Ватанпарварлик ва фидойилик– энг улуғ фазилат

19:26 07 Июль 2022 Жамият
487 0

Фото: “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда оммавий техник касб мутахассисликларига тайёрлаш борасида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Ватанпарвар — менинг танловим!» шиори остида «Очиқ эшиклар кунлари», «Уч авлод учрашуви», «Мардлар қўриқлайди Ватанни», «Биз — ватанпарварлармиз», «Мард аскар — ёшларга намуна» каби кўнгилочар учрашув ва тадбирларнинг вақти-вақти билан ўтказиб келинаётгани ўғил-қизларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши билан бирга, она юртга, ўзи камолга етган муқаддас заминга бўлган муҳаббатини юксалтирмоқда. Бу ҳақда ОАВ ходимлари иштирокида «Ёшларга учун янги имконият ва имтиёзлар» мавзуида матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Қайд этилдики, жорий йилнинг февраль — апрель ойларида «Миллий армиямиз — ёшлар нигоҳида» шиори остида маҳаллалардаги ёшлар ўртасида ташкил этилган ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларида ташкилот ўзининг кўргазмали намойишлари ва жанговар карвонлари билан фаол иштирок этди. Мудофаа вазири кубоги учун умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида ҳарбий-спорт мусобақаси эса униб-ўсиб келаётган фарзандлар қалбида садоқат туйғуларини уйғотди.

Ташкилот спортчилари ҳар йили жаҳон ареналарида юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. 2021 йилда спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибида 5 та халқаро мусобақаларда иштирок этиб, 16 та медалга сазовор бўлди. Шулардан 5 та олтин, 8 та кумуш, 3 та бронза медали ҳамда зотли итлар кўргазмаларида 6 та медаль ва 22 та диплом билан тақдирландилар.

Жорий йилнинг май ойида Германиянинг Зул шаҳрида спортнинг ўқ отиш тури спорти бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этган «Ватанпарвар» ташкилотининг 18 ёшли спортчиси Муҳаммад Камолов 10 метр масофага тўппончадан отиш мусобақасида 3-ўринни эгаллади. Жорий йилнинг май ойида Қозоғистон Республикасида картинг бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган чемпионатнинг биринчи босқичида «Ватанпарвар» ташкилотининг 14 ёшли спортчиси Ясмина Эгамбердиева «ОК-жуниор» синфида биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, апрель ва май ойларида Қозоғистонда картинг бўйича ўтказилган республика чемпионатларида 11 ёшли спортчи Амир Ҳамраев икки маротаба 1-ўринга сазовор бўлди

Фото: “Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати

2021 йилдан ташкилот тизимида оммавий техник касбларга тайёрлаш муассасаларида «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари имтиёз асосида ўқитилмоқда. Ўтган йили 14 275 нафар эҳтиёжманд фуқаролар автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ўқитилган бўлса, яна 2 840 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 10 хил техник касб мутахассисликларига тайёрланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар давом эттирилиб, жорий йилнинг 6 ойида «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув муассасаларида ўқиётган эҳтиёжманд фуқаролар сони 3 731 нафарни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, ўтган йилдан буён «Ватанпарвар» ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибидаги вазирликлар ва идоралар ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандумларига кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар «Ватанпарвар» ташкилоти тизимидаги замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланган автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлаш курсларида ва яна 10 хил техник касбларга мўлжалланган ўқув курсларида ўқитилиши йўлга қўйилди.

Ўтган йили 723 нафар ҳарбий хизматчилар ўқитилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 1 548 нафарни ташкил этмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, ёшлар муддатли ҳарбий хизматни якунлаганидан сўнг, улар нафақат Ватанимиз олдидаги муқаддас бурчни адо этади, балки «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув курсларида эгаллаган касб-ҳунарлари гувоҳномалари билан уйларига қайтадилар.

Ёшлар спортнинг техник ва амалий турлари бўйича фаолият юритаётган спорт секциялари ва тўгаракларида бепул шуғулланишларидан ташқари спорт соҳасида муваффақиятлар қозонган тақдирда, республика, МДҲ, Осиё ва жаҳон чемпионатлари мусобақаларида «Ватанпарвар» ташкилоти маблағлари ҳисобидан иштирок этадилар.

Шунингдек, ташкилот томонидан вилоятлар миқёсида ўтказилган спорт мусобақасида ғолиб бўлган ёшлар ташкилот тизимидаги оммавий техник касб мутахассисларини тайёрлаш ўқув курсларида 30 фоиз чегирма асосида, республика мусобақасида ғолибликни қўлга киритганда 50 фоиз чегирма асосида ўқиш имкониятига эга бўладилар. Энг муҳими, эса спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика ва халқаро мусобақаларда юқори ўринларни қўлга киритган ёшлар олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинадилар.

Матбуот анжуманида ёшлар қалбида ватанпарварлик, фидойилик ва юртга садоқат туйғуларини тарбиялаш асносида уларни ҳам жисмонан, ҳам маънан етук бўлиб вояга етиши йўлида олиб борилаётган ташкилот фаолиятининг бошқа қирралари хусусида ҳам маълумот беришди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер