Янги ўқув йилидан бошлаб хорижлик энг малакали профессор-ўқитувчилар ҳам талабаларга дарс бера бошлайди — Абдуқодир Тошқулов
Фото: Gazeta.uz
Олий ва ўрта махсус таълим вазири, кузатув кенгаши раиси Абдуқодир Тошқулов академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллиги берилган Термиз давлат университети кузатув кенгашининг дастлабки йиғилишини ўтказди.
Маълумки, «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга мувофиқ мамлакатимизда 35 та олий таълим муассасасига молиявий мустақиллик берилди.
Йиғилишда олий ва ўрта махсус таълим вазири, кузатув кенгаши раиси А.Тошқулов мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритиб, молиявий, академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллиги берилган олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгаши фаолияти ва вазифалари ҳақида маълумот берди. Жорий йил бошидан молиявий мустақиллик берилган Термиз давлат университетининг васийлик кенгаши тугатилиб, ўрнида давлат идоралари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз кузатув кенгаши ташкил этилди ва тасдиқланди.
Йиғилишда Термиз давлат университети кузатув кенгаши низоми, йиллик иш режаси, узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожланиш дастури, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чора-тадбирлари, бизнес режаси, даромадлар ва харажатлар параметрларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомлар, раҳбар ходимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари (KPI) ҳам жорий этилди.
— Биласизлар, мен ҳам ректор бўлганман, — деди А.Тошқулов. —Афсуски, битта чиқинди идиши олишга пул йўқ эди. Энди мана, маблағ бор. Фақат уни мақсадли ишлатиш керак. Пойтахтда 16 қаватли аспирантлар уйи қуришни режалаштирганмиз. Бу ерда бўлажак олимлар учун барча замонавий шароитни яратмоқчимиз. Йўқ нарсадан ҳеч нарса яратиб бўлмайди. Сезяпсизларми, эндиликда ана шу йўқ нарсаларни топишнинг ҳалол йўллари молиявий манбалари билан белгилаб берилмоқда. Педагог кадрлар тайёрланадиган олий таълим муассасаларида ўрта мактабларнинг дарслиги, илмий қўлланмалари йўқ. Бунинг сабабини изласак, мактаб дарсликлари сотилмас эмиш. Энди ўзингиз ўйланг: олий таълим муассасасида мактабда ўтиладиган дарсликдан бехабар талаба қандай қилиб, эртага ўқувчиларга сабоқ беради? Аслида таълим сифатини шу ердан бошлашимиз керак эмасми? Учрашувдан фойдаланиб, яна бир янгиликни етказмоқчиман. Янги ўқув йилидан бошлаб сафларингизда хорижлик энг малакали профессор-ўқитувчилар ҳам талабаларга дарс бера бошлайди. Таълимда ҳалол рақобат бўлади. Шунингдек, фанларни мақбуллаштирамиз. Таълим сифатига эътиборни кучайтирамиз.
Учрашувда профессор-ўқитувчилар ва ёш олимларнинг таклиф, тавсиялари тингланди. Илмий ишини муваффақиятли ёқлаган бир гуруҳ ёш олимларга гувоҳномалар топширилди. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.
Тадбир сўнггида А.Тошқулов университетнинг давлат ва номдор стипендиантларини ютуқлари билан самимий табриклаб, уларга стипендиант гувоҳномасини тантанали топширди.
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг