Яна 84 нафар фуқаро ишлаш учун Россияга жўнаб кетди

16:18 12 Август 2020 Жамият
590 0

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларининг мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш, вақтинча ишсиз қолган юртдошларимизни улар бўлиб турган мамлакатларнинг пандемиядан нисбатан камроқ зарар кўрган бошқа ҳудудларига ва карантин чекловлари сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, яқинда Россия Федерациясининг Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Д.Мишченко бошчилигида қатор иш берувчи компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 4200 нафар фуқарони йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, транспорт, ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, иш ҳақи ва бошқа масалалар бўйича келишиб олинган эди.

Ушбу келишувга мувофиқ, бугун 84 нафар юртдошимиз Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали жўнаб кетди. Маълумот учун айтиш мумкинки, биринчи навбатда асосан мазкур заводда аввал меҳнат қилиб иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари ишга жалб қилинмоқда.

Уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши, шунингдек, ойлик иш ҳақи ўртача 40-60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.

Юртдошларимиз 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 31 июль куни 144 нафар фуқаро ташкиллаштирилган ҳолда мазкур завод қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетган эди. 

Шунингдек, йил якунига қадар 4000 дан ортиқ фуқароларнинг мазкур қурилиш объектига ишга жалб қилиниши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?