Владимир Норов Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел билан учрашув ўтказди

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"
2022 йил 17 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Алоқаларни уларни янада жадаллаштириш ва амалий мазмун билан бойитиш муҳимлиги эътироф этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, ҳар томонлама хусусият касб этаётгани таъкидланди. Европа кенгаши Президенти Шарл Мишелнинг мамлакатимизга расмий ташрифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» саммитидаги иштироки конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотнинг янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга имкон берди.
Томонларнинг сиёсат, савдо ва инвестициялар, молиявий ва техник ёрдам, юқори технологиялар, фан ва таълим, экология, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қабул қилишга тайёрлиги тасдиқланди.
Ж.Боррелнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи республикада олиб борилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлайди ва Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясини изчил амалга оширишда ёрдам беришга тайёр. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсатига юксак баҳо берилди. Мазкур сиёсат натижаси ўлароқ сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро англашув ва ишончга асосланган янги сиёсий муҳити яратилгани эътироф этилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг дастлабки босқичда имзоланганини олқишладилар. Ушбу ҳужжатни имзолаш учун ички процедураларни тезда якунлаш зарурлиги таъкидланди.
Режалаштирилган тадбирлар жадвали, жумладан, Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши ва «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» Туризм анжумани юзасидан фикр алмашилди.
Яшил кун тартибини биргаликда илгари суриш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, табиий ресурслардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш орқали экология соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Афғонистондаги ҳозирги вазият кўриб чиқилди. Ж.Боррел ушбу мамлакатда гуманитар инқирозни олдини олиш учун Афғонистоннинг яккаланишини олдини олиш зарурлиги тўғрисида Ўзбекистон томонининг фикрини қўллаб-қувватлади.
«Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» Вазирлар учрашуви ҳамда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» ўзаро боғлиқлик: «Барқарор ривожланиш учун глобал дарвозалар» мавзусидаги халқаро конференция минтақалараро муштаракликни янада ривожлантиришга ёрдам беришига ишонч билдирилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- Олимлар саратондан ҳам ўлим хавфи икки баравар юқори бўлган касаллик ҳақида маълум қилишди
- «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди
- Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Gazprom» компанияси ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзоланди
- Саудия Арабистонида биринчи Ислом санъати биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг