Янги Ўзбекистоннинг янги мавзелари юртдошларимизнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига хизмат қиляптими?

Фото: Халқ сўзи
Агар инсон уйли бўлса, ҳузур–ҳаловатда яшайди.Ташвишлари ўн чандон енгиллашади. Оиласидан кўнгли тинч, ишида унум бўлади. Зеро, уй Ватан ичра ватан.
Шу боисдан ҳам юртимизда сўнгги йилларда шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони йиллар давомида умид билан яшаётган минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.
— Илгари Сурхиён қишлоғида яшардик, — дейди Бухоро вилояти Когон туманидан шифокор Назира Шукурова. — Табиий газ йўқ эди. Ичимлик сувини челаклаб сотиб олардик. Ишга бориб–келишда ҳам қийналардик. Айниқса, болаларимдан хавотир олардим. Ишдалигимда улар ариқ сувидан ичиб қўйишмадимикан, чўян печнинг тутуни уйни тутиб кетмадимикан, деган ўйлар гирдобида юрардим. Туманимиз марказидаги Сухор маҳалласи Тинчлик кўчасида беш қаватли турар–жойлар қурилиши биз учун айни муддао бўлди. Шу турар-жойларнинг биридан уч хонали уйни имтиёзли кредит асосида харид қилдик. Салкам бир йилдирки, шу уйда яшаяпмиз.Табиий газ, иситиш тизими бор. Биз, аёллар учун барча қулайликлар яратилган. Хурсандмиз.
Бу шифокор синглимиз истиқомат қилаётган гўшадан чамаси 80 километр олисда, аниқроғи, Қоракўл тумани маҳалласи аҳлидан ҳам худди шу мазмундаги сўзларни эшитиш мумкин.
— Энг катта янгиликлардан бири шуки, ҳудудимизда «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишига киришилди, — дейди «Қоракўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Илҳом Очилов. — Бу ерда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари қад ростламоқда.120 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 380 ўринли умумтаълим мактаби, кўплаб маиший хизмат шохобчалари қурилади. Қисқа муддат ичида тумандаги «Қораун иншоот» ва «Шукуржон она» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан 60 хонадонли иккита кўп қаватли уй барпо этилди. Айни дамда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Яна 2 та 40 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уй қуриляпти.
Умуман, уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфратузилма объектларини ўзида мужассам этган янги массивда эҳтиёжманд оилаларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун барча қулайликлар яратилади. Масалан, бундай оилаларга уй-жойнинг бошланғич ва фоиз тўловлари учун жами 120 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилмоқда.
Илҳом Очиловнинг таъкидлашича, ушбу массивда яшовчиларнинг озиқ–овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш масаласи ҳам долзарб саналади.
— Шуни назарда тутган ҳолда маҳалламиздаги 59 та оилага 10 гектар ерни аукцион орқали бердик, — дейди у. — Бу ўша оилаларнинг бандлигини таъминлабгина қолмай, бозорни сабзавот, полиз маҳсулотлари билан тўкин этиш имконини беради. Биз янги массивда ихчам дўконлар барпо этиш йўли билан «даладан-бозорга» тамойилини татбиқ этамиз.
Яна бир далил. «Қишлоқ қурилиш инвест» буюртмачилигида Бухоро вилоят туманларида 33 та беш қаватли уй-жойлар қурилиши поёнига етиб қолди.
Шу ўринда қурилаётган уй–жойларнинг сифати талабга жавоб берадими, деган савол ҳам туғилади.
Бухоро вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси жамоаси бу борада тизимли ишларни йўлга қўйганини айтиш жоиз.Чунончи, жорий йилнинг биринчи чорагида жойларда 738 маротаба назорат ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида 1613 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган.»Шаффоф қурилиш» ахборот тизими орқали қурилиш ишлари иштирокчилари саналган буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотларига ижроси мажбурий бўлган 468 та ёзма кўрсатмалар берилди ва уларнинг бажарилиши назоратга олинди.Объектларда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлари қўлланилгани ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан 25 та тақдимнома киритилди.
Бу ҳақида алоҳида тўхталишимиз бежиз эмас. Янги турар–жойларнинг сифатли қурилгани, уларнинг шу кун талабларига мослиги юртдошларимизнинг орзу-ҳаваслари ушалишига хизмат қилади, одамларнинг турмушига янгича мазмун олиб киради. Маҳаллалар файзига файз қўшади. Ёш авлод қалбида ғурур, фахрланиш туйғуларини бахш этади. Янги массивлар ана шу жиҳатлари билан ҳам янада аҳамиятли ва қимматлидир.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг