Янги Ўзбекистоннинг яна бир обод манзили

15:02 06 Июнь 2022 Жамият
178 0

Фото: Халқ сўзи

Маҳаллаларда иқтисодий-ижтимоий муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш борасида Тошкент вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳар марказларидан олис ҳудудларни ободонлаштиришга жиддий киришилди.

Қўшни Тожикистон давлати чегарасига яқин жойлашган «Ёшлик 2» маҳалла фуқаролар йиғини Бекобод тумани чекка қишлоқларидан бири саналади. Уч минг нафардан ошиқ аҳоли истиқомат қилувчи бу манзил бор-йўғи уч ой олдин яшаш шароити оғир ҳудудлардан эди. Таъмирталаб ички йўллар лойга қоришиб ётарди. Мавжуд хонадонларда ичимлик сув муаммоси йилдан-йилга ортга сурилиб, аҳолининг оқова сувга бўлган эҳтиёжи ҳам эътиборсиз қолдирилаётганди. Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи эса оғриқли нуқталардан ҳисобланарди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида бугун «Ёшлик 2» МФЙ қайта чирой очди. Янги маҳалла гузари, Оталар чойхонаси, новвойхона, шахмат-шашка тўгараги, кутубхона, мактабгача таълим муассасаси, озиқ-овқат дўконлари, сартарошхона, ун тегирмони, автохизмат шохобчаси, гўзаллик салони, кичик футбол ўйингоҳи, “work-out” майдони сингари ўнлаб иншоотлар қад ростлади. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастури асосида ушбу бунёдкорлик ишларига орттирилган бюджет маблағлари ҳамда тадбиркорлар ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун тегишли банк кредитлари йўналтирилди.

— Бу ердаги ижтимоий муаммоларнинг жиддийлиги республика миқёсида ҳам таъкидланганди. Қўшни давлат билан чегара ҳудудидаги бу манзил туман марказидан қарийб 40 километр узоқ бўлиб, «қизил ҳудуд»лардан бири эди. Биринчи бор бу ерга ташриф буюрганимда, тўғриси, ҳолатни кўриб ўзим ҳам ажабланганман. Кўчалар лой, уйлар қаровсиз, одамлар ишсиз, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаларидан дарак ҳам йўқ... Маҳалла кўчаларини айланарканман, деярли ҳар уч-тўрт хонадондан бири дарвозасига «Уй сотилади» деган ёзувни кўрдим. Қариялар билан суҳбатлашиб, улар қалбидаги дардларини, орзу-умидларини теранроқ англай бошладим. Бизни ижтимоий-иқтисодий шароити деярли йўқ бўлган бу ҳудудда жуда катта кўламдаги ишлар, синовлар кутарди. Шу боис тезда барча сектор раҳбарларини жалб этиб, мавжуд аҳволни ўнглаш чораларини белгиладик. Кечаю кундуз фаолият юритувчи ишчи гуруҳи ва махсус штаб ташкил этилди, — дейди Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев. — Энг асосийси, барча жабҳалардан узилиб қолган чекка бир ҳудуд аҳолисида келажакка бўлган ишонч ва умидни тиклай олдик. Кечагидек ёдимда, кексалар қаршимга чиқиб, «Сиз бизга ободончилик учун зарур бўлган жиҳозлар ва қурилиш материалларни етказиб беринг, қолганига биз кафилмиз, ҳамма ишни ота-боболаримиз ўргатишганидек, ҳашар йўли билан бажарамиз», дейишди. Тўғриси, ўшанда бу сўзларни баландпарвозликка йўйгандим, янглишган эканман, аҳоли кексалар чақириғига уюшқоқлик билан жавоб қайтарди. Одамлар халқ ҳашарига оммавий равишда кела бошлади. Ҳар куни тонгда бошланган ишла, қош қорайгунча давом этди. Натижани ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қисқа вақтда обод бир манзил барпо этилди. Маҳалла кўчалари асфальт қилиниб, тозаланган ариқ ва зовурлардан оқова сув оқа бошланди. Тўрт юзга яқин хонадонлар эса ичимлик суви билан таъминланди. Маҳаллада хизмат кўрсатиш уйлари, хотин-қизларга касб ўргатувчи ўқув маркази барпо этилди. 300 метр масофада «Саломатлик йўлаги» қурилди. Ҳозир бу маҳаллада кўп жойда унут бўлган хизмат — пичоқ, қайчи, ўроқ ва кетмонларни чархлаш ва косиблик хизмати ҳам йўлга қўйилган. Ёшлар бўш вақтини шахмат-шашка тўгараги, мини-футбол майдонида ўтказяпти. Нуронийлар Оталар чойхонасида ҳордиқ чиқармоқда. Бу тажрибани вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштирмоқчимиз.

— Биринчи навбатда «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га киритилганларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди, — дейди «Ёшлик 2» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Зафар Остонқулов. — Аҳолига ажратилган 0,20 сотих ер майдонлари ҳамда енгил конструкцияли иссиқхоналарда бозоргир қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш орқали оилаларнинг моддий шароитини тиклашга кўмаклашилди. «Ҳар бир оила - тадбиркор» давлат дастури доирасида маҳаллада яшовчи ишсиз фуқароларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, қўйчиликни ривожлантириш йўлга қўйилди. «Яшил макон» дастури доирасида 12 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Қатор йиллардан буён бу ердаги ҳар бир хонадонда 0,4 сотихдан 0,20 сотихгача томорқа майдони қақраб ётарди. Оқова сув келгач, ҳар бир хонадонга серҳосил узум қаламчалари, булғор қалампири, помидор кўчатлари етказиб берилди. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар қилинди. Бугун «Ёшлик 2» МФЙ ҳудудидаги 35-умумтаълим мактаби қошида хотин-қизларга касб ўргатувчи ўқув маркази фаолият кўрсатмоқда. Олдин бу имконият қишлоқдан 35-40 километр узоқликдаги туман марказида бўлган, холос. Энди маҳалла аёллари кундуз соат 11 дан 16 гача бўлган оралиқда ўқув курсларига қатнаб, пазандалик, қандолатчилик, ошпазлик, тикувчилик, безакчилик, бичувчиликдан сабоқ олмоқда. Кейинчалик Оққўрғон туманидаги мономарказда хотин-қизларга Европа талаблари даражасидаги кийим-кечаклар тикиш сирларини ўргатаётган туркиялик мутахассисларни бу ерга ҳам жалб этиш режалаштирилмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер