Ватанпарварлик — номусли ва назокатли туйғудир

14:16 07 Сентябр 2021 Жамият
209 0

Бугунги кунда нимаики ютуқ, муваффақиятларга эришган бўлсак, барчасининг замирида мустақиллик, озодлик деган тушунча турибди, дея ҳисоблайман. 

30 йил. Бир инсоннинг айни куч-қувватга тўлган, камолотга эришган, ҳаётдаги мақсад ва орзуларини тўла англаб етган, ёшлик ўйин-кулгиларидан оша ҳаётга теранроқ, фалсафийроқ нигоҳ билан қарашга интилган, туб бурилишлар чорраҳасидаги ёш. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тингларканмиз, ортимизда қолган шонли тарихга назар ташлаб англаймизки, бу кунларга шунчаки, осонгина етиб келмадик. Давлат раҳбарининг қатъияти, жасорати, донишмандона стратегияси ва энг муҳими, халқимизнинг бирдамлиги, меҳнатсеварлиги ҳамда келажакка бўлган қатъий ишончи сабаб биз бугунги, буткул янги Ўзбекистонда шодиёна кунларни нишонлашга ўзимизни ҳақли санасак бўлар.

Айниқса, ўзида уч минг йиллик миллий давлатчилик тарихини гавдалантирган муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи ва янги тарихга, учинчи Ренессансга қадам қўяётган ўзбек халқининг рамзий тимсоли бўлмиш «Янги Ўзбекистон» боғининг барпо этилиши Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик тўйига муносиб тўёна бўлди. Монументнинг энг юқори қисмидан ўрин олган тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли – Ҳумо қушининг халқимизга, юртимизга тинчлик-омонлик тилаётгандек кўкда мағрур парвоз қилаётгани тасвири беихтиёр юракларни энтиктириб юборади. Озод ва фаровон диёрда Ватан тақдири билан боғлиқ орзуларимиз, мақсаду режаларимиз Ҳумо қушидек эркин қанот қоқади.

Биргина олий таълим тизимига доир келгусидаги юксак вазифалар, сўнгги беш йил ичидаги мислсиз ўзгаришлар, ислоҳотлар мисолида айтишимиз мумкинки, юртимиз осуда, қалбларимиз хотиржам эканки, биз ўзимизни, бор куч-ғайратимиз, бутун фикри-зикримизни мана шундай улуғ ишларга сафарбар этмоқдамиз. Хусусан, Президентимиз маърузаларида Янги Ўзбекистон пойдевори фақат ва фақат таълим, билимга боғлиқлиги, Ватанимизнинг келгусидаги тараққиётида илм-фанга таянишимиз лозимлигини бот-бот таъкидламоқда.

Шу нуқтаи назардан, илм кишилари, зиёлилар, ўқитувчиларни жамиятдаги энг нуфузли касб эгалари бўлиши учун жуда катта эътибор берилмоқда. Олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар, аввало, қамровни ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди. Педагогларнинг маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди, соҳага оид бўлмаган барча мажбурий меҳнатдан озод этилди.

Шу билан бирга, жорий йил 16 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши таълимга оид давлат сиёсатининг янги, муҳим босқичга кўтарилганини кўрсатди. Белгилаб берилган вазифаларнинг ҳар бири, хусусан, олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш, ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш билан етук, малакали, рақобатбардош кадрлар етиштириш замирида илмга очилган катта йўл бор.

Келгуси йилдан докторантурага квоталар сонининг 2 баравар кўпайтирилиши, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб борилиши, бунинг учун ҳар йили бюджетдан қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши, бундан ташқари, ҳар бир тармоқ ўз соҳасига тегишли олийгоҳларга докторантлар квотаси учун яна 10 миллиард сўмдан ажратиши олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганига ёрқин мисолдир. Қолаверса, дунё миқёсида ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасаларини битирган ва четда илмий иш қилган ёш мутахассисларга қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этиладиган бўлди.

Иложи борича кўпроқ ёшларни олий таълимга қамраб олиш орқали чет элга турли мақсадларда чиқиб кетаётган ўғил-қизларни ота-онасининг бағрида, кўз ўнгида илм ёки касб-ҳунар билан банд бўлишини таъминлаш инсонпарвар ислоҳотларнинг бир кўринишидир. Рақамларга эътибор қаратсак, бу йил олий таълимга қабул квотаси сони ўтган йилга нисбатан 13 фоизга оширилиб, 181 мингга етказилди. Республика бўйлаб 1 миллион 500 минг нафардан зиёд ёшлар ҳужжат топширди. Қувонарли янгиликлардан бири, янги ўқув йилидан 22-28 фоизли 3 йиллик таълим кредити 14 фоизга туширилиб, 7 йилга бериладиган бўлди. Кредитни қоплашга йўналтириладиган маблағлар эса солиқдан озод қилинади.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ёшлар – эртанги кунимиз драйверларидир. Драйверларни ҳаракатга келтирувчи куч эса илм ва биз, педагоглардир. Ҳукуматимиз ва президентимиз томонидан яратилаётган кенг имконият, рағбат ва юксак ишончга муносиб бўлиш ҳар биримизни илм олишга, астойдил меҳнат қилиш ва юртимиз равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшишга ундаши лозим.

Мустақиллик берган энг олий неъматлардан бири – умримизни бахш этувчи касбимизни танлай олиш имконидир. Бугун қайси касб эгаси бўлмайлик, қўлни қўлга бериб, собит ишонч ва шижоат билан ғайрат қилсаккина, кўзланган манзил – учинчи Ренессанс томон илдамроқ етиб борамиз. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамида сўзлаган нутқига муносабатим, ундан чиқарган хулосам ҳамда ҳаётимдаги олий вазифам аксини рус маърифатпарвари Сухомлинскийнинг шиоримга айланган қуйидаги сўзлари орқали изоҳлашни лозим топдим:

«Ватанпарварлик – номусли ва назокатли туйғудир… Муқаддас сўзларни эҳтиёт қил, Ватанга муҳаббат хусусида дуч келган жойда оғиз кўпиртирма. Яхшиси унинг фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қил».

Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?