Владимир Норов Бельгия ташқи ишлар вазири Ҳажа Лаҳбиб билан учрашув ўтказди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
2022 йил 6 сентябрь куни Брюсселга ташриф доирасида ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бельгия ташқи ишлар, Европа ишлари, ташқи савдо ва федерал маданият муассасалари вазири Ҳажа Лаҳбиб билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ўсиб бораётгани мамнуният ила қайд этилди.
Икки томонлама мулоқотни жадаллаштириш, жумладан, турли даражадаги ташрифларни ташкил этиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувларни ўтказиш, халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар 2021 йил ноябрь ойида Валлония экспорт ва хорижий инвестициялар агентлиги (AWEX) ва Фламандия инвестиция ва савдо агентлиги (FIT) томонидан ташкил этилган Бельгия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бизнес-миссияси самарали натижаларга олиб келганини олқишладилар. Шу билан бирга, савдо ва инвестициялар соҳасида фойдаланилмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Бельгия барча йўналишларда алоқаларни жадаллаштиришга тайёрлиги билдирилди. Жорий йил охирида Тошкентда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказиш масаласини ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.
Бельгия ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ахборот тақдим этилди. Конституциявий ислоҳотлар жамоатчилик фикри ва таклифларини, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини, шунингдек, хорижий экспертларнинг баҳоларини ҳисобга олган ҳолда очиқ, шаффоф ва эркин жамоатчилик муҳокамаси шароитида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг