Валийсифат олим эди

22:56 03 Апрель 2022 Жамият
605 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, академик Ботирхон Валихўжаев ҳақида ўйлаганимда кўз олдимда фариштасифат, одамийлик ва олимликни ўзида мужассамлаштирган инсон гавдаланади. Домла билан бирга ишлаш, суҳбатлашиш, яқин ҳамкорлик қилиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланиб юраман. Ва ҳалоллик, камтаринлик, меҳр-оқибат нима эканлигини билмоқчи, англамоқчи бўлганлар Ботирхон Валихўжаев сиймосини кўз олдиларига келтириши керак, деб ҳисоблайман.

Илм-фан фидойилари

Умримнинг эллик йили олий таълим даргоҳларида ўтган бўлса, Ботирхон Валихўжаевдай фидойи, хокисор, бағрикенг, ҳассос инсонни ҳам, олимни ҳам бошқа кўрмадим, десам, муболаға бўлмайди. Домла мансаб, шон-шуҳрат тушунчаларидан жуда-жуда йироқ эди. У киши ниҳоятда вақтни қизғанар, шу боис беҳуда ишлардан ўзини олиб қочарди. Имкони борича умрининг ҳар бир дақиқасини илм-фан ва таълимга бағишларди. Энг асосийси, домла ҳақида бирон жойда, бирорта инсондан салбий фикр эшитмаганмиз. На касбдошларига, на маҳалладошларига ва на оила аъзоларига бирор марта баланд овозда гапирганини ҳеч ким эслолмайди.

Ботирхон Валихўжаев нафақат катта олим, балки том маънодаги педагог ҳам эди. У киши Самарқанд давлат университетидаги фаолияти давомида ҳалоллик тимсолига айланганди. Ниҳоятда оддий яшаши, ўта содда юриб-туриши, таъбир жоиз бўлса, ҳатто чумолига ҳам озор бермаслик учун эҳтиёт бўлиб қадам ташлаши ибрат мактабидир. Олимдан ҳашаматли иморатлар, мол-дунё қолгани йўқ. Яхши ном қолди, улкан маънавий мерос қолди.

Домла бутун умрини ўзбек адабиёти тарихини тадқиқ этишга бағишлади. Аниқроқ қилиб айтганда, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги бебаҳо асарлари бугунги кунда миллат мулкига айланди. Олимнинг асарлари, илмий тадқиқотлари нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки бутун дунёда маълуму машҳур эди.

Баъзан ўйлаб қоламан: қани энди ҳамма олимлар ҳам Ботирхон Валихўжаевдай бўлса. Домладай ўз халқини севса, Ватанини, миллатини, аждодларини, тарихини ўрганса. Ушбу изланишлар натижаларини жилд-жилд китобларга жойласа! Назаримда, умр қадрини, вақт қадрини ҳеч ким ушбу аллома даражасида англаб етмаган. Домла нафақат ўзбек, балки тожик адабиётининг ҳам ҳақиқий билимдони эди. Халқларимиз дўстлиги ҳақида балки минбарларда жўшиб гапирмагандир, лекин Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий тимсолида ўзбек ва тожик халқлари дўстлигига ҳайкал қўйганди.

Ботирхон Валихўжаев бир пайтлар Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдулла томонидан асос солинган ўзбек адабиёти тарихининг Самарқанд мактаби салоҳиятини бутун жаҳонга намоён этди.

Илмнинг ҳам бир қатор йўллари борлигини инкор этмаслигимиз керак: фан доктори, фан номзоди ёки профессор бўлиш бу олимлик мартабасига эришди, дегани эмас. Афсуски, ёзилган диссертациялар, чиқарилган китобларнинг барчаси ҳам академик илм талабларига жавоб беравермайди. Ботирхон Валихўжаев бу борада ҳам мамлакатимиз олимларига ўрнак, намуна бўладиган аллома эди. У киши томонидан ёзилган мақолалар, монографиялар, бажарилган илмий тадқиқотлар ўта залворли. Улар, асосан, фанимиз учун янгилик, кашфиёт эди. Лекин домла бу ҳақда бирор жойда гапирмас, ўзи тўғрисида фикр юритишга, ҳатто юбилейини ўтказишга ҳам йўл қўймасди.

Амин бўлганим: манфаат нималигини билмаслик, ўзига ортиқча баҳо бермаслик, ўз ишидан қониқмаслик, ўзгаларда йўқ бўлган хислатларни уларга нисбат бериш, сабр-тоқат, ҳақиқий тасаввуфона ҳаёт соҳиби эди. Домла устозларига, шогирдларига чексиз эҳтиром кўрсатарди. Лекин ўзига Ғамхўрлик қилишларига ҳеч қачон йўл қўймасди.

Ҳаёт экан, раҳбарлик лавозимларида ишлаш давомида унвон, орден, медаль, мансаб талашганларни кўп кўрдим. Юбилейини ўтказиб беришимизни сўраганларга гувоҳ бўлдим. Лекин Ботирхон Валихўжаевдан «Бизга нима хизмат бор?» деб сўралганда, китобларини нашр этишимизни илтимос қилган эди...

Олимлик чин маънода, фидойилик, ўзини бахш этиш, ўзини англаб етиш эканлиги Ботирхон Валихўжаевнинг ҳаёти ва илмий фаолияти мисолида яққол кўринади. Домланинг энг улкан тадқиқотларидан бири бу, шубҳасиз, «Самарқандда олий таълим — мадрасаи олия, университет тарихидан лавҳалар» асаридир. Мазкур тадқиқот жаҳон олий таълим тарихига оид улкан ҳақиқатларни, қимматли маълумотларни тадқиқ этгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу асарнинг 2003 йилда Истанбулда чоп этилиши маънавий-маърифий ҳаётимизда энг улуғ воқеалардан бири бўлган эди. Камина ушбу асар ёзилишида, чоп этилишида қатнашганимдан, гарчи нокамтарлик бўлсада, ташаббускор бўлганимдан фахрланаман. Самарқанд давлат университетида яратилган ушбу тадқиқот жаҳон олий таълими тарихини қайтадан ўрганиш, тадқиқ этиш зарурати борлигини бутун дунёга кўрсатган ва англатган эди. Олимнинг бу асари Самарқанд жаҳон илм фанининг марказларидан бири бўлганлигини, олий таълимнинг бешиги эканлигини, бугунги илк илмий-тадқиқот институтлари Улуғбек обсерваторияси мисолида Самарқандда барпо этилганлигини бутун дунёга исботлаб берди.

Ботирхон Валихўжаев ҳаёт бўлганида кеча 90 ёшни қаршилаган бўларди. Лекин инсоннинг жисми абадий эмас. Шундай умрлар борки, улар боқий яшайди. Бу инсоннинг иккинчи умридир. Таассуфки, бундай иккинчи умр ҳаммага ҳам насиб этмайди. «Жисмимиз йўқолур, номимиз қолур...» деганда шоир балки Ботирхон Валихўжаевдай олимларни, уларнинг барҳаёт умрини назарда тутгандир, эҳтимол.

Самарқанд давлат университети маъмурияти Ботирхон Валихўжаевнинг 90 йиллиги муносабати билан олимнинг бутун илмий меросини нашрга тайёрлаш, чоп этиш, ушбу бебаҳо дурдоналардан халқимизни баҳраманд қилиш борасида қатор ишларни амалга оширмоқда.

Мақолага «Валийсифат олим эди» деб сарлавҳа қўяр эканмиз, бунда заррача муболаға йўқ. Ростдан ҳам олимларнинг валийси бўлса, бу, шубҳасиз, Ботирхон Валихўжаевдир.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат

университети ректори, профессор, 

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер