Воқеа тоғасининг уйида содир бўлган — ҚарДУ ўзини осган талаба юзасидан маълумот берди

11:13 15 Апрель 2021 Жамият
709 0

Аввалроқ, Қарши давлат университетининг Физика-математика факультетида тўлов-контракт асосида иккинчи курсда таҳсил олаётган талаба ўзини осиб қўйгани айтилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Қарши давлат университети юқоридаги хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

«Марҳум Р.Ф. ҚарДУ Физика-математика факультетининг Информатика ўқитиш методикаси йўналиши 2-курсида ўқиган. 2021 йил 26 январь куни ушбу мудҳиш воқеа ўз тоғасининг уйида содир бўлган.

Информатика ўқитиш методикаси йўналиши 019-84 гуруҳ талабаси Р.Ф.нинг бевақт ўлими барча яқинларини қайғуга солди.

2021 йил 29 январь куни эрталаб университет психологи А.Ҳусанов, Информатика ўқитиш методикаси кафедраси мудири И.Юлдошев, гуруҳ раҳбари Л.Сафаровлар, Муборак туман Геолог МФЙ раиси Н.Аширов ҳамроҳлигида Рустам Мадаминов хонадонига таъзия билдиргани борилгани ва Р.Ф.нинг отаси гуруҳ мураббийи Л.Сафаров билан батафсил суҳбатлашгани, оиласининг университет раҳбарияти ва ўқитувчилари жамоасига ҳеч қандай эътирози йўқлигини, ўғлининг ўлимидан қаттиқ қайғуда эканлигини билдирган.

Бинобарин Қарши давлат университети ушбу ҳодиса батафсил ўрганилганлиги, ҳеч кимга тазйиқ ўтказилмаганлиги ва ҳеч қачон бости-бости қилинмаганлигини маълум қилади!

Шунингдек, ўз фарзанди доғида қаттиқ изтиробда бўлган оила шаънини ўйламай хабарни оммалаштиришга уринаётган ҳурматли «Ижтимоий тармоқ ижодкорлари»га эса туҳмат ва ёлғон хабар тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда жиноят кодексларида жавобгарлик белгиланганлигини эслатади», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?