Янги Ўзбекистон: Орзулар воқеликка айланади

08:21 05 Август 2021 Жамият
264 0

Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Уйғониш даври” деган иборалар барчанинг эътиборида. Ўзаро суҳбатларда, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кимдир бу гапга астойдил ишонганига, кимлардир эса шубҳа билан қараётганига, ҳатто киноя қилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Муносабатлардаги бундай фарқланишнинг боиси нимада, деган савол кишини ўйлантириб қўяди.

Мустақилликка эришганимиздан кейинги дастлабки ўн йилликларда ижобий ўзгаришларни узоқ кутган, берилган қанчадан қанча ваъдалар бажарилмаганини кўрган кишилар, албатта, ишонмайди. Баравар мустақилликка эришган, ресурслари ҳаминқадар кўплаб давлатлар ўтган йиллар давомида ривожланишда биздан анча ўзиб кетди. Бу очиқ кўриниб турган ҳақиқат. ўоят бой ресурсларга эга Ўзбекистон эса тараққиётда орқада қолиб кетди? Бунинг сабаблари анча чуқур. Улардан баъзилари ҳақида фикр юритишга жазм қилдик.

Биз ютқаздик, бошқалар ютди

Ривожланаётган давлатлар учун чет эл инвестицияси, янги техника ва технологиялар — иқтисодиётни равнақ топтиришнинг энг муҳим омили, локомотивидир. Юртимизда истиқлолдан кейин чет эл сармоядорлари бу ишга жалб қилинган, лекин уларнинг фаолиятига турли тўсиқлар қўйилгани учун ривож топмаган эди. Чет эллик сармоядорлар фабрикалар қурди, янги техника ва технологиялар олиб келди. Аммо коррупцияга ботган баъзи амалдорлар давлат манфаатини эмас, ўз чўнтагини ўйлагани учун уларга таъма кўзи билан қаради, бермаса ишлагани қўймади. Конвертацияга сунъий равишда тўсиқ қўйилди. Бундай шароитда миллионлаб валюта олиб келган сармоядорлар мавжуд вазиятга мослашиш йўлини тутиши, кимларнингдир “оғзини мойлаб”, пулларини “қора бозор”да валютага айлантириб, яширинча олиб чиқиб кетишга уриниши турган гап эди. Қонунларни бузган, четлаб ўтган одамлар қилмишига яраша жавоб берди ҳам, жавоб бериши ҳам керак.

Лекин уларни шунга ким мажбур қилди, қонунни бузишга атайлаб йўл қўйиб берилмадими? Фабрикани қургунча қанчадан-қанча сармоя, меҳнат керак. Фабрика битиб, фойда келтира бошлаганидан кейин у кимларгадир зарур бўлиб қолди, “эгаси” чиқди. Охир-оқибат буларнинг ҳаммаси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказди, инвесторлар мамлакатимизда иш қилиш мумкинлигига ишонмай қўйди.

Ҳозирги кунда ҳам айрим давлат идораларидаги бюрократизм, сансалорлик ишнинг белига тепаётгани сир эмас. Мамлакатни орқага тортаётган жиҳатлардан бири — коррупция бўлса, иккинчиси — бюрократик сансалорликдир. Аммо турли бўғиндаги амалдор ва амалдорчалар буни тушуниб етмайди ёки тушунгиси келмайди.

Бир мисол келтирай. Президентнинг ташаббусига амалий жавоб сифатида Туркиядан Даниэл Гочитидзе исмли бир сармоядор Ўзбекистонга келди. Унинг фирмаси, асосан, электр энергияси ишлаб чиқарадиган корхоналарни барпо этади, бундан ташқари, темир йўл, асфальт йўллар ҳам қуради. Электр энергияси тақчиллиги мавжуд бўлган бизнинг шароитимизда бундай сармоядорни қучоқ очиб кутиб олиш керак. Хуллас, Энергетика вазирлигига (у вақтда агентлик эди) масалани ўрганиш учун мурожаат қилдик. Вазир иш билан бир жойга кетган экан, ўринбосарлари нималарнидир баҳона қилишди ва бошқарма бошлиғига йўллашди. У бўлса, бўлим бошлиғига... Бўлим бошлиғи аёл киши экан. Жавоб нима бўлди дерсиз: “Сиз бизга бир ҳафта ёки бир ой олдин ёзма равишда мурожаат қилишингиз керак эди. Кўриб чиқиб, жавобини айтардик”. Эй, сингилжон, республикага сармоя керак, сармоядор ўз оёғи билан келиб турибди, мамлакат равнақи учун ўн дақиқа вақтингизни дариғ тутасизми? Шундан кейин янги инвестиция шароити ўрнатилганини, янги йўлни эслатишга тўғри келди. Аёл дарров ўзгарди, паст тушди ва янги йилнинг биринчи чорагида танлов ўтказилишини ва шунда қатнашиши кераклигини айтди. Бу ҳам ғалати. Чунки танлов давлат лойиҳалари учун ўтказилади. Лойиҳага пулни давлат ажратади. Бу ерда бўлса, сармоядор ўз пулимга шамол ёки қуёш электр станцияси қураман, таваккал ўзимга оид, фақат ишлаб чиқарадиган энергиямни давлат баҳосида сотиб олишга кафолат берсангизлар, бас, деб турибди-ку! Унга фақат ер майдони ажратиб берилса, шароит яратилса, кифоя. Хуллас, бу бюрократик сансалорликни кўрган сармоядорнинг ихлоси қайтди ва юртига жўнаб кетди. У ҳозир Грузияда фаолият олиб бормоқда. Ким ютди? Биз ютқаздик, бошқалар ютди. Бир бюрократ, консерватор ходимнинг муомаласи тикланаётган ишончни йўқотади.

Яна бир мисол: ўн йиллар олдин Нидерландиядан бир ишбилармон юк машиналари шиналарини совуқ усулда таъмир қиладиган фабрика қуриш таклифи билан келди. Бизда ўшангача шиналар иссиқ усулда таъмирланар, бироқ шиналар узоққа бормасди. Совуқ усулда таъмирланса, шиналар 60 минг километрга чидаб берар, бир шинани тўрт маротаба қайта таъмирлаш мумкин эди. Бунинг нечоғли фойда беришини ҳисоблаб чиқиш унчалик қийин иш эмас. Хуллас, нидерландияликлар билан музокаралар бошланди. Зангиота тумани ҳокими меҳмонларни жуда яхши қабул қилди, қўллаб-қувватлади. Самарқанд йўли устида жойлашган ва бўш ётган автопаркни ижарага олиш шартномаси тузилди. Ишлар бинойидек бораётган эди. Шартномалар тузилгани, туман раҳбариятининг қўллаб-қувватлашига ишонган ишбилармон Нидерландиядаги станокларини йиғиб, қутиларга жойлаштирди ва вақтинчалик сақлаш учун омборга топширди. Сақлаш харажатларини ҳам тўлаб турди, албатта. Ниҳоят юқори доирадан рухсат олишга келганда иш чўзилиб кетди. Уч ойча сарсон бўлган нидерландиялик бир куни бу ишдан воз кечганини айтди. Сабабини сўраганимда, юқоридаги амалдорнинг катта миқдорда пора истаганини айтди. “Сизнинг амалдорларингиз мамлакат фойдасини эмас, чўнтагини ўйлар экан”, деди у. Хуллас, улар Қозоғистонга кетишга қарор қилишди ва у ерда уч кун ичида фирмани рўйхатдан ўтказиб, бир ойга қолмай иш бошлаб юборишди. Савол туғилади: ким ютди? Яна биз эмас, бошқалар ютди.

«Бизга ишлайдиган қонун кафолати керак»

Туркиядан келган бир сармоядор билан суҳбатлашганимда у Ўзбекистонда фабрика қуриш ниятида эканини, маблағлари ҳам етарли эканини айтди. Маълум бўлишича, бу сармоядор вилоят раҳбари билан учрашган, ҳоким унга иш бошлайверинг, мен кафилман, деган. Бу гапни эслар экан, у кулди ва “Ҳокимнинг кафолат бергани кўп яхши. Лекин эртага у бошқа ишга ўтиб кетиши мумкин. Янги ҳоким у айтган кафолатни тан оладими, йўқми, бу менга қоронғи. Бизга ишлайдиган қонун кафолати керак. Ўзбекистон шу жиҳатдан оқсамоқда, бу эса ишбилармонларни ҳуркитмоқда”, деган эди. Бинобарин, сармоядорга амалдорнинг кафолати эмас, давлатнинг кафолати даркор. Унинг ҳуқуқлари давлат томонидан қўриқланиши, фаолияти қонун йўли билан кафолатланиши зарур.

Ўзбекистонга халқаро миқёсда ишончни тиклаш учун айни давлат кафолати механизми оқсамасдан ишлаши керак. Янги даврда бу ишончни қайта тиклаш учун ғайрат қилинмоқда, сармоядорларга кафолат берилмоқда. Конвертацияни ҳам бемалол йўлга қўйиш мумкин экан. Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи кунларданоқ четдан инвестиция келтириш масаласини ўртага қўйди ва очиқ эшиклар сиёсатини юргиза бошлади. Эндиликда чет элда Ўзбекистонга ишонч тикланмоқда, сармоядорлар кела бошлади. Бу — янги даврнинг, янги сиёсатнинг меваси.

Ўзбекистон аҳолисининг деярли 60 фоизи қишлоқда яшайди. Бинобарин, юртимизда ер ислоҳоти ғоят долзарб вазифадир. Истиқлолдан кейин кўп ўтмай жамоа хўжаликлари — колхозлар тугатилди ва фермер хўжаликлари ташкил топди. Лекин бу ишда ҳам шошмашошарликка йўл қўйилди, собиқ колхозчининг ҳаётий манфаатлари ҳисобга олинмади. Бир вақтлар, аниқроғи, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида ўша колхозчининг ота-боболари колхоз тузилаётган вақтда ери, ҳўкизи, омочи, хуллас, ишлаб чиқариш воситаларини умумлаштириш асосида жамоа хўжалигига аъзо бўлиб кирган. Бироқ жамоа хўжаликлари тугатилган вақтда аъзолар ҳеч нарсасиз қолди. Фермерга ер ажратиш борасида ҳам тўхтовсиз ўзгаришлар қилинди, ижарага берилган ер майдони гоҳ кенгайтирилди, гоҳ қисқартирилди. Тажрибалардан безган деҳқон кимга ишонишини билмай қолди.

Бозор иқтисодиёти шароитида ер эгасига — деҳқонга қайтарилиши, хусусийлаштирилиши керак. Давлат ёки харидор ўзига керак маҳсулот, чунончи, пахта, дон экинлари ва ҳоказолар учун йил бошидан унга буюртма бериши, шартнома тузиши, кредит ажратиши, ўғит ҳамда ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқалар билан таъминлаши, маҳсулот йиғиб олингандан кейин ҳисоб-китоб қилиши даркор. Кейинги икки-уч йил ичида бу борада ҳам янгиланиш кўзга ташланди — кластер тизими жорий этилмоқда.

Банклар деҳқондан олган кредити фоизини дарҳол, ойма-ой тўлашни талаб қилади. Бу иш ҳосилни йиғиб олгандан кейин бўлгани яхши. Акс ҳолда, у моддий жиҳатдан қийналиб қолади. Деҳқонга бериладиган кредит шартларини такомиллаштириш керак.

Деҳқондан маҳсулот сотиб олишда ҳам рақобат муҳитини яратиш ғоят муҳим. Олувчи битта эмас, бир нечта бўлса, деҳқон яхши баҳо берган харидорга молини сотади. Шунда унда моддий манфаатдорлик пайдо бўлади, иқтисоди, турмуши яхшиланади.

Мамлакатни коррупция тўри чулғаб олган бир шароитда ривожланиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биргина иқтисодиётда эмас, мамлакатнинг ҳуқуқ ташкилотлари, ўқув ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳам аҳвол шундай эди. Ҳозирги кунда аҳволни ўнглаш учун қатъий чоралар кўрилмоқда, қўлга тушган порахўрлар жазога тортилмоқда, янги, ёш кадрларга ишонч билдириляпти. Лекин ўйлаб қолади киши: коррупцияга ўзимиз, оддий юртдошларнинг ўзи ҳам сабаб бўлмаётирми?

Аёлимиз хасталаниб, пуллик шифохонага ётқизишимизга тўғри келди. Арзон эмас, кунига фалон сўм. Шифохона пуллик бўлгани учун врачлар ҳам шу ҳисобдан яхши маош олишади, ҳалоли бўлсин. Шифохонанинг шароити яхши, камёб дори-дармонлар бор. Лекин мени ажаблантирган нарса, фалон пул тўлаб, барча харажатни қоплаб қўйган айрим беморларнинг ўзи врачларнинг чўнтагига пул тиқиштирди. Бошқача айтганда, беморнинг ўзи докторни йўлдан урмоқда. Пуллик шифохонада хизмати учун катта маош олиб турган бўлса-да, врач пора бермаган касалга яхши қарайдими? Гумон! Албатта, мен шифокорларнинг ҳаммасини порахўрга чиқариш фикридан йироқман. Уларнинг орасида чинакамига фидойи, ҳалол, жонкуярлик билан ишлайдиганлари кўп. Лекин нафс бир бало, унга қул бўлсангиз, йўлдан озасиз.

Ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади

Дарвоқе, “ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади”, деган гап бор. Лекин дўппини олиб қўйиб ўйлаб кўрсак, йигирма — йигирма беш йил ичида илм-фан, маориф, таълим соҳамиз қаттиқ оқсаганини, орқага кетганини кўришимиз мумкин. Бу даврда олий ўқув юртини битирганларнинг анча-мунчаси пул, пора эвазига диплом олгани сир эмас. Албатта, чинакамига риёзат чекиб, ҳақиқий мутахассис бўлиб етишганлар бор, улар мустасно. Таниш-билиш, пул ҳисобига ўқишга кирган, битирган кадр агар раҳбар бўлиб қолса, қобилиятли ходимларга асло йўл бермайди, тўғаноқ бўлади. Бу эса корхона, соҳанинг, охир-оқибат жамиятнинг орқага кетишига сабаб бўлади, халқ ишончига путур етади.

Малакали, билимли кадр тайёрлаш бобида қайси олий ўқув юртимиз жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан беллаша олади? Ижобий жавоб бериш мушкул. Интернетдаги маълумотларга қараганда, жаҳон олий таълим даргоҳлари рейтингида Ўзбекистоннинг биронта университети энг пешқадам 1000 талик ичида йўқ. Энг нуфузли Ўзбекистон Миллий университетимиз 4080-ўринда. Ҳолбуки, Қозоғистоннинг 10 та университети мингталикка кирган, бу йил биттаси 200 таликдан ўрин олди. Нимамиз кам? Билимли профессор-ўқитувчиларимиз қаёққа кетди? Олий ўқув юртларига янги бинолар қуриб берилмоқда, компьютерлар билан таъминланмоқда. Университет ва институтларимизнинг моддий-техника базасини янгилашни давом эттиришимиз керак. Бир вақтлар фақат Ўзбекистон ва қўшни республикаларгагина эмас, бутун жаҳонга малакали, билимли кадрлар етказиб берган институтларимизнинг моддий-техника базаси ҳозирги давр талабларига жавоб бермайди.

Миллатга, янгиланаётган Ўзбекистонга билимли кадрлар сув ва ҳаводек зарур. Бу эса мактаб, олий ўқув даргоҳининг моддий-техника базаси замонавий бўлишидан ташқари, ишлаётган ўқитувчиларнинг илмли, ватанпарвар, ҳалол бўлишини тақозо этади. Маънавияти бой ўқитувчи маънавиятли шогирд тарбиялайди. Талабанинг қўлига қарайдиган тамагир домлада маънавият нима қилсин? Шогирд ҳам ўша йўлдан кетмайдими?!

Бугунги кунда билимли, ватанпарвар, ҳалол кадрлар етишмаётгани яққол билиниб қолди. Шу боис давлатимиз раҳбари кадрлар тайёрлашни биринчи галдаги вазифалардан бири сифатида ўртага қўйди ва бу соҳада туб бурилишларни бошлаб берди. Албатта, бу иш осон бўлаётгани йўқ, чигалликлар, очиқ ва яширин қаршиликларни сабот билан бартараф этиш эвазига амалга оширилмоқда. Аммо муҳими, янгиланиш, ўзгариш йўлига ўтилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши бир неча марта оширилди. Уларнинг маоши ҳозирча чет эллик ҳамкасабалариникидан кам, лекин яқин келажакда тенглашиши аниқ. Бу йўлда собитқадам бўлинса, қўйилган мақсад қатъият билан амалга оширилса, албатта, кутилган натижага эришилади. Иқтисодиётда бўлгани каби маънавий соҳада, ўқиш-ўқитишда ҳам соғлом рақобат муҳитини юзага келтириш муваффақият гаровидир. Рақобат — тараққиёт локомотиви. Мамлакатимизнинг раҳбари соғлом рақобат муҳитини яратишга урғу бераётгани бежиз эмас.

Ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан озод қилиб, эътиборини малакали билим беришга йўналтириш чорасини кўриш даркор. Уларга маош, мукофот тўлашда рейтинг системасини қўллаш ижобий натижа бериши турган гап. Яхши ўқитган, ҳалол меҳнат қилган домла ҳамкасбидан каттароқ маош, мукофот, унвон олсин. Буни кўриб-билиб турган бошқа ўқитувчилар ҳам шундай ишлашга ҳаракат қила бошлаши равшан. Бу ўринда ўқитувчиларнинг рейтингини аниқлашда таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик эмас, ҳалолликка риоя этилиши лозим, албатта. Бинобарин, фақат таълим эмас, барча соҳада ходимларнинг билим, малака рейтингини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш галдаги муҳим ҳамда долзарб масаладир.

Маънавият бобида натижалар нимага боғлиқ?

Маънавият ҳақида кўп ва хўб гапирдик, турли тадбирларга миллионлаб пуллар сарфладик, аммо кутилган натижага лозим даражада эришолмадик. Аксинча, ёшларимиз орасида аждодларимиздан мерос қолган буюк маданиятдан, қадриятларимиздан узоқлашиш, чет элга кўр-кўрона сажда қилиш кўринишлари кун сайин кўпайиб бормоқда. ўарбнинг “оммавий маданият”и ижтимоий ҳаётга, турмушимизга тобора чуқурроқ кириб бораётгани кишини ташвишлантирмай қолмайди. Чунончи, тўйларимизда келиннинг орқага гул отиши, қизлар қийқиришиб илиб олишга ҳаракат қилиши, илиб олган омадли қизнинг “Эрга тегиш навбати меники экан” қабилида қийқириши қайси миллий анъаналаримизга тўғри келади? Ўзбекона ҳаё қаерда қолди?!

Пирамида шаклида терилган қадаҳларга вино ёки арақ қуйилиши, келин-куёвнинг дўстлари “отиш”да бошқаларга “намуна” бўлиши ҳам одат тусига кириб қолди. Бундай пайтда ўзбекона андиша, одоб-ахлоқ, имон-эътиқод унутилади.

Кўпчилик ёшлар бугун “Туғилган кунинг билан табриклайман!” сўзларини ўзбекча айтишга орланадиган бўлишди. Инглизча айтиш маданиятлилик нишонаси эмиш.

Буларнинг ҳаммаси миллий қадриятларимизни қадрловчи ҳар бир кишининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Булар майда гапдек туюлиши мумкин. Лекин майда гап бора-бора йирикка айланади, учқундан аланга чиқади. Беэътибор бўлмаслик керак. Буларнинг ҳаммаси миллий қадриятларимизнинг емирилишига олиб боради.

Ёшларимизни маънавий-руҳий бой кишилар қилиб тарбиялашда иккита кучли восита — кино ва китобнинг жамиятда тутган ўрни беқиёс. Томошабинга йиллар давомида жиддий ижтимоий масалаларни кўтариб чиқадиган, фикр уйғотадиган фильмлар эмас, (баъзи фильмларни истисно қилганда) асосан, сийқаси чиққан, енгил-елпи, маиший мавзулардаги нарсалар фильм дея тақдим қилинди. Қайнона-келин можароси, бузуқ келин асосий мавзу бўлди. Тўғри, қайнона-келин можароси орқали ҳам муҳим ижтимоий масалаларни кўтариб чиқиш мумкин. Аммо масаланинг бу жиҳати доим эътибордан четда қолди. Томошабин ҳам шунақа бадиий саёз фильмларга ўрганди, жиддий киноларни кўрмас бўлди.

Бир телекўрсатувда таниқли актёрларимиздан бири билан баҳслашиб қолдик. “Сиз қобилиятли актёрларимиздансиз. Нега енгил-елпи, томошабинда фикр уйғотмайдиган фильмда роль ўйнашга рози бўлдингиз?” деб савол берсам, “Бу фильмларни давлат эмас, хусусий ширкатлар суратга олди, сценарийни ўшалар ёзган”, дея жавоб қайтарди. “Аввало, ўша хусусий ширкат эгасига ижтимоий фикр уйғотадиган, даврнинг муҳим, керакли масалаларини кўтариб чиқадиган сценарийлар таклиф қилсангиз, йўқ дейишмасди-ку, ахир хусусийми, давлат буюртмасими, сиз фильмни халққа беряпсиз-ку”, деган эътирозимга актёр жавоб тополмай жим қолди. Охири “Биз ҳам яшашимиз керак, бола-чақамиз, рўзғоримиз бор”, деди зўрға хижолат бўлиб.

Бу ерда кино соҳамизнинг оғриқли нуқталари ўз аксини топиб турибди. Бир таниқли актёримиз ижтимоий тармоқда кино артистнинг кунлик иш ҳақи бир эшакнинг ижара ҳақидан арзонлиги тўғрисида куйиниб ёзди. Актёр хонанда эмаски, “отар”га бориб, муллажиринг ишласа. Театрларимизда меҳнат қилаётган актёрларимиз орасида бой бўлиб кетганлар йўқ ҳисоби, кўпчилиги рўзғорига етадиган пул топса, боши осмонда. Ҳозирча актёрларга чет элдагидай ҳақ тўлаш имкони йўқ. Аммо фильмга ажратилган маблағ тўғри сарфланса, “ол-ол”, “узат-узат”ларга барҳам берилса, уларнинг иш ҳақини муайян даражада кўпайтириш мумкин. Кино соҳамиз жиддий ислоҳотларга муҳтож экани ой ва кундек равшан.

Кейинги даврда бу соҳада ҳам ўзгаришлар содир бўлаётир. Кино ходимлари иш шароити яхшиланмоқда, ижодий жараёнларда фойдаланиш учун янги техникалар сотиб олинмоқда, энг муҳим томонларидан бири — соҳада рақобат пайдо бўлмоқда. Маданият вазирлиги “Ўзбеккино” (ҳозирги Кинематография агентлиги)га рақобатчи сифатида Туркиянинг “Бўздағфильм” ширкати билан кўп серияли “Мендирман Жалолиддин” фильмини суратга олгани бу соҳада рақобат, ўзгариш, янгилик пайдо бўлганига далолатдир. Бугунги кун вазифаларига мос равишда томошабинга ўрнак бўладиган қаҳрамон образини яратиш ғоят муҳим вазифа бўлиб турибди. Мазкур сериал шу йўлдаги дастлабки қадамлардан бири бўлди. Бу сериал ҳақида турли: яхши фикрлар ҳам айтилди, бир таниқли профессионал режиссёримиз юксак баҳо берди, айни чоғда танқидий мулоҳазалар ҳам билдирилмоқда. Ҳатто бир таниқли журналист ижтимоий тармоқда “Бу кинони ҳеч ким кўрмайди”, деб ҳам ёзди. “Миллий” телеканали раҳбарларидан бир сўраб кўринг, қанча илтимослар, таклифлар тушган экан? Ўша талаб ва таклифлар асосида сериал қайта намойиш қилингани бежиз эмас. Бу сериални нафақат Ўзбекистон, балки Россия, Араб ўлкалари, Покистон, Малайзия ва бошқа бир қанча мамлакатларнинг томошабинлари ҳам илиқ қаршилади. Ҳозирча сериални 8 та мамлакат, жумладан, Покистон ва Малайзия харид қилишга талабгор бўлиб чиқди. Бу муваффақият эмасми? Ўзбек деган ном дунёга чиқмоқда, ўзбек ўғлони, миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангубердини жаҳон танимоқда. Фильмда камчиликлар бўлиши мумкин. Иш бор жойда камчилик бўлади, хатодан қўрққан ишламайди. Турли фикрлар айтилиши табиий, шундай бўлиши ҳам керак. Холис фикрлар сериалнинг кейинги мавсумларини суратга олишда эътиборга олинади, албатта.

Ғоят кучли мўъжиза — китоб

Маънавиятни шакллантирадиган ғоят кучли мўъжиза — китобдир. Ўтиш даври мушкулликлари сабабли китобга эътибор сусайгани, китоб ўқиш ҳаваси сўнгани сир эмас. Ота-оналарнинг ўзлари китоб ўқимаганидан кейин болалар китоб ўқирмиди?! Бозор иқтисодиётини пул топишдан иборат деб билиб, моддият кетидан қувганлар маънавиятни унутишди, пировардида жабрини ҳам тортишди.

Маънавий қашшоқ кимса, эзгуликдан узоқ бўлади, ҳар қандай разилликдан тоймайди. Боласининг ота-онани ҳурмат қилмаслигидан, турли офатларга — гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, фаҳшга мубтало бўлганидан, ҳатто жиноятдан тоймаслигидан шикоят қиладиганлар мундоқ танасига бир ўйлаб кўрмайдими: фарзанди китоб ўқидими, уқдими, бу борада авлодига ўзи ўрнак бўлдими? Худбинлик инқилоби содир бўлаётган бизнинг давримизда китобга меҳр уйғотиш турли иллатларнинг олдини олишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Баъзи кишилар “Китоб қиммат бўлиб кетди, сотиб олишга пулимиз етмайди”, деган баҳонани рўкач қилишади. Фарғонада китобхонлар билан ўтказган бир учрашувимизда залда ўтирган ўрта яшар йигит “Китоб олишга пулимиз йўқ”, дея эътироз билдиргани эсимда. Шунда гап орасида унга мурожаат қилдим: “Ука, бугун сизникига меҳмонга борсак, нима дейсиз?” “Бош устига, жуда хурсанд бўламан”, деди йигит. Шундай жавоб бериши табиий эди, чунки фарғоналиклар меҳмондўстлиги билан танилган. Давом этдим: “Таом билан ичишга бир-икки шиша арақ ҳам қўясизми?” Саволдан залдагилар ҳайрон: бу қанақа сурбет меҳмон бўлди, арақни сўраб оляпти? Укамиз деди: “Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас, икки шиша эмас, бир яшик арақ сиздан айлансин!” Кулдим. Сўнгра дедим: “Ука, бизни сизникига меҳмонга борди, деб ҳисобланг. Овқатни қўя турайлик, ўша икки шиша арақнинг пулига ҳеч бўлмаса бир яхши китоб беради. Болангизга олиб беринг”. Залдагилар қарсак чалиб юборишди.

Эътирозларда жон бор, китоб қиммат. Чунки қоғоз, матбаа харажатлари, ададнинг озлиги таннархга таъсир ўтказмай қолмайди. Аммо қидирган имкон топади. Ноширчилик соҳасида юзага келган муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари тўғрисида тўхталиб ўтиш жоиз. Пойтахт нашриётларида яхши китоблар, жаҳон адабиётининг дурдоналари нашр этилмоқда, лекин кўп ҳолларда улар вилоятларга етиб бормаяпти. Бир вақтлар китоб савдосига масъул алоҳида ташкилот бўларди, у ерда раҳматли Сотволди Йўлдошев каби ўз ишининг профессионаллари ишлар, қайси китоб қаерда кўпроқ сотилишини беш бармоқдай билар, шу асосда нашриётларга буюртма берар эди. Бундан ташқари, тўққиз мингдан ошиқ мактаб кутубхонаси, ўн мингтача қишлоқ кутубхоналари биттадан китоб талаб қилгувчи эди. Ҳар бир вилоят марказида икки қаватли китоб дўкони, ҳар бир туманда биттадан китоб дўкони бор эди.

Соҳадаги ўпирилиш айни китоб савдосини йўқ қилишдан бошланди. Ўша вақтдаги қўмита раҳбари китоб савдосидаги профессионал кадрларни қувғин қилди, бу борада алифни калтак дея олмайдиган танишларини ишга жойлади, барча китоб дўконларини турли баҳоналар остида сотиб, пул қилди. Ислоҳот ниқоби остида муайян соҳага йўналтирилган нашриётларни тугаттирди. Ҳолбуки, бу нашриётлар хўжалик ҳисобида ишлаб турган, ўзини ўзи боқаётган, давлатга ҳеч қандай зиён келтирмаётган эди. Ваҳоланки, ҳатто зарар келтирган нашриётни ҳам фойдага чиқариш йўллари бор. Нашриётни акциядорлик жамиятига айлантириш, биринчи навбатда, нашриёт жамоасига, кейин истовчиларга акцияларни сотиш орқали вазиятдан чиқиш мумкин эди. Лекин бундай қилинмади.

