Ватан шаънини дунёга таратган ҳарбийлар муносиб тақдирланди

11:20 12 Сентябр 2021 Сиёсат
581 0

Бугун, 11 сентябрь куни пойтахтимизнинг муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида “Арми–2021” Халқаро армия ўйинлари ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов, турли идора ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, фахрий меҳмонлар, ҳарбий хизматчилар, мусобақа ғолиблари, таниқли санъаткорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Жаҳоннинг 42 та давлати Қуролли Кучлари иштирок этган жорий йилги “АрМИ-2021” Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 24 та жамоаси мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон бу йил 4 та олтин, 9 та кумуш, 4 та бронза медалларни қўлга киритди. 10 та рекорд натижаларни қайд этди. Умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Бу зафарлар сўнгги йилларда Қуролли Кучларда олиб борилган туб ўзгаришлар, янгиланишлар натижасидир.

Байрамона тадбирда Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ Халқаро армия ўйинларида фахрли ўринларни эгаллаган жамоа аъзолари ва мусобақаларда рекордлар қайд этган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўл соати, пул мукофотлари билан тақдирланди.
Бундан ташқари, Халқаро армия ўйинларида алоҳида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар муддатидан олдин топширилди. Совринли ўринларни қўлга киритган барча жамоалар вакиллари “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбир давомида Токиода ўтказилган XVI ёзги параолимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларни қўлга киритган шижоатли, матонатли спортчиларимизнинг улкан ютуқлари ҳам юксак эътироф этилди.
Маросимнинг бадиий қисмида йиғилганларга таниқли санъаткорлар, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг ижодкорлари томонидан Ватан, севги-муҳаббат, бағрикенглик, дўстлик каби чин инсоний туйғуларни тараннум этган дилтортар куй-қўшиқлар тақдим қилинди. Фольклор жамоларнинг миллий рақслари ва ижролари ҳам барчага юқори кайфият бахш этди.

Эътибор ва эътирофдан хушнуд бўлган ватанпарвар, фидойи ва жасур ҳарбий хизматчиларимизни келгусида ҳам юртимиз довруғини бундан-да юқориларга кўтаришига ишонамиз.

Мудофаа вазирлиги
Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?