Янги Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари дунё тараққиётига хизмат қилади

11:08 09 Октябр 2020 Жамият
374 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги чиқиши, юксак минбарда она тилимизда янграган нутқи барчамизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди. Нутқни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали миллиардлаб инсонлар тинглади, ўқиди. Бу тарихий воқеа она тилимизга бўлган чексиз ҳурмат, миллийлигимизни, ўзлигимизни қадрлашга бўлган юксак эҳтиром белгисидир.

Замонавий таҳдидларга қарши конструктив таклифлар

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ҳамда касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига урғу берди.

Ўзбекистон раҳбари минтақада ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда барқарорликни мус­таҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатару таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Уларнинг биринчиси коронавирус билан боғлиқ. Бундай глобал офат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган. Қисқа муддатда дунёни чирмовуқдек ўраб олгани, кўплаб давлатларнинг соғлиқни сақлаш хизматларини фалажлаб қўйгани, касалликка йўлиққанлар сони 36 миллиондан ошиб, вафот этганлар сони 1 миллиондан кўпайгани ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият Ер юзидаги барча давлат ҳамда халқлар ўзаро боғлиқ эканини, муаммони мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорликдагина ечиш мумкинлигини кўрсатяпти. Шу сабабли Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этди. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ўз навбатида, давлат раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади. Нега? Чунки БМТнинг башоратига кўра, йил охиригача глобал очарчиликнинг ўсиши кутилаётир. Ҳозирги вақтнинг ўзидаёқ 820 миллион киши, яъни дунёдаги ҳар 9 кишидан бири етарли миқдорда егуликка эга эмас. Қолаверса, бу йил COVID-19 инқирози туфайли яна 49 миллион киши ўта қашшоқлик ­домига тушиш эҳтимоли мавжуд.

Ортга қайтмайдиган ислоҳотлар

Бундан уч йил муқаддам Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистоннинг туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қарори қатъий эканини таъкидлаган ва бу халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлган эди.

Дарҳақиқат, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди. Аҳоли ҳамда сиёсий партияларнинг фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошди. Гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ошди. Янги парламентда аёл депутатлар сони икки баробар кўпайди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Олдингидек, ўқитувчи ҳамда шифокорларни кўча тозалашга чиқариш, болаларни пахта теримига сафарбар этиш қонунан тақиқланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан шу йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги йилларда қатор мамлакатлар, ташкилотлар, нуфузли оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонни “Йил мамлакати” деб эътироф этяпти. Узоққа бормайлик. “The Economist” дунёнинг икки юзга яқин давлатлари орасидан Ўзбекистонни “Йил мамлакати”, деб топди. Ҳафталик Ўзбекистонни 2019 йили дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб эътироф қилган. Ҳолбуки, мустақил Ўзбекистон тарихида бунақаси ҳали кузатилмаган эди. Ушбу янгилик шу кунга қадар Марказий Осиёнинг бирор-бир давлати бундай эътирофга лойиқ кўрилмагани билан ҳам ўзига хос аҳамиятга эга. Қолаверса, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Европадаги қатор нашрлар ҳам Ўзбекистоннинг ютуқларини кенг эътироф этди.

Ёпиқликдан очиқлик сари

Ваҳолонки, тўрт йил илгари, аксарият таҳлилчилар томонидан Ўзбекистонга дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири, деб таъриф берилган. Шу ўринда бир мисол. 2017 йил апрелдан мамлакатга бир ойгача муддатга келадиган Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, ­Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун виза тартиби бекор қилинди. 2019 йил февраль ­ойида бу рўйхатга яна 45 мамлакат қўшилди, айни дамда 39 давлат фуқаролари учун сайёҳлик визаларини расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, шунингдек, электрон визалар ҳам жорий этилди. Яқин-яқинларгача амалда деярли чет элга чиқиши чекланган Ўзбекистон фуқаролари 2020 йилдан бошлаб дунёнинг 58 мамлакатига олдиндан расмийлаштириладиган визасиз йўл олмоқда.

Худди шу боис ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ кутилмаган бу янгилик оламшумул акс садо берди. Халқаро ҳамжамият Президент Шавкат ­Мирзиёев ўзининг ички ва ташқи ­сиёсати билан бор-йўҚи тўрт йилнинг ўзида дунёни тан олдирди, деб эътироф этмоқда. Эндиликда аксарият ­халқаро экспертлар ҳамда хорижий ­сиёсатчилар фикрича, бугун Ўзбекистон ўзининг мисли кўрилмаган очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб ­турган изчил, аниқ ҳамда конструктив сиёсат юритмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизда ўтган тўрт йил мобайнида юз берган ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятда ҳам иқтисодиётни либераллаштириш, ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасида юз бераётган ижобий ўзгаришлар нуқтаи назаридан эътироф этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Президент­ Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида юритаётган очиқ, оқилона ва конструктив ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёда шаклланган мутлақо янги, ўзаро ишонч ҳамда яхши қўшничилик муҳити халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётган муҳим жиҳатлардан биридир. Хорижий сиёсатшунос ва экспертлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик ҳамда дўстликка асосланган очиқ сиёсати Ўзбекистон раҳбари муроса қилиш ва йиллар давомида тўпланиб, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантириш йўлида ғов бўлиб келаётган энг мураккаб масалаларга ечим топиш қобилиятига эга эканидан далолат бермоқда, деган якдил фикрда.

Ёшлар манфаатлари ҳамиша устувор

Минтақада энг кўп аҳолига эга мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, унинг асосларини диверсификация қилиш ва четдан кўпроқ сармоя жалб этиш саъй-ҳаракатларига устувор аҳамият қаратиляпти. Бу каби ўзгариш ҳамда янгиланишлар, асрларки, иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда камбағаллик ва ишсизлик ҳануз долзарб муаммолигича қолаётган бир манзарада кузатилди. Неча ўн йилларки, тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтаётган миллионлаб ­фуқароларини ишли қилиш — мам­лакатнинг ўзида янгидан-янги иш ўринлари яратиш бўйича туб ўзгаришлар ҳам эътиборга лойиқ.

Зеро, бу мамлакат нуфусининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этаётган бир шароитда ўта долзарб ҳисобланади.

Шундай экан, республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга ошириляпти. Ўзбекистонда Ёшлар парламенти, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда. Август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд халқаро форуми муваффақиятли ўтказилди.

Бинобарин, давлат раҳбари юксак минбардан туриб дунё ҳамжамиятини Ёшлар ҳуқуқлари тўҚрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бундан ташқари, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Қўшничилик — минг йилчилик

Сўнгги йилларда Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари эвазига қўшни давлатлар билан муносабатларда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Жумладан, 2017 йилда сув ресурс­ларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни белгилаш, назорат-ўтиш пункт­ларини очиш, транспорт қатновини тиклаш ҳамда кенгайтириш каби кўплаб нозик масалалар бўйича муҳим келишувларга эришилди ва бу жараён давом этмоқда. Ўзбекистон билан қўшни мамлакатлар ўртасида одамларнинг борди-келди қилишига йўл очилди, минтақалараро ҳамда чегараолди ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Буларнинг барчаси минтақа ­давлатлари ўртасида дўстлик ва ишончни мустаҳкамламоқда, ҳамкорликка янги суръат бағишламоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ­Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари улкан марра бўлди. Бунинг исботи ўлароқ, охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробар ўсди.

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа кун тартибида турибди. У ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига оид чуқур интеграциясини таъминлашдир. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф этилди. Боз устига, Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йилда ЮНЕСКО ҳамкорлигида қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форумни ўтказиш режалаштирилмоқда. Режа амалга ошса, бу минтақа давлатларини янада жипслаштиради.

Олис, аммо шарафли йўл

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, хавфсиз ва барқарор минтақага эга бўлиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан ­биридир.

Президентимиз таъкидлаганидек, Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз. 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси афҚон муаммосини ечиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишда янги босқич бўлди. Ушбу анжуман Афғонистон масаласида турлича қараш ҳамда позицияга эга бўлган йирик ва қўшни давлатлар мавқеларини яқинлаштиришга хизмат қилди. Энг қувонарлиси, ниҳоят Афғонистон ҳукумати ҳамда Толибон Қатар пойтахтида тинчлик музокараларини бошлади. Мамлакатимиз раҳбари Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлади. Булар жафокаш афғон заминида тинчлик ва барқарорлик ўр­натишга хизмат қилишига умид билдирилди.

Аммо тинчлик ўрнатишнинг йўли олис ва мураккаб. Аҳолининг ижтимоий муаммолари қалашиб ётибди. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон ­халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фао­лият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ташаббуси илгари ­сурилди.

Иқлим ўзгариши ҳам эътибордан четда қолмади

Замонамизнинг ўткир муаммоларидан яна бири глобал иқлим ўзгаришларидир. Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф ­туғдиряпти.

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди. Мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди тузилди. Бунга ҳам­оҳанг тарзда Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолю­циясини қабул қилиш таклифи илгари сурилди. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган сананинг Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонланиши эса глобал миқёсда экология муаммоларига эътибор қаратишни кучайтиришга хизмат қилади.

Хуллас, Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун ­доимо тайёр.

Президентимиз маърузасида илгари сурилган ташаббуслар, Қоя ва таклифлар амалий жиҳати билан ажралиб туради. Инсон манфаатлари, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, халқаро майдонда тинчлик ҳамда барқарорлик ўрнатишдек эзгу ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?