Янги, кенг ва замонавий мактабда таҳсил олишга не етсин

17:43 17 Январь 2024 Жамият
240 0

Айни пайтда Учкўприк туманида 56 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатади. Баркамол авлод орзуси йўлида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар доирасида кейинги йилларда тумандаги таълим муассасалари фаолияти замонавий мезонлар асосида янгиланиб бормоқда.

2023 йилги Инвестиция дастури доирасида 1982 йилда қурилган ва мослаштирилган бинода фаолият юритиб келаётган тумандаги 46-умумтаълим мактабида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Боиси бугунги кунда 220 ўринга мўлжалланган ушбу таълим масканида 856 нафар ўқувчи икки навбатда таълим олаётгани турли қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди.

Дастур асосида мактаб учун 330 ўринли янги ўқув биноси қурилиб, мавжуд 220 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирланди. Эзгу ташаббус ижобати учун давлат бюджетидан 6 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди.

— Бу йилги режага кўра, 1 та мактабда мукаммал таъмирлаш, 3 та билим даргоҳида капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш кўзда тутилган, — дейди Учкўприк тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Хуршиджон Махсудов. — Натижада мазкур таълим муассасаларида ўқиш жараёни тўлиқ бир навбатда ташкил этилади. Бу таълим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?