Янги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берди — Озода Исмоилова

17:13 08 Декабрь 2023 Жамият
184 0

Фото: «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган тадбирлар Хоразм вилоятининг шаҳар ва қишлоқлари, маҳаллалари, ўқув юртлари ва меҳнат жамоаларида давом этмоқда.

Байрам арафасида вилоятда бир қатор маданий-маиший объектлар, турар жойлар, ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди. Урганч шаҳрида ташкил қилинган Конституция кўчаси Қомусимизнинг мазмун моҳиятини очиб берувчи кўргазмали воситалари билан жиҳозланди, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган викториналар ва бошқа маданий тадбирлар ташкил этилди.

Байрам тантаналарининг асосий қисми Урганч шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри биносида ўтказилди. Меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов сўзга чиқиб, барчани Конституция байрами билан қизғин муборакбод этди.

— Халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди, — дейди Тошкент тиббиёт академиясининг талабаси, Президент стипендианти Озода Исмоилова. — Қомусимизнинг эътиборга молик жиҳати, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганидир. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгиланган. Бунинг исботини мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида халқимизни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда ҳам кўришимиз мумкин. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил Қомусимизда белгиланган ана шу қоидаларга ҳамоҳангдир.

Байрам тантаналари вилоят санъат усталари ижросида концерт дастури билан давом этди.

Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер