Янги йил арчасини қаерга ўрнатган маъқул?

15:52 24 Декабрь 2018 Жамият
2290 0

Иллюстратив фото

Кўпчилик янги йилга олдиндан тайёргарлик кўриб, арчани безатиш учун турли ўйинчоқлар харид қилади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

ИИВ қуйидаги ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни унутмасликни сўраган:

- ўқув юртларда ва ташкилотларда арчани биноларнинг 1-қаватидаги кенг хоналарга ўрнатилиши, унда хонанинг камида иккита чиқиш жойи бўлиши шарт;

- ўтиш жойларини сунъий равишда торайтириш, у ерларга қўшимча ўтириш учун жиҳозлар ўрнатиш ва белгиланган меъёрдан кўп одамлар билан хоналарни тўлдириш мумкин эмас;

- муассаса раҳбарлари тантана бошланиши олдидан ёритгичлар созлигини, электр сим ва кабеллар уланиши “Электр ускуналарини тузилиш қоидалари” асосида бажарилганлигини, ёнғинни ўчиришга мўлжалланган бирламчи воситалари мавжудлигини ва уларни ишга яроқлилигини текшириб кўришлари шарт;

- янги йил байрам тадбирлари ўтказиладиган объектларда арча мустаҳкам қилиб ўрнатилиши, шохлари девор ва шифтларга тегмаслиги, сифат сертификатига эга бўлмаган электр гирляндалари ва тез алангаланувчи буюмлар билан безатилмаслиги қаттиқ назоратга олиниши зарур;

- арча қоғоз, целлулоид ўйинчоқлар, пахта ва тез ёнувчи материаллар билан безатилиши мумкин эмас;

- арчани иситиш мосламалари ёнида ўрнатмаслик керак;

- байрам маросимлари вақтида турли мушак ва бошқа пиротехника буюмларидан фойдаланиш тақиқланади;

- болаларни арча атрофида ва арча ўрнатилган хонада қаровсиз қолдириш ҳамда уларни тез ёнувчи материаллардан тайёрланган кийимлар билан ясантириш мумкин эмас;

- тадбир вақтида очиқ оловдан фойдаланиш ва шунга ўхшаш ёнғин ёки портлаш хавфи бор ишларни амалга оширмаслик зарур;

- носоз электр ўчиргич, розетка, турли маиший электр жиҳозлардан ҳамда ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган ёки зарарланган электр сим ва кабеллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Агарда ёнғин аломати сезилса, аввало ёш болаларни хавфсиз жойга чиқариб, зудлик билан “101” рақамига қўнғироқ қилиш керак.

Айниқса, қишнинг совуқ кунларида хонадонда ёнғин чиқмаслиги учун носоз газ ва электр мосламалари ҳамда қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланиш керак эмас.

“Ёнғин тасодифий ёки ўз-ўзидан келиб чиқадиган кимёвий ҳолат эмас, балки у кимнингдир айби билан юзага келувчи бахтсиз ҳодисадир. Ана шу бахтсизликнинг олдини олиш эса ҳар бир кишининг ўз қўлида. Ўз яшаш ва иш жойларингизда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини сўзсиз бажарилишини таъминланг. Ана шунда ёнғин келиб чиқмайди ва унинг олди олинган бўлади”, - дейилади ИИВ хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?