Владимир Норов: Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади

13:23 01 Июнь 2022 Сиёсат
1128 0

Фото: president.uz

Ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига қиёсдир. Бизнинг динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Бир мақсад йўлида бирлашган ҳолда, қувончу шодлигимизда ҳам, қайғумизда ҳам доимо биргамиз.

Аждодлар анъанасига содиқ қолган ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоғимиз даркор.

Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шу йилнинг 2-3 июнь кунлари Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилмоқда. Ушбу воқеа ўзбек ва тожик халқлари муносабатларида алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, икки томонлама мулоқотларнинг мутлақо янги босқичини намоён этиши шубҳасиз.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар, унинг ривожи хусусида яқиндан билиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов билан суҳбатлашдик.

— Владимир Имамович, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳада изчил ривожланиб бормоқда. Биласиз, бундан саноқли йиллар аввал ўзаро алоқаларимиз ҳақида ижобий фикр билдириш осон эмасди. Айтингчи, мамлакатларимиз ўртасидаги «музлар» қисқа вақт ичида қандай эриди?

— Ўзбекистон билан Тожикистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган. Азалий қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари давлатларимиз ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиляпти.

Шундай вақтлар бўлдики, қон-қардош, қуда-анда халқлар орасига сунъий «девор»лар қўйилди. Ўзаро борди-келди ушалмас орзуга айланди. Ўзбекистон ҳамда Тожикистон муносабатлари эса турли геосиёсий ва айрим сабаблар боис ўтган йиллар давомида таранглашиб кетган эди.

1993 йил 4 январда имзоланган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2000 йил 15 июндаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномада муносабатларимизнинг асосий тамойиллари, жумладан, мустақиллик ва давлат суверенитетини ўзаро ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, давлат даражасида ҳам, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ҳам ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик алоқаларини ўрнатишга интилиш каби мақсадлар кўзда тутилган эди. Аммо ҳақиқат шу эдики, бу ҳужжатлар, асосан, қоғозда қолиб, амалий томондан ҳамкорликка ҳуқуқий асос бўла олмади...

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати натижасида сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.

Ўтган қисқа давр ичида давлатларимиз муносабатларини мустаҳкамлаш учун жуда кучли туртки берилди. Улкан ўзгаришлар содир бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг март ойида давлат ташрифи мақомида амалга оширган Тожикистонга сафари билан икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очилди.

Душанбеда дўстона муҳитда олиб борилган музокараларнинг конструктив руҳи сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда катта миқёсдаги икки тарафлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш омили сифатида хизмат қилди.

Ўша йилнинг август ойида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. Эътиборлиси, Тожикистон етакчиси мамлакатимизга ташрифини узоқ танаффусдан сўнг, яъни 2001 йилдан кейин амалга оширди.

Тошкент ва Душанбе шаҳарларида сиёсат, савдо, энергетика, транспорт, маданият, илм-фан, таълим, хавфсизлик соҳаларида имзоланган 60 дан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар, меморандумлар, дастурлар ва «Йўл хариталари»дан иборат ҳужжатларнинг салмоқли тўплами давлат ташрифларининг юксак натижаларидан далолат беради. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг қабул қилиниши икки мамлакат ҳамкорлигини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил июнь ойида Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи ўзаро муносабатларимизни сифат жиҳатидан янги ўсиш суръатини намоён этди.

Бугун ҳар икки мамлакат раҳбарлари кўп томонлама шерикликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қатъий хоҳиш, шунингдек, янги марраларни елкама-елка туриб забт қилишга бўлган интилишни кўрсатмоқда. Ўзаро дўстона алоқалар аниқ амалий қадамлар билан бойитилган ҳолда, ўсиб борувчи траектория бўйлаб ривожланмоқда.

2016 йил сентябрдан то шу кунга қадар Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари 9 марта учрашдилар, қатор телефон мулоқотлари амалга оширилди. Мулоқот характери кўп жиҳатдан Президентлар ўртасида шаклланган ўзаро ишончдан келиб чиқади. Бу жиҳат давлатлар етакчилари бир-бирларига «қадрли биродарим» дея мурожаат қиладиган норасмий муносабатда ҳам намоён бўлади.

Олий даражада ўрнатилган очиқ, самимий мулоқотлар ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор қўйди.

— Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасида барча соҳалар ривожланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда сиёсий соҳадаги ҳамкорлик муҳим ўринга эга. Шулар хусусида сўзлаб берсангиз.

— Бизда барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ келишувлар мавжуд «Йўл хариталари» асосида муносабатларимизни мустаҳкамлаб келяпмиз. Бугунги кунда Ўзбекистон — Тожикистон ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий базаси 200 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатлардан иборат бўлиб, уларнинг қарийб ярми, аниқроғи 97 таси сўнгги тўрт йил ичида имзоланган.

Қонун чиқарувчи идоралар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш мақсадида 2017 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Тожикистон Парламенти билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро гуруҳи тузилди.

Ҳар икки давлат учун Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, ички ишлар соҳасида терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдосига қарши курашиш, тезкор ахборот алмашинуви бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Мудофаа соҳасида, жумладан, ҳарбий-техникавий йўналишда ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳам давом эттириляпти.

Мамлакатларимиз бугунги кунда юзага келаётган хавфсизликка рахна солиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик мустаҳкамланишидан манфаатдорлигини билдирмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон якдиллик билан умумий фаровонлик ва тараққиётга эришиш мақсадларида минтақа доирасида биргаликда ҳаракат қилиш ниятини намоён этяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон сув-энергетика ресурсларидан минтақа мамлакатлари манфаатлари билан ҳисоблашган ҳолда оқилона ва тенглик асосида фойдаланиш зарурати ҳақида бир тўхтамга келди. Хорижий экспертлар қайд этганидек, ушбу йўналишдаги ўзбек — тожик муносабатларининг конструктив характери Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлаш бўйича минтақавий ҳаракатларни фаоллаштиришга ижобий таъсир этиши мумкин.

Ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро битим имзоланган бўлиб, унинг доирасида Тошкент ва Душанбе шаҳарлари, Сурхондарё ва Хатлон, Самарқанд ва Сўғд вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ўзаро алоқалар йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, икки мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни изчил давом эттирмоқда. Хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши курашиш, ядровий қуролларни тарқатмаслик тартибини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш ва халқаро кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар бўйича Ўзбекистон ва Тожикистоннинг позициялари ўхшашдир.

— Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон ва Тожикистон эришган энг катта ва муҳим муваффақиятлардан бири, бу чегара масаласининг ҳал қилиниши бўлди. Шу масалага ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— 2018 йилнинг 1 мартида икки мамлакат фуқаролари ҳаётида чинакам унутилмас бахтли онлар бошланди. Зеро, шу кундан Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг аниқ мисоли ўлароқ, Ўзбекистон ва Тожикистон Давлат чегараси орқали 9 та ўтиш пункти тантанали равишда очилди.

Кейинги йилларда давлат чегараларида жами 17 та ўтказиш пункти очилиб, шу муносабат билан ташкил қилинган маросимларда туташ туманлар аҳолиси иштирок этиб миннатдорлигини билдирди.

Қардош халқларимиз сабрсизлик билан кутган мазкур воқелик фуқароларнинг борди-келдисини осонлаштиришга имкон яратди. Бу эса, ўз навбатида, икки мамлакат дўст халқларининг қариндошлик алоқаларини сақлашга ва мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Юқорида таъкидлаганимдек, 2016 йилдан сўнг чегаралар очилиб, «девор»лар қулади, сим тўсиқлар ўрнини «дўстлик дарвозалари» эгаллади.

