Янги Қонун билан қандай ўзгартишлар киритилмоқда?

16:31 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
224 0

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама марказида бўлди.

Мазкур ҳужжат билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш учун жавобгарликни кучайтириш орқали бундай ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишини назарда тутувчи конституциявий бурчига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар қайд этилмоқда.

Бугунги кунда амалиётда, кўплаб фуқаролар, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан хонадонларда ёки ташкилотларда ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга, шу жумладан, автотранспорт воситалари ёрдамида чиқариб ташлаш ҳолатлари йилдан йилга ортиб бораётганлиги ачинарли ҳол.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда республикамизда турли соҳа ва тармоқларда, шунингдек, шахсий уй-жойларда қурилиш ва таъмирлаш ишларининг кўлами ниҳоятда кенгайганлиги муносабати билан мамлакат миқёсида катта миқдорда қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлмоқда.

Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш билан боғлиқ жарима миқдорларини ошириш, шу билан бирга, модданинг тегишли қисмига ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши орқали фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда мамлакатдаги экологик вазиятни яхшилашга эришилади.

Бундан ташқари, мазкур Қонун билан «Архив иши тўғрисида»ги Қонунга ҳам ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан, нодавлат архивларини ҳам истисно қилмаган ҳолда топшириш билан ўзгартирилмоқда.

Шу билан бирга, давлат архивлари биноларини архивлар тасарруфидан чиқариш нормаси қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ қилиниши жамиятимизнинг кўпгина соҳаларига ижобий таъсир қилади. Хусусан, мазкур Қонун мактабгача таълим тизимини мувофиқлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, дарахтлар ва бошқа ўсимликларни ғайриқонуний нобуд қилинишининг олди олиниши, чиқиндиларни ташлашни тартибга солиш орқали фуқароларнинг атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширишга ҳамда экологик вазиятни яхшилаш, ер ости бойликлари билан ишлашни тизимлаштириш, ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишни янада соддалаштирилишида дастуриламал бўлади. Шунингдек аҳолининг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш, давлат ва нодавлат архивларида ҳужжатлар билан сифатли ишланиши, гиёҳвандлик билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида каннабис ўсимлигини етиштириш ва муомалада бўлиши соҳасининг ривожланишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?