Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди

18:23 20 Сентябр 2022 Сиёсат
670 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов 2022 йил 19-сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

В.Норов таъкидлаганидек, Ўзбекистон БМТни осойишталик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича универсал ва ишончли халқаро тузилма, деб билади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятидаги иштироки жадаллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг турли йўналишлардаги бешта резолюцияси қабул қилинди. БМТ юқори даражадаги делегацияси ўтган ҳафта Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этди.

А.Гутерриш Ўзбекистон Раҳбариятининг ортга қайтмас хусусиятга эга илғор кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишга бўлган сиёсий иродаси ва қатъиятини юқори баҳолади. БМТ Ўзбекистонни очиқлик ва ислоҳотлар сиёсатини амалга ошириш йўлида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.

Бош котиб Ўзбекистон ва БМТ ўртасида жадал кенгайиб бораётган ҳамкорликни олқишлади. «Ўзбекистон тинчлик, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари масалаларидан тортиб иқлим ва барқарор ривожланишгача бўлган барча соҳалардаги ишончли ҳамкоримиздир. Мамлакат БМТнинг кўп томонлама кун тартибини илгари суришда этакчи ўринни эгаллайди», деди А.Гутерриш.

Ўзбекистоннинг Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, минтақада замонавий уй-жойлар, ижтимоий ва саноат инфратузилмаси объектларини қуриш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ томонидан юқори баҳоланиши маълум қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, Ўзбекистон томонидан минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўлини қурилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши маълум қилинди.

Учрашув якунида томонларни қизиқтирган масалалар бўйича яқин мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер