Янги Ўзбекистон “Яшил макон”га айланади

15:24 25 Ноябрь 2021 Жамият
395 0

Суви зар, тупроғи зар юртимизга яшиллик, боғ-роғ ва ўрмонлар ярашади. Аждодларимиз “таёқ суқса кўкарадиган” еримизнинг айни жиҳатидан фойдаланиб, “тоза ҳаво фабрикаси” бўлган дарахтзорларни кўпайтиришга алоҳида  эътибор қаратишгани бежиз эмас. Бироқ ишлаб чиқариш, техника тараққиёти, қишлоқ хўжалигига нисбатан бирёқлама ёндашув йирик ўрмонзорлар, узоқ йиллик дарахтларга қирон келтирди. Бунинг исботи сифатида узоққа бориб ўтирмай, кимларнингдир нотўғри ташвиқоти билан аср тенгдоши бўлган чинорлар аёвсиз кесиб ташланган кечаги кунларни эслаш кифоя. Уларнинг ғорат қилиниши натижасида боғ ва хиёбонлар, кўча бўйларидан соя қочди. Масалан, азим чинорлар маскани  бўлган Наманган шаҳрида ҳам шундай номақбул  ишлардан сўнг  ёзнинг жазирамасида ўзини қаерга олишни билмай одамларнинг соя жой излаши бор гап. Тўғри, йўқотилган чинор ва бошқа манзарали дарахтлар ўрнини тўлдириш мазмунидаги ишлар ташкил қилинганидан кўз юмиб  бўлмайди. Афсуски, уларнинг кўпи номигагина, хўжакўрсинга қилинганини кўпчилик яхши билади. Ноқулай жойга ўтқазилгани, парвариши унутилгани туфайли кўчатлар авж олмади, катта қисми бир йилга етмай қуриди. Хақли равишда таъкидланаётганидек, агар кейинги чорак аср ичида экилган ниҳоллар тўла кўкарганида эди, бугун шаҳар ва қишлоқларимиз серсоя бўлиб, кўчат экишга асло жой қолмасди.

Ҳайрият, атроф-муҳит мусаффолигига салбий таъсир кўрсатиб улгурган жиддий хато тузатиладиган бўлди. Хусусан, жорий йилнинг 2 ноябрь куни  ўтказилган видеоселекторда давлатимиз рахбари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси илгари сурилиб, шаҳар ва қишлоқларда кўкаламзорлаштирилган майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга етказиш ташаббуси орқали мазкур соҳада юзага келган бўшлиқни тўлдиришнинг реал имкониятлари ўртага ташланди. Лойиҳа доирасида 200 миллион туп мевали, манзарали дарахт ва буталар ўтқазилади. Бу ҳазилакам иш эмас ва бу юмушни умумхалқ ҳаракатига айлантириш йўли билангина уддалаш мумкин. Олдинда турган вазифани каттаю-кичик ҳамма бирдай тўғри қабул қилгани кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” бошланган дастлабки кунларданоқ бутун республика ва вилоятимиз аҳли эзгу ҳаракатга чин дилдан қўшилганида яққол намоён бўлмоқда.

Уммумиллий лойиҳага мувофиқ, Наманган вилоятида 15 миллион 397 минг туп кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми 62,5 гектар ерда ташкил этиладиган 29 “жамоат парки”, 83,1 гектар ердан ўрин оладиган 30 та “яшил майдон” ҳамда кўча бўйлари, боғ ва хиёбонлар, бошқа бўш ерларга жойлаштирилади.

Ноябрнинг дастлабки ҳафтасидан старт олган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари шаҳар маҳаллаларидан тортиб, қишлоқларгача, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари, хонадонларгача қамраб олган. Айниқса, вилоятдаги мавжуд 777 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчасида ўтказилган ҳашарлар чинакам оммавий тус олди. Жойларда ташкил этилган  боғларга кўчат ўтқазиш учун каттаю-кичик кўтарилди ҳисоб. Табиийки, савоб ишнинг бошида одатдагидек нуронийлар ҳозиру нозир бўлиб, дуога қўл очдилар. Биргина Давлатобод туманида асос солинган “Янги Ўзбекистон боғи”га икки мингдан зиёд одам эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшиш учун келди. Бунинг натижасида 68 гектар майдонни эгаллаган худуд дастлабки куннинг ўзида  22 минг тупга яқин манзарали дарахт кўчатлари ва буталар билан  тўлди. Поп туманида эса шундай боғ ёнида замонавий Экошаҳарча ҳам барпо этиладиган бўлди. “Яшил макон”лар барпо этиш бўйича лойиҳалар барча туманларда ишлаб чиқилган бўлиб, улар ижроси бўйича амалий ишлар жадал  олиб борилмоқда.

Кўчат экиш бўйича ўтказилаётган зарбдор кунларда халқ таълими ходимларининг фаоллиги кишини қувонтиради. Ўтган ҳафта Наманган шаҳридаги 85-умумтаълим мактабида ўтказилган ҳашарнинг устидан чиқдик. Муаллимлар, юқори синф ўқувчилари томонидан 15 туп павлония, 40 туп каштан, 120 туп бодом, 100 тупдан олхўри кўчатлари билан тўлдирилгандан сўнг бу ердаги мўъжаз боғ янада кенгайди. Умуман олганда, таълим муассасаларининг ҳаракати яхши - мавжуд 712 та мактабда 186 минг туп кўчат ўтқазилиб, ҳудудларни яшилликка буркашга қарор қилинган.

Халқимиз юрт таровати, гуллаб-яшнаши йўлидаги интилишларни қадрлайди. Атроф-муҳит мусаффолигига хизмат қиладиган бу галги катта иш ҳам барчага бирдай маъқул тушгани лойиҳани аҳоли барча қатлами астойдил қўллаб-қувватлаётганида ёрқин кўринади. Кўплаб ҳамюртларимиз, хусусан, тадбиркорлар ҳатто боғлар яратиш борасида ўз маблағлари эвазига истиқболли лойиҳаларни ҳам таклиф қилдилар. Фидойилар орасида ўзлаштирилиши лозим бўлган ерларни танлаб олганлар анчагина. Масалан, тўрақўрғонлик икки тадбиркор тумандаги Шоҳидон адирликларининг 50 гектарида боғ яратиш ташаббуси билан чиқди. Улардан бири – етмиш ёшли Абдуғани ота Қозоқовнинг таклифи эътиборни тортади. Кекса боғбон фойдаланилмаётган ерларга сув чиқариб, 200 минг туп кўчатли боғ қилишга бел боғлаган. Бунинг учун 4,5 миллиард сўм маблағ  сарфламоқчи. Ҳисоб-китоблари жойида, ўтқазаётган кўчатларининг катта қисмини мевали дарахт ниҳоллари ташкил этиб, улар тез орада ҳосилга киради. Ўрик, олма, шафтолининг сара навларидан етиштирилган ҳосил асосан экспортга юборилади. Шунингдек,  Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларининг хар бирида 3000 гектардан жами 15 минг гектар майдонда ток кўчатларининг экилишиҳхудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, айниқса, аҳолини иш билан таъминлаш баробарида  кейинги икки-уч йилда  экспорт салоҳиятини ошириш, табиат ва экология софлиги,  инсон соғлиги ва умрини узайтиришга катта манба бўлиб хизмат қилади.

Мана, умуммиллий лойиҳа ижросига киришилганига ҳам уч ҳафта бўляпти. Шижоати баланд наманганликлар хайрли ишнинг биринчи босқичи бўлган “Долзарб 40 кунлик”да 5 миллион 700 минг тупдан ортиқ кўчат ўтқазишни кўзлаб турибди. Шу кунга қадар қарийб уларнинг ярми экилиб, парваришини назорат қилиш мутасаддиларга топширилди. Яратилажак боғлар ва “яшил майдон”ларнинг олди яқин икки-уч йил ичида бўй кўрсатади, албатта. Чунки ният холис, амал эзгу, шижоат ва иштиёқ баланд.

Икромхон НАЖМИДДИНОВ,

Наманган вилоят Нуронийлар кенгаши раиси,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?