Ватан ичра мўъжаз ватанли бўлган оила қувончи

09:22 18 Май 2021 Жамият
567 0

Бу дунёда имконсизликдан ҳам ортиқ дард борми? Кўзингизнинг оқу қораси бўлган норасида болангиз учун дорига пул топа олмай, кечалари билан гўдагингизни мажолсиз қучоқлаб йиғлаб чиқиш нечоғли азобли...

Тўрт йил электр нурисиз, токдан бир шингил узум узиб ея олмай, тандирда бир сават нон ёполмай, каталакдек қоронғу уйда минг ҳадик билан яшашни тасаввур қила оласизми? Болаларингизга янги кийим олиб бера олмасангиз, ўйнашга, дарс тайёрлашга шароити бўлмаса, додингизни кимга айтасиз?!

Бу оила ҳаётнинг кутилмаган қийинчиликларидан кўп азият чекди. 2020 йили уч ёшли Муҳаммадаюб онкологик касаллик туфайли ўн гулидан бир гули очилмай сўлди, орадан ярим йил ўтиб-ўтмай оила соҳиби Илҳом Ҳайитов 41 ёшида жигар хасталигидан вафот этди.

Икки беморда қайта-қайта жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, оиланинг иқтисодий аҳволи ўта ночор аҳволга тушган эди. Келин бўлиб тушган уйида рўшнолик кўрмаган Шаҳноза Ҳайитова турмуш ўртоғидан ёдгор икки нафар қизлари – 11 ёшли Шаҳло ва 7 ёшли Лобар билан ота уйида яшай бошлади. Юртимизда хотин-қизлар, кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган эътибордан руҳланиб, Олий Мажлис Сенатига уй-жой қуришда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Сенат аъзоси, «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилояти бўлими раиси Топволди Холдоров бу оила шароитини яхшилаб ўрганди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги, Фарғона туман секторлари раҳбарлари сенаторнинг ушбу оилага янги уй қуриб бериш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, атиги икки ой давомида Шаҳноза Ҳайитовага Ватан ичра кичик ватан қуриб берилди.

Рамазон ҳайити байрами арафасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона тумани, Қўрғонтепа қишлоғи, «Янги йўл» МФЙда жойлашган мазкур хонадонда бўлиб, Шаҳноза Ҳайитовага янги уйнинг кадастр ҳужжати, қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

— Бугун ҳеч ким давлатимиз, Президентимизнинг меҳр-эътиборидан четда эмас, —дейди янги уй соҳибаси қувончдан кўзларига ёш олиб. – Бундай рағбат бизнинг оила ҳаётини ҳам ёруғликка олиб чиқди. Янги уйга кўчиб ўтгач, кўрган қийинчиликларимиз бир тушдек ортда қолди.

Саккиз сотихли ҳовлида уч хонали уй – меҳмонхона, ётоқхона, ошхона қурилиб, барча хоналар мебеллар, ошхона ва уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланди. Хонадон томорқасида барпо этилган икки сотихли иссиқхона бодринг пишяпти. Томорқанинг қолган қисмига помидор экилди. Иккита қўй, ўнга яқин товуқ олиб берилди.

Қўрғонтепа қишлоғидаги фермер хўжалиги аъзоси сифатида иш бошлаган Шаҳноза Ҳайитова эндиликда оиласи доимий даромад манбаига эга бўлганидан мамнун. Шу тариқа маҳаллабай ўрганишлар давомида «аёллар дафтари»га киритилган Шаҳноза мазкур рўйхатдан чиқарилди.

Оиланинг эркатой қизлари Шаҳло ва Лобар илгари 58-умумтаълим мактабига узоқ йўлдан қатнашга мажбур эди. Бундан буён нафақат йўл яқин бўлди, балки янги уйларида синфдошлари билан бирга дарс тайёрлаш учун ҳам энг яхши шароитлар яратилди.

— Ёлғиз ўғлим, турмуш ўртоғимнинг вафотидан кейин ҳаёт кўзимга қоронғу кўринган эди,-дея хотирлайди оила бекаси. – Аммо яхши кунлар келишига ишониб яшадим. Халқимиз «Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ» дея бежизга айтмаган. Ён-атрофимизда яхши инсонлар кўп эканлиги қандай яхши!

Мактабнинг 4-синфида ўқиётган Шаҳло шифокор бўлиш орзусида. Биринчи синфни тугатаётган Лобар ўқитувчи бўлиш ниятида аъло баҳоларга ўқияпти. Шаҳнозанинг таъкидлашича, раҳматли дадаси иккинчи қизига устозига ҳавас қилиб Лобар исмини қўйган эди. Ўлими олдидан ҳам Лобар, албатта, ўқитувчи бўлиши керак, дея васият қилиб кетди.

Эл чорлаганда хизматда астойдил камарбаста бўлиш халқимизнинг энг эзгу фазилатлари сирасига киради. Муштарак мақсад йўлидаги аҳил-иноқлик туфайли боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оиланинг ҳаёт тўкислиги таъминланди.

Одамийликнинг энг олий мезони шу эмасми, аслида!

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?