Вобкентда килограмми камида 80-90 минг сўм турадиган мева маҳаллийлаштирилмоқда

10:47 23 Май 2024 Иқтисодиёт
597 0

Фото: "Халқ сўзи"

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро вилояти Вобкент тумани «Азизбек Асилбек» фермер хўжалигининг 35 сотихдан иборат майдонида голубика парвариши йўлга қўйилди. Халқ тилида бута меваси, ботқоқ қарағайи деб ҳам аталадиган бу ўсимлик кўчатлари Польшадан келтирилди.

– Мутахассислар берган маълумотларга қараганда, голубика меваси жуда хуштаъм, витаминга бой ва шифобахшдир, – туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шуҳрат Шарипов. – Бу ўсимлик республикамиз ҳудудида у қадар оммалашмаган. Ваҳоланки, дунё бозорида мевасига талаб жуда катта. Уни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш ортидан яхшигина даромад топиш мумкин. Тўрт ёшга етганида ҳосилга кирадиган голубика мевасининг ҳар килограмми бозорда камида 80-90 минг сўм туради. Эътиборлиси, у 90 йилдан кўпроқ давр мобайнида ҳосил беради.

Фото: "Халқ сўзи"

Голубиканинг асл ватани Шимолий Америка саналади. У асосан ботқоқ жойларда ёввойи ҳолда ўсган. АҚШда ўтган асрнинг бошларида маданийлаштирилган ва бутун дунёга тарқаган. 1974 йилда АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги июлни голубика миллий ойлиги деб эълон қилган. Ҳозир Польша голубика етиштириш бўйича етакчи давлатлардан саналади. Мевасини тўғридан-тўғри истеъмол қилишдан ташқари, ундан мураббо, қиём, шарбат ва ҳатто вино тайёрлаш мумкин. Озиқ-овқат саноатида алоҳида қадр-қимматга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?