Вазирликда амалга оширилган янги тайинлов ҳақида нотўғри мулоҳазалар айланмоқда — Энергетика вазирлиги

18:27 17 Август 2023 Жамият
445 0

Ижтимоий тармоқларда бугун Энергетика вазирлигида амалга оширилган янги тайинлов ҳақида нотўғри мулоҳазалар айланмоқда.

Хусусан, У.Мамадаминовнинг бунга қадар Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритгани одамларда нотўғри тасаввурлар уйғотяпти. Уларнинг аксарияти «Агроном Энергетика вазирлигида ишлайдими?» деган саволларни бермоқда, айримлар буни мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар билан боғлаб, уларнинг изчиллигига шубҳа билдиришаётир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, У.Мамадаминовнинг асл касби — энергетик. У аввал маълум қилинганидек, 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини, 2015 йилда эса Америка Қўшма Штатларининг Орегон технология институтини айнан энергетика йўналишида тамомлаган. Мутахассислиги саноат электроника муҳандиси, қайта тикланувчи энергия манбаларидир.

У.Мамадаминов меҳнат фаолиятини «Global Tarding and Consulting Service» масъулияти чекланган жамияти раҳбари вазифасидан бошлаган. Кейинчалик Америка Қўшма Штатларида «Stantec Consulting Services» компанияси лойиҳа дизайнери вазифасида меҳнат қилган. Ўзбекистонга қайтгач, «TCT Agro Cluster» МЧЖ такрорий экинлар бўлими бошлиғи, ундан кейин эса «Evergreen Agriculture» МЧЖ қўшма корхонаси директори лавозимларида фаолият олиб борган.

У меҳнат фаолияти давомида соҳада илғор тажрибага эга бўлган давлатларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр ишлаб чиқаришга доир лойиҳаларни амалга оширишда қатнашган.

У.Мамадаминов тадбиркор сифатида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшган. 2021 йили мамлакатнинг энг йирик экспортёр тадбиркорига айланган. Унинг ана шу хизматлари инобатга олиниб, 2023 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Айтиш керакки, У.Мамадаминов электр энергетика тармоғида рўёбга чиқарилаётган давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини яхши биладиган салоҳиятли кадрдир.

Юқоридаги фактлар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган гап-сўзларнинг асоссиз ва нотўғри эканлигини исботлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер