим янгилик — деҳқон хўжалиги томонидан ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадларга солиқ солинмаслигидир. Эндиликда низо мавжуд бўлган тақдирда деҳқон хўжалиги ерларини олиб қўйиш суд тартибида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг деҳқон хўжаликлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ваколатлари акс эттирилган.

«Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонун ҳам халқимиз учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Қонун белгиланган тартибда хусусийлаштирилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкалари билан боғлиқ муносабатларга, шунингдек, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, томорқа хўжалигини юритиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди.

Томорқа хўжалигида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш (қайта ишлаш) бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил равишда амалга оширувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин.

Қонунда томорқа хўжалиги шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ҳам эркин савдо учун, ҳам оила эҳтиёжлари учун етиштириш билан боғлиқ меҳнат фаолияти эканлиги белгилаб қўйилган.

«Экологик аудит тўғрисида»ги Қонун эса экологик аудитнинг асосий принциплари, стандартлари, экологик аудитни ўтказиш, турдош хизматлар кўрсатиш ва экологик аудиторлар ишининг сифатини назорат қилиш тизимини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Шу билан бирга, Қонунда миллий экологик аудит стандартлари экологик аудиторлик фаолиятини амалга оширишга доир ягона талаблар аниқлаштирилган.

Экологик аудиторлик ташкилотлари экологик аудитни ўтказиш чоғида шартномага мувофиқ халқаро экологик аудит стандартларини қўллаши мумкин.

Қонунда экологик аудитнинг асосий вазифалари ҳам қайд этилмоқда. Жумладан, экологик аудит субъекти амалга оширадиган хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятининг экологик жиҳатлари тўғрисидаги ишончли ахборотни тўплаш шулар жумласидан. Бундан ташқари, экологик аудит субъекти фаолиятининг атроф-муҳит ҳолатига таъсирини баҳолаш, атроф-муҳитнинг ифлосланиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши хавфини камайтириш кабилар ҳам ҳужжатда батафсил белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонунларни ҳаётга татбиқ этиш натижасида, ер участкалари деҳқон хўжаликларига ижара ҳуқуқи асосида берилиши, шунингдек, ушбу ерларда қонунга хилоф равишда қурилишлар амалга оширилиши, деҳқон хўжаликларига ажратилган ер участкаларининг ноқонуний ёки турли баҳоналар билан олиб қўйилишининг олдини олишга, ерга бўлган ҳуқуқ кафолатларини янада кучайтиришга эришилади.

Айни чоғда, томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади ҳамда шахсий томорқа ер эгалари ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати яхшиланади.

Бундан ташқари, атроф-муҳитнинг ифлосланишининг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиш, экологик аудит субъектининг хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби ҳуқуқлари кучайтирилади.

Рисқул СИДДИҚОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари,
Фурқат ОЧИЛОВ,
қўмита масъул ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?