Вашингтонда ўзбекистонлик мутахассислар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди

18:01 09 Сентябр 2020 Иқтисодиёт
291 0

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ушбу давлат савдо вазирлигининг «SABIT» дастури директори Трейси Роллинз билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди.

Унда «SABIT» дастури доирасида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўзбекистонлик мутахассислар малакасини ошириш истиқболлари ва АҚШда тадбиркорлик асослари юзасидан муҳокамалар олиб борилди.

«SABIT» АҚШдаги хорижий мутахассислар учун ўқув дастури сифатида ишлаб чиқилган. Бугунги кунга қадар Евроосиё ва бошқа минтақалардан деярли 7 минг нафар раҳбар ва тадқиқотчи дастурни муваффақиятли якунлади. Дастур талабаларга АҚШ саноат сектори ва унинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари билан танишиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, инновацион технологиялар, илғор ускуналар ва бозор шароитида тадбиркорлик асослари тўғрисида янги билимларни олиш имкониятини беради.

Дастурда Ўзбекистоннинг 200 дан ортиқ вакили иштирок этди. 2020 йилда агробизнес, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва чиқиндиларни бошқариш каби соҳаларда 7 та дастурни амалга ошириш кўзда тутилган эди. Аммо коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб иккита — «Агробизнес инновацияси ва самарадорлиги» ва «Йўл қурилиши» мавзуларидаги дастурлар амалга оширилди. Ушбу дастурларнинг ҳар бирида Ўзбекистондан иккитадан мутахассис қатнашди.

Учрашув чоғида Америка вакилларига талаб қилинадиган касблар бўйича маҳаллий мутахассисларнинг ташқи меҳнат бозорига муваффақиятли мослашиши учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан улар малакаларини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди. Халқаро талабларга мувофиқ малакали ва тилни яхши биладиган мутахассисларни тайёрлаш зарурлиги ҳам таъкидланди.

«SABIT» дастури раҳбари Ўзбекистоннинг Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси бўйича халқаро шартномалар имзолашини, шунингдек, бюджети 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган чет элда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма яратилишини мамнуният билан қайд этди.

Шу нуқтаи назардан АҚШ Савдо вазирлиги вакили элчихонанинг «SABIT» дастури бўйича ўзбекистонлик мутахассислар учун ахборот технологиялари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, соғлиқни сақлаш, эркин иқтисодий ва эркин савдо зоналарини бошқариш каби йўналишларда тренинглар ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Трейси Роллинзнинг айтишича, «SABIT» стажировкаси давомида ихтисослашган тармоқ бўйича ўқитишга, Ғарб менежменти тушунчалари ва бозор иқтисодиёти тамойилларини ўрганишга эътибор қаратилади. Таълим мавзуларини танлаш иштирокчилар ҳукуматлари сўрови доирасида Америка ривожланишининг асосий йўналишларига, Америка компанияларининг чет эл стажёрларини қабул қилишга тайёрлигига, шунингдек, АҚШнинг ҳар бир мамлакат учун ташқи иқтисодий устуворлигига қараб, Давлат департаменти томонидан белгиланади. Номзодларни ёллаш маълум бир мамлакатнинг савдо палаталари ва уюшмалари ёрдамида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган эълонларга мувофиқ амалга оширилади.

«SABIT» дастури директорининг сўзларига кўра, ўқувларни пандемия билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда видеоконференция шаклида ўтказиш ишлари олиб борилмоқда, бу ерда нафақат танланган дастур иштирокчилари, балки давлат ва хусусий сектор мутахассислари ҳам таклиф қилинади.

Музокаралар натижасида АҚШ Давлат департаменти томонидан «SABIT» доирасида республикамиз учун ажратилган бюджетни ошириш ва ўзбекистонлик мутахассислар учун алоҳида машғулотлар ҳамда курсларни ташкил этиш, шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, чиқиндиларни бошқариш, шошилинч тез ёрдам хизматлари, аэропортларни ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш каби соҳаларда ўзбекистонлик мутахассисларни «SABIT» тренингларига жалб қилиш мақсадида қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?