Владимир Норов Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Ким Чжин Пхё билан учрашди

16:57 24 Октябр 2022 Сиёсат
331 0

«Марказий Осиё – Корея Республикаси» 15-ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун Сеул шаҳрига Марказий Осиё давлатлари делегациялари раҳбарлари таркибида ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов 2022 йил 24 октябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Ким Чжин Пхё билан учрашди.

Жанубий Корея парламенти раҳбари Марказий Осиё минтақаси Сеулнинг ташқи сиёсат стратегиясида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги асосий боғловчи сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодиёт, молия, энергетика, саноат кооперацияси, ахборот технологиялари, электрон ҳукумат, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш каби устувор йўналишларда эришилган алоҳида стратегик шериклик даражасига юқори баҳо берилди.

Корея томонига Ўзбекистон парламентида Корея Республикаси билан ҳамкорликнинг барча йўналишларидаги лойиҳаларнинг самарали амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Олий Мажлис Сенати Раиси раҳбарлигида ташкил этилган махсус комиссия ҳақида маълумот берилди.

Жанубий Корея парламенти Спикери демократик жараёнларни чуқурлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси аҳамиятини юқори баҳолади.

Ўзбекистоннинг «мамлакатни демократлаштириш ва узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш стратегияси асосларини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш жараёнида долзарб эҳтиёж» бўлган конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнини олқишлади.

Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни «халқ» дипломатияси ва маданий-гуманитар алмашинувлар йўли билан ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Парламент Спикери 85 йил давомида республикамизда истиқомат қилиб келаётган кўп миллатли биродар ўзбек оиласининг тўлақонли аъзосига айланган корейс диаспорасини қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон ҳукуматига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер