Валентина Колазанте ва Алессио Карбоне Тошкентга келади

20:51 23 Март 2018 Маданият
1950 0
Фото: afisha.uz

Шу йил 14 апрель куни “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган концерт дастурида дунёдаги афсонавий театрлардан бирининг 11 нафар яккахон қўшиқчиси иштирок этади.

Уларнинг ичида жаҳон балет санъатининг бир қатор юлдузлари бор. Хусусан, Париж миллий операси премьери, яъни бош артисти, “балет Оскари” деб аталувчи “Brilliance of the 21st Century” мукофоти соҳиби Алессио Карбоне пойтахтимизга ташриф буюради. Премьер ушбу солистнинг балет труппасидаги мақомидир.

Бу борада мутлақ юксак мақом ҳисобланган “этуаль” соҳибаси Валентина Колазанте ҳам санъаткор-меҳмонлар орасида бор. У “Дон Кихот”, “Баядера” “Уйқудаги шаҳзода”, “Кармен” каби кўплаб спектаклларда ўз ролини ёрқин ижро этиб бергани билан оламга танилган. Пол Марк эса – Париж миллий операсининг порлаб келаётган юлдузи. Ўзининг 21 ёшида у қатор халқаро мукофот ва совринларни қўлга киритиб, дунё эътирофига сазовор бўлди. Уларнинг барчаси ўзбекистонлик мухлислар олдида чиқиш қилишади.

Санъат кечасида “Оққуш кўли 4-акти”, “Дон Кихот”, “Корсар” каби балет асарларидан парчалар намойиш этилади. Анъанавий декорациялар ўз ўрнини ёрқин чироқлар ва нафис либосларга бўшатиб беради. Бу машҳур асарларнинг янгича, таниқли хареографларнинг ажойиб ёндашувларини ўзида ифодалаган кутилмаган талқини бўлади.

Маълумот учун, Париж миллий операси тарихи тўрт юз йилдан ортиқ вақтни ўз ичига олган тарихга бориб тақалади. У ўзида Европа операси ва балетининг энг яхши анъаналарини жамлаши қаторида, бугунга келиб замонавий хареографиянинг ёрқин рангларини ҳам уйғунлаштирган. Ўзига хос рақс техникаси ва навқирон, аммо юксак маҳоратли санъаткорларнинг кўплиги Париж операсига ноёблик бахш этмоқда. Бу ерда солистларнинг ўртача ёши 25да. Айни пайтда мазкур театр нафақат Парижнинг асосий саҳнаси, балки сайёрамизнинг етакчи илҳом майдонларидан биридир. Унинг труппасига истеъдодларни саралаб олиш тизими ўта талабчан ва қатъийлиги бўйича жаҳонда асосий ўринлардан бирини эгаллайди.       

Юлия ЛОГВИНА.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?