Ўтган ўтди, бўлган бўлди, энди бўладиган ишлар тўғрисида бош қотириш хайрлидир. Шавкат Мирзиёев китобдан узоқлашиш маънавий қашшоқликка етаклашини яхши билгани учун ҳам Президентликка сайланганидан кейиноқ ташлаган биринчи қадами китоб ва китобхонлик ҳақида махсус фармойиш чиқариш бўлди. Унинг ташаббуси билан бир неча йил бўлдики, энг кўп китоб ўқиган ёшлар енгил автоулов билан тақдирланмоқда. Дунёнинг қайси мамлакатида китоб ўқигани учун автоулов беришади? Қатъий айтиш мумкинки, ҳеч бир мамлакатда. Лекин китоб ўқишдан мақсад моддий тама эмас, маънавий дунёсини бойитиш, фикрини чуқурлаштиришга қаратилса, нур устига нур!

Ноширлик ишини такомиллаштириш, босилаётган китобларни арзонлаштириш, уларнинг вилоятларга етиб боришини таъминлаш замона талабларидан келиб чиққан ҳолда шошилинч чоралар кўришни тақозо қилмоқда. Аввало, Ўзбекистоннинг қоғоз мустақиллигига эришиш керак. Бизда қоғоз ишлаб чиқаришда асосий материал бўлган ёғоч, ўрмон йўқ. Лекин шолипоя, ғўзапоя истаганча топилади. Бир вақтлар ҳисоб-китоб қилганимизда, республикада 300 минг тонна шолипоя нобуд бўлиб кетишини аниқлаган эдик. Шолипоядан бемалол қоғоз ишлаб чиқариш мумкин. Бинобарин, республика эҳтиёжини тўлиқ қондирадиган, ҳатто қўшниларга сотиш имконини берадиган замонавий қоғоз фабрикасини барпо этиш муҳим. Бу борада айрим ишлар бошлангандек эди, лекин, билишимча, негадир ярим йўлда тўхтаб қолди. Хитой, Туркиядан бу ишга сармоядорларни жалб қилса бўлади.

Иккинчидан, китоб маҳсулотидан олинадиган солиқлар, қўшимча қиймат солиқларини токи соҳа ўзини ўнглаб олиши мумкин бўлган ўн йилгача бекор қилиш ёки минимал даражага тушириш керак. Бундай тажриба бор: ҳунармандларга нисбатан шундай имтиёзлар жорий этилган ва бу соҳа ўзини ўнглаб олган эди. Ахир миллат учун китобнинг аҳамияти ҳунармандчилик маҳсулотларидан кам эмас-ку!

Ноширларга бундай имтиёз берилиши китоб таннархини арзонлаштиришга, ададини кўпайтиришга, пировардида арзон нархдаги китобнинг эгасига тезроқ етиб боришига хизмат қилиши турган гап.

Учинчидан, соҳани профессионал, билимли кадрлар билан мустаҳкамлаш замон талабидир.

Тўртинчидан, китоб савдоси соҳасини тубдан яхшилаш лозим. Ҳозир бу иш чакана савдо қилувчилар қўлида. Бу ёмон эмас, лекин замон талаблари даражасида эмаслиги аён. Нашриёт нархи устига китоб сотувчилар 40 фоизгача устама нарх қўйишади. Тушуниш мумкин, нақлиёт харажатлари, ходимларнинг иш ҳақи ва ҳоказо. Агар китоб савдоси марказлаштирилса ва муайян енгилликлар берилса, китоб нархи арзонлашади.

Яқин келажакда иқтисодий тараққиёт натижасида биз ҳам ривожланган мамлакатлар даражасига етиб оламиз деб айтиш учун асослар бор. Учинчи Уйғониш даври пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинмоқда. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда қилинаётган ўзгаришларни кўрмаслик ёки кўриб кўрмасликка олиш гумроҳликдир. Сўнган умидлар бугун ишончга, ишонч эса воқеликка айланаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўтмишдан қолган муаммолар бисёр, уларни бартараф қилиш, Ўзбекистонни тараққиёт йўлига олиб чиқиш ҳаммамизнинг бир ёқадан бош чиқаришимизни, жипсликни, сабр-бардошни тақозо этади. Интернетда, ижтимоий тармоқларда, суҳбатларда камчилик ва нуқсонларни ҳадеб пеш қилиб, нолийвериш ўрнига бунёд этилаётган янги Ўзбекистон биносига ҳеч бўлмаса, битта ғишт қўйиш марднинг ишидир. Ана шунда бугун орзу бўлиб турган учинчи Уйғониш даври воқеликка айланади.

Бобохон МУҲАММАД ШАРИФ,
ёзувчи, ношир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?