Владимир Норов Европа Иттифоқи олий вакили Жосеп Боррел билан учрашди

01:02 07 Сентябр 2022 Сиёсат
400 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2022 йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов бошчилигидаги делегация Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жосеп Боррел билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон-Европа ҳамкорлигининг долзарб масалалари, уларни янада фаоллаштириш ва амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсий, ҳуқуқий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий, айниқса, икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорликнинг институционал механизмларидан самарали фойдаланиш орқали ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Томонлар шу йилнинг 6 июлида Брюсселда расмий имзолашдан олдин розилик билдирилган (парафирланган) Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар жараёни муваффақиятли якунланганини олқишладилар.

Европа томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақада дўстлик ҳамда яхши қўшничилик муҳитини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирларга пухта ва сифатли тайёргарлик кўриш бўйича келишувга эришилди. Европа дипломатияси раҳбари жорий йилнинг 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар учрашувида, шунингдек, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» ўзаро боғлиқлик: Барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза» конференциясида шахсан иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакилига Ўзбекистон Республикасининг асосий қонунига киритилаётган «Инсон – жамият – давлат» асосий тамойили ҳамда «Инсон шаъни ва қадри» ғоясини тарғиб этишни назарда тутувчи ўзгартиришларнинг моҳияти ҳамда мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилди. Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар, биринчи навбатда, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилгани, бунда инсон ҳуқуқ ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий фаровонлик кафолатлари асосий қонун даражасида мустаҳкамланиши таъкидланди.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер