“Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари”

20:51 11 Ноябрь 2021 Жамият
1791 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов - "Халқ сўзи"

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган тантанали байрам тадбири ана шу шиор остида ўтказилди.

11 ноябрь — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан уюштирилган мазкур тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳамкор вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар, хорижий касаба уюшма марказлари, касаба уюшма фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Тантанали тадбирда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган 5 йил давомида жамият ҳаётининг барча жабҳасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг салмоқли натижалари алоҳида эътироф этилди.

Қайд этилганидек, инсон қадри йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак баҳоланяпти.

Табиийки, олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар ташкил этиляпти.

Ўтган беш йил касаба уюшмалари ҳаётида ҳам туб бурилишга бой бўлди. Касаба уюшмалари ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири — 2019 йилнинг 6 декабрида Президентимиз томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши бўлди. Ушбу Қонун касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ваколатларини кенгайтириш имконини берди. Касаба уюшмалари инспекциялари қайта тикланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йилда бўлиб ўтган саккизинчи қурултойи иштирокчиларига йўллаган табрикда мустақил давлатимиз тарихида илк бор 11 ноябрни — “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи билдирилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ва бу 5,5 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрланди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан Касаба уюшмаларининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди.

Яна бир жиҳат. Кейинги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбирида турли ижтимоий лойиҳалар ҳамда кўрик-танловлар ғолиблари тақдирланди.

Хусусан, Ватанимиз тараққиёти ва унинг қудратини юксалтириш йўлидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Уларга ушбу мукофотни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов топширди.

Бундан ташқари, намунали фаолияти билан барчага ўрнак бўлаётган, эришган алоҳида ютуқлари билан республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ва унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, шунингдек, касаба уюшмалари нуфузини оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган турли соҳа вакилларидан 14 нафарига “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти тақдим этилди.

Шундан сўнг иқтидорли ва истеъдодли ёшларни тарбиялаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқ таълими вазирлиги иштирокида таълим муассасаларининг математика, физика, кимё, биология, инглиз тили, информатика ва ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Лауреати мукофоти” Республика кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди.

Мазкур танлов эълон қилингач унда иштирок этиш истагини билдирган 5 минг 692 нафар номзод орасидан танлов шартларига жавоб берадиган 2 минг 714 нафар ўқитувчи экспертлар томонидан саралаб олиниб, иккинчи босқичга йўлланма берилди. Иккинчи босқич иштирокчилари ўртасида ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, жами 90 нафар ўқитувчи танловнинг учинчи — Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Танловнинг республика босқичида Комиссия томонидан номзодларнинг педагогик маҳорати, касаба уюшмаси фаолияти ва меҳнат ҳуқуқи йўналишидаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.

“Янги Ўзбекистон — Янги касаба уюшмалари” шиори остидаги тантанали тадбирда ушбу танловда 1-ўринни қўлга киритган устоз ҳамда мураббийларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Лауреати мукофоти кўкрак нишони ва пул мукофотлари топширилди. 

Яна бир муҳим йўналиш. Сўнгги йилларда касаба уюшмалари тизимида халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичга олиб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси соҳадаги барча халқаро ташкилотлар ва халқаро касаба уюшмалари марказлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилди, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

Мазкур ҳамкорлик самараси ўлароқ, тантанали байрам тадбирига қардош мамлакатлар касаба уюшмалари ва халқаро касаба уюшма марказлари вакиллари ҳам ташриф буюрди. Жумладан, Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатыбылды Даулеталин, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо Махмадшо, Миср Араб Республикаси коммунал корхоналар ходимлари касаба уюшмаси Президенти Хешам Ахмед Фуад Ахмедга ҳам “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти топширилди.

Қолаверса, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммо ва мурожаатларини ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшаётган фаолларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиз ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши маҳалла раиси”, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши сектор раҳбари”, гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Аёллар дафтари” орқали кўмак олиб, иш ўрни яратган ва маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор аёллар ўртасида “Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти учун танловлар ўтказилди.

Тадбирда ушбу танловларда 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга диплом ҳамда Президент совғаси сифатида “Gentra” автомобили, 2-ўринга сазовор бўлган иштирокчиларга диплом ҳамда Президент совғаси сифатида “Cobalt” автомобили, 3-ўрин эгаларига диплом ва Президент совғаси сифатида “Spark” автомобили калитлари тақдим этилди.

Ғолибларга мукофотларни Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Норбоева ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ. Рафиқов топширди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тадбирнинг навбатдаги тақдирланувчиси Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби оғир атлетика бўлими мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, “Шуҳрат” медали соҳиби Фарҳод Мирзажонов бўлди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, Ф. Мирзажонов ўзининг устозлик фаолияти давомида эришаётган муваффақиятлари билан ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, Ўзбекистонда спортнинг оғир атлетика турини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг шогирдлари Осиё, Халқаро ва Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келаётир. Мисол учун, шогирди Акбар Жўраев шу йил Токио шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Олимпия рекордини ўрнатиб, олтин медаль соҳиби бўлди. Яна бир шогирди Муаттар Набиева эса худди шу Олимпиадаси ўйинларидаги даст кўтариш мусобақасида рекорд натижани қайд этди. Ушбу жиҳатлар инобатга олиниб, спорт мураббийи Фарход Мирзажонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус совғаси сифатида “Мalibu” автомобили билан тақдирланди.

Тантанали тадбирнинг тақдирлаш қисмидан сўнг иштирокчилар учун таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди. Она Ватанимиз тараннум этилган куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?