Венгрия билан ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни амалга ошириш ҳолати тўғрисидаги ахборот эшитилди

18:39 30 Август 2022 Сиёсат
349 0

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Жорий йил 30 август куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Венгрия Бош вазири В.Орбаннинг 2021 йил 29-31 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича имзоланган “йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Тадбирда сенаторлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат компаниялари, жамоат бирлашмалари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Муҳокамада Ўзбекистоннинг Австриядаги (бир вақтнинг ўзида Венгриядаги) элчиси А.Файзуллаев ҳам иштирок этди.

Венгрия билан умумий қиймати 134 млн долларлик 26 та битимни амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу инвестицияларнинг жалб қилиниши озиқ-овқат саноати, қурилиш саноати, ҳудудларнинг коммунал инфратузилмаси корхоналарини модернизация қилишни бошлаш, шунингдек, янги саноат корхоналарини ишга тушириш имконини берди.

Сенаторлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан лойиҳаларни ўрганиш, инвесторлар билан учрашувлар якунлари бўйича қатор инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномалари бажарилмагани ва жиддий сусткашликка йўл қўйилаётгани аниқланди.

Эшитув давомида “йўл харитаси” ижроси танқидий таҳлил қилиниб, масъул бошқармалар ва ҳудудлар фаолиятига баҳо берилди.

Хусусан, турли сабабларга кўра умумий қиймати 23 млн долларлик 6 та инвестиция лойиҳаси белгиланган муддатдан кечикмоқда. Шунингдек, бир қатор вазирлик ва идораларнинг ҳаракатсизлиги, лойиҳалар сифатсиз ишлаб чиқилиши сабабли 100 млн долларлик 5 та лойиҳа истиқболсиз деб топилди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари масъул этиб белгиланган эди.

Шунингдек, сенаторлар инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, лойиҳа ҳужжатларининг босқичма-босқич ва ўз вақтида ишлаб чиқилишининг етарли даражада таъминланмаганлигида ифодаланадиган бюрократиянинг юқори даражаси молиялаштиришни бошлаш, маблағларни ўзлаштиришнинг кечикишига олиб келмоқда, натижада ишлаб чиқариш қувватлари ўз вақтида ишга туширилмаяпти.

Шунингдек, инвестиция лойиҳалари бўйича техник-иқтисодий асослаш ва бизнес-режаларни шакллантиришнинг ўз вақтида эмаслиги ва халқаро стандартларга мос келмаслиги ҳолатлари қайд этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари томонидан назоратнинг етарли даражада эмаслиги, ҳокимларнинг инвестиция масалалари бўйича тегишли ўринбосарларининг ҳисоботлари мунтазам тайёрланмаслиги кузатилмоқда.

Мажлис якунлари бўйича Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди. Унда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

 

 

«Халқ сўзи»,
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер