Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир

11:17 30 Декабрь 2020 Жамият
655 0

Бир эзгу амал бор: кўнгилларни кўтариб, дилларни яйратади, одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаб, юзкўришмас бўлиб кетганлар кишиларни яраштиради, жамиятда тинчлик-тотувликни таъминлайди. Бу – хайру саховатдир.

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилади.

Айни кунларда «Вақф хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган саховат тадбирларини амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган барча азиз юртдошларимизни Буюк Раббимиз ояти каримада тавсифлаб қўйган. Яъни бизнинг биргина хайрли ишимиз худди бир дондан бошоқлар униб чиққани каби ажрларимиз ҳам кўпайтириб берилади.

Дарҳақиқат, уч кундан бери қилинаётган қурбонликлар, хайру саховат тадбирлари натижасида қанчадан-қанча муҳтож оилаларга хурсандчиликлар улашилганини таърифлаш мушкул.

Имом домлалар кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга моддий ёрдам беришда камарбаста бўлиб, ҳазрат Алишер Навоийнинг «Мурувват – барча бермакдир, емак йўқ, Футувват – барча қилмакдир, демак йўқ» сўзини ўзларига шиор қилиб олишди.

Пойтахтимиздаги 1-, 2-, 21- ва 30-сонли «Меҳрибонлик» уйларида тарбияланаётган юртдошларимизнинг кўнгилларига олиб кирилган илиқликни уларнинг юз-кўзларидан, шоду хуррамликларидан билиб олиш мумкин.

Икки кун давомида Тошкент шаҳрининг ўзида Қуръони карим 170 марта хатм қилингани, дуою илтижоларимизда Яратгандан сўралган тилаклар, албатта, ижобат бўлгай, иншоаллоҳ.

Парвардигор: «Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон сураси, 133–134-оятлар), деб марҳамат қилади.

Ҳадиси шарифда эса: «Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт., унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзига бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади», дейилган.

Мухтасар айтганда, бугун амалга оширилаётган саховат тадбирлари юртимизга файз, барака олиб келади.

Абудуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?