«Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақаларининг якуний босқич баҳслари старт олди

12:30 30 Апрель 2021 Жамият
386 0

Ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш, ҳарбий ва психологик тайёргарликка эга, буюк аждодларимиз каби мард, жасур, ҳалол, жисмонан бақувват, билимли, ватанпарвар, қийин ва экстремал вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини эгаллаган баркамол авлод этиб тарбиялаш мақсадида жорий йилдан мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги учун «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилди. 

Мазкур мусобақаларда умумтаълим мактабларининг 10-11 синфларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар иштирок этмоқдалар.

«Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақаларининг дастлабки туман, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган кейинги босқичларида ғолибликка эришган энг кучли жамоалар якуний беллашувларда иштирок этиш учун пойтахтимизга етиб келди. Тошкент темирйўл шоҳбекатида улар тантанали кутиб олинди. Сўнгги босқич беллашувлари Қуролли Кучлар академиясининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган ўқув жараёнини таъминлаш базасида ташкил этилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб, уч босқичда ўтказилаётган «Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақалари интеллектуал билим, юксак жисмоний тайёргарлик, бой тажриба ва кўникмаларга эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги авлодини тарбиялашга қаратилган бўлиб, унда ўқувчи-ёшлар мусобақа низомига мувофиқ «Сафда қўшиқ айтиш», «Темур тузуклари», «Моҳир мерган», «Ҳарбийлаштирилган эстафета», «Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш» шартлари бўйича ўзаро беллашадилар.

Бугун мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Алишер Норбоев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Сўзга чиққанлар иштирокчиларга омад ва зафарлар ёр бўлишини ҳамда улар ҳақиқий ватанпарвар, ўз номига муносиб, юртга таянч ва суянч бўлишларини тиладилар.

Ҳарбий-спорт мусобақалар дастуридан унинг иштирокчилари билан турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар, экскурциялар ҳамда гулхан атрофида «Вазир ва ёшлар», «Қўмондон ва ёшлар» каби очиқ ва жонли учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?