Халқларимиз қиз олиб, қиз берган, қариндош бўлган. Урф-одатлари ҳам икки томчи сув каби бир-бирига ўхшашдир. Икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашиши, биринчи навбатда, оддий одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди. Бунинг тасдиғи сифатида назорат­пунктларининг очилиши, давлатларимиз ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши халқларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди. Чегарани кесиб ўтаётганлар ўзгаришларни дарров сезишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи якунларига кўра, икки давлат етакчилари умумий чегарани миналардан тозалаш бўйича барча ишлар 2019 йил охиригача якунланишига келишиб олишганди.

2020 йилнинг илк кунларида мамлакатларимиз расмийлари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларга ўрнатилган миналар бутунлай тозаланганини эълон қилди. Оддий фуқаролар, айниқса, Ўзбекистон билан чегарага яқин жойларда яшаётган кишилар чегаралар минадан тозалангани ҳақидаги хабарни қувонч билан кутиб олишди.

— Савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика ўзаро муносабатларимизда муҳим ўрин тутади. Айни шу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

— 2021 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 600 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Қўшма корхоналар сони 10 баробар ўсди. Агар 2017 йилда Ўзбекистонда 24 та корхона фаолият кўрсатган бўлса, 2021 йил охирига келиб Тожикистон капитали иштирокидаги 240 та корхона ишлай бошлади.

Тожикистонда Ўзбекистон сармояси киритилган 61 та корхона фаолият юритмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан «ТАЛЬКО-КРАНТАС» махсус коммунал ва қурилиш автомобилларини йиғиш ҳамда созлаш бўйича қўшма ишлаб чиқариш корхонасининг очилиши яна бир муҳим воқеа бўлди.

Айниқса, Устав фонди 50 миллион АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон — Тожикистон инвестициявий компаниясининг ташкил этилиши муносабатларимиз ривожида алоҳида ўринга эга.

Тожикистонда «Навоийазот» (Хўжанд), «Ўзбекистон» савдо уйи (Хўжанд), «Равон Моторс Тожикистон» (Душанбе) ва «Артель» (Душанбе) компанияларининг савдо уйлари ташкил этилди.

Иқтисодий ҳамкорликнинг алоҳида вектори транспорт-логистика соҳасидаги алоқалардир.

Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви ва сертармоқ транспорт инфратузилмаси Тожикистонга ташқи бозорларга чиқиш йўлларини диверсификациялаш имкониятларини очади. Умумий транспорт-коммуникация салоҳиятини тўлиқ ишга солиш нафақат ўзаро савдони ўстиришга ёрдам беради, балки минтақалараро даражада гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайди ҳам.

2017 йилда Ғалаба — Амузанг темир йўл алоқаси тикланди, Самарқанд — Панжикент участкасида А-377 халқаро автомобиль йўли очилди. Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатновлар тикланди. Ҳозирда парвозлар “Uzbekistan Airways” АЖ ва «Сомон эйр» авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига 2 марта амалга оширилмоқда.

Айни пайтда «Тошкент — Хўжанд», «Қўқон — Шайдон» халқаро автобус йўналишлари мунтазам йўлга қўйилган. «Самарқанд — Душанбе» ва «Самарқанд — Панжикент» йўналишларида автобуслар қатновини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда «Ўзбекистон — Тожикистон — Хитой» йўналишидаги транспорт коридорининг аҳамияти нечоғлиқ муҳимлигини айтиб ўтмоқчиман. Мазкур лойиҳа «Термиз — Сариосиё — Душанбе — Ваҳдат — Кўлоб — Қалъайи Хумб — Хоруғ — Кулма — Қошғар» йўналишида ҳаракатланиб, умумий ҳисобда 1422 км. масофани босиб ўтади.

Икки давлат темир йўл маъмуриятлари ўртасидаги муносабатлар, жумладан, халқаро темир йўл тузилмалари, хусусан, МДҲга аъзо давлатларнинг Темир йўл транспорти бўйича марказий кенгаши, Темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам самарали ривожланмоқда.

— Ўзбек халқининг маданий меросини тожиклар эъзозлашади. Тожик маданияти дурдоналари эса ўзбеклар томонидан ҳамиша қадрланган. Ўзбеклар ва тожиклар хурсандчиликда ҳам, ғамда ҳам доимо бирга бўлганлар. Шу маънода, маданий-гуманитар соҳадаги ришталар қандай ривожланиб келмоқда?

— Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради. Асрлар мобайнида ёнма-ён яшаб, улар тарихий маънавий илдизлар, маданиятлар, анъаналар, одатларнинг уйғунлиги билан боғланган. Уларни бир-биридан айри ҳолда тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Буюк аждодларимиз ва мутафаккирларимиз Навоий ва Жомий, Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айний, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода, Абдулла Орипов ва Лойиқ Шерали ўзбеклару тожикларнинг самимий ва соф дўстлигини тараннум этганлар.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг икки халқ турмуш тарзи, ўхшаш жиҳатларини ифода этувчи қуйидаги сатрларини айтиб ўтишни жоиз деб билдим:

Дўсту қардошдир азалдан

Ўзбегим тожик билан,

Иккиси бир байт ғазалдан

Ўзбегим тожик билан.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийга ҳайкал ўрнатилиши Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олинди.

Ўзбекистон ва Тожикистонда икки халқнинг маданияти ва санъатини ўрганишга, ўзаро бойитишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Президентининг ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар бунга янада кенг имконият яратади. Хусусан, Маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги битим халқларимизнинг маънавий алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларимизни умумий манфаатлар атрофида жипслаштиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларни кўзда тутади.

Тожикистон вакиллари Ўзбекистонда ўтказиладиган мақом, бахшичилик санъати анжуманлари, «Бойсун баҳори», «Шарқ тароналари» халқаро фестивалларида доимий иштирок этиб келмоқда. Айниқса, 2018 йил Шаҳрисабзда ўтган мақом санъати халқаро форумида «Гран-при»ни илк бора Тожикистон «Шашмақом» академияси қўлга киритди.

Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам икки халқ маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтди. Чегара ҳудудларда икки давлат санъат усталари томонидан мунтазам концертлар ташкил этиш анъанага айланган. 2021 йил май ойида Тожикистонда Ўзбек киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Ўзбек ва тожик халқларининг атоқли мутафаккирлари Навоий ва Жомий дўстлиги ва ижоди ҳақида сўнгги 30 йил ичида илк бор қўшма тўлиқ метражли бадиий, тарихий фильм яратилмоқда. Европа, Америка ва Ҳиндистоннинг бир қатор таниқли киноижодкорлари ушбу фильмда иштирок этиш истагини билдирган.

Ўзбекистонда, барча миллат ва элатлар қатори, тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда бир миллион олти юз мингдан зиёд тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ҳамда шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор.

Мамлакатимизда 15 та тожик миллий маданият маркази миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилаётир. Бир қатор олий ўқув юртларида шундай факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда.

Юртимизда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.

3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан журналистика соҳасида ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танловининг «Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун» номинациясида мана, икки йилдан буён Тожикистон Республикасида фаолият юритаётган журналистлар ғолиблар сафидан жой олиб келмоқда.

Маданий-гуманитар алоқалар спорт ва таълим йўналишларини ҳам қамраб олган. Хусусан, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида 65 шартнома ва меморандумлар имзоланди. Натижада ҳозирги кунда Ўзбекистондаги 30 та олий ўқув юрти Тожикистондаги 15 дан ортиқ университетлар билан мунтазам ҳамкорлик қилиб келяпти.

Кейинги беш йил ичида Ўзбекистон Фанлар академияси ва Тожикистон Миллий фанлар академияси ўртасида ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришда улкан қадамлар ташланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил Тожикистонга амалга оширган ташрифи давомида Хатлон вилояти Кўбодиён туманида Ўзбекистон томонидан тиббиёт мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди. Ушбу 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар ва бир йилда 219 минг нафардан зиёд беморларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бўлиб ўтиши кутилаётган Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг учрашуви ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади.

Ўткир РАҲМАТ суҳбатлашди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер