Янги музей халқлар дўстлиги ва диний бағрикенгликни тарғиб этмоқда

12:03 26 Сентябр 2022 Жамият
588 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд дўстлик ва диний бағрикенглик шаҳри. Шу боис ҳам Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22 саммити ўтказилиши арафасида Самарқанд шаҳрида «Халқлар дўстлиги ва диний бағрикенглик» музейи ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд шаҳрида «Музейлар майдонини» ташкил этиш борасидаги кўрсатмасига асосан очилган мазкур маскан кўп миллатли меҳмондўст халқимизнинг йиллар давомида қадриятга айланган юксак инсоний фазилатларининг намойиши бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, қадимий ва саховатли диёримизда неча асрлардан буён 130 дан ортиқ миллат ва элатлар, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Юртимизда уларнинг эркин яшашлари учун барча шароит яратилган. Жумладан, 144 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатиб келади. Халқларнинг ўзига хос менталитети Ватанимизда тинч-осойишта ҳаётнинг муҳим манбасига айланди. 

Музейда Самарқанд ҳудудида қадим замонлардан буён амал қилиб келинаётган турли дин ва динларга оид буюмлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро музейлари ва Тошкент санъат музейи фондларидаги экспонатлар ҳам мавжуд. Булар турли динларни ифодаловчи турли материаллар, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, муқаддас китоблардир.

Музейга кираверишда буюк сиймолар, олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг диний бағрикенгликка даъват этувчи фикрларини ўқиш мумкин.

— Експозиция марказида Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи мисолида Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг инсонпарварлигига оид экспонатлар ўрин олган, — дейди Ўзбекистон маданияти ва тарихи давлат музейи бўлим мудири Санжар Абдураҳимов. — Шунингдек, музейда Самарқанднинг турли даврлардаги почта откриткаларга жойлашган бўлими кишида қизиқиш уйғотади. Самарқанднинг турли хил кўринишларини фотогалереяда ёш ижодкорларнинг ижодий ишларида кўриш мумкин.

Самарқанд азалдан туризм маркази бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бу нафақат тарихий обидалар, балки дунёнинг турли бурчакларидан келадиган мусулмонлар учун зиёратгоҳ сифатида ҳам қизиқ. Ушбу мавзу алоҳида бўлимдан иборат.

Музейда сиз кўп миллатли Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд халқлари ҳаётига оид кўплаб қизиқарли нарсаларни ўрганишингиз мумкин. Кўргазма майдони тарихни ёрқин акс эттиради, бу ҳатто энг кичик ташриф буюрувчиларни ҳам қизиқтириши табиий.

Абдулазиз Йўлдошев, "Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер