«Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг финалига Қорақалпоғистондан қайси туман бориши маълум бўлди

15:44 12 Апрель 2021 Жамият
491 0

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ташаббуси билан мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида мудофаа вазирининг кубоги учун анъанавий ўтказилиши йўлга қўйилган «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақаси ўсиб келаётган ёшларда ҳарбийликка ҳавас уйғотиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар негизида ўтказилган мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи 17 та шаҳар ва туманлардан энг сара жамоаларни сафлаб берди. Ўқувчилардаги ҳаяжон, ғалабага бўлган шижоати, ҳарбийча қатъият беллашувнинг ҳар бир шартида яққол кўзга ташланиб турди.

Ҳар бир жамоа аъзолари ўзгача ҳарбий либосларда сафда мағрур туриб, гўёки ҳарбий хизматга келгандек ўзларини тутишарди. Қатъий интизом ва ғалабага бўлган кучли иштиёқ беллашувнинг ҳар сониясини ҳис-ҳаяжонга тўлдирарди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Аюбжон Рустамов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Шарофиддин Тажимуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши вакиллари, чақирувга қадар ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчилари ва ўқувчилар қатнашди. Сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчиларига зафарлар ёр бўлишини тилади.

Беллашувларнинг асосий мақсади ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб этиш, соғлом турмуш тарзини одат қилишга ўргатиш, руҳан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган.

Мусобақа низомига кўра беллашувда ҳар жамоадан 7 нафар ўғил ва 3 нафар қиз болалар иштирок этишига рухсат берилган. Ҳарбий-спорт мусобақасининг 1-шартига кўра ёшлар пневматик милтиқдан назорат отиш машқи орқали мерганлик маҳоратини намойиш этди.

«Ҳарбий эстафета» деб номланган 2-шартда иштирокчилар автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиши ва йиғиши, газга қарши ниқобни кийиши ва юк автомобилининг ғилдирагини айлантириб югуриши керак бўлди. Бу шартда жамоадан 4 нафар иштирокчи қатнашди.

Мусобақанинг 3-шартида («Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш») икки нафар иштирокчи 50 метр масофага замбилни кўтарганча югуради ва маррада ётган шартли жабрланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг жабрланувчини замбилга ортиб, финиш томон югурилади.

«Сафда қўшиқ айтиш» деб номланган кейинги шартда жамоалар сафда шаҳдам қадамлар билан юриб, ҳарбийча қўшиқларни жонли ижро этиши белгиланган.

«Темур тузуклари билимдони» деб номланган охирги шартда ўқувчилар 5 тадан саволга жавоб бериши ва уларнинг ҳар бири учун қўшимча балл эгаллаши мумкин бўлди.

Мусобақанинг ҳар бир шартида вақт мезони билан адолатли баҳолаш механизми асосида иштирокчиларнинг хатти-ҳаракати баҳолаб борилди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида нутқ сўзлаган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов бугунги кунда мамлакатимиз ёшларига бўлаётган эътибор, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ютуқларни эътироф этиб, ҳарбий округ ҳудудида мана шундай тадбирларни ўтказиш учун барча шароитлар бундан кейин ҳам яратиб берилишини таъкидлади.

Ниҳоят ҳаяжонли дамлар етиб келди. Дастлаб мусобақа шартларида алоҳида кўрсатгичларга эришган ўқувчи-ёшлар ва жамоалар тақдирланди. Унга кўра «Энг кучли спортчи» номинациясига Нукус шаҳридаги 46-сон мактаб ўқувчиси Максим Цой, «Темур тузуклари билимдони» номинациясида Қўнғирот туманидаги 35-мактаб ўқувчиси Мансурбек Юсупбаев, «Моҳир мерган» деган номга қўнғиротлик Меҳрибон Калбаева лойиқ деб топилди. Жамоавий таркибда эса «Моҳир мерган» номинациясида Қораўзак туманидаги 28-сон мактаб жамоаси, «Ҳарбийлаштирилган эстафета»да юқори натижа кўрсатган Нукус туманининг 31-сон мактаби, «Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш» шартини маҳорат билан уддалаган Тахиатошнинг 9-сон мактаби жамоаси рағбатлантирилган бўлса, Қўнғирот тумани жамоаси «Сафда қўшиқ айтиш»да ва «Темур тузуклари билимдони» шартларида барчани ортда қолдириши билан олқишларга сазовор бўлди.

Якуний натижаларга кўра, барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган Нукус шаҳрининг 46-сон мактаб жамоаси шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Тўрткўллик ёшларга озгина имконият етмади ва улар фахрли иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Мусобақанинг мутлақ ғолибига эса Кегейли туманидаги 41-сон мактаб жамоаси айланди. Бу ҳақда округ матбуот хизмати хабар берди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, дипломлар, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мусобақада ғалаба қозонган Кегейли тумани жамоаси эндиликда беллашувнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритиб, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири кубогини Қорақалпоғистон Республикасига олиб келиш учун беллашувларда иштирок этиш имконига эга бўлди.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ўғил-қизларнинг шижоатига шижоат қўшиб, ғолиблик учун олиб борилган кучли курашда руҳлантириб турди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?