Вакцинация — жамоавий иммунитет кафолати!

13:13 06 Июль 2021 Жамият
224 0

Бугун коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олишдан огоҳ этувчи энг самарали чора – вакцинация эканлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Ҳозирда дунё мамлакатларида коронавирусга қарши вакцинанинг у ёки бу тури билан эмланган аҳолининг ҳиссаси тобора ошиб бораётганлигини кўришимиз мумкин. Рақамларга мурожаат қилсак, бугунги кунга қадар Буюк Британияда аҳолининг 66 фоизи, Италияда - 57 фоизи, Германия ва АҚШда - 55 фоизи, Францияда -52 фоизи, Хитой ва Туркияда 43 фоизга яқини коронавирусга қарши эмланди.

Вакцинация ҳозирча коронавирусдан ҳимоя қилувчи энг яхши восита ҳисобланади. Афсуски, баъзида ижтимоий тармоқларда ушбу жараён ҳақида нохолис танқидларга дуч келамиз. Гўёки, вакцинация ҳеч қандай самара бермайди, эмиш. Бундай даъволар асоссиз бўлиб, ҳеч қандай заминга эга эмас. Бу аслида айрим шахсларнинг вакцинациядан кейин у келтириб чиқарадиган вақтинчалик асоратлар ҳақидаги уйдирмасидан бошқа нарса эмас. Албатта, ҳар қандай дармондори сингари вакцинанинг ҳам ўзига хос қўшимча таъсирлари мавжуд. Аммо эмланмаган одам коронавирусни юқтириб, бу лаънати дардга мубтало бўлганидан кўра, эмланиш асоратидан вақтинчалик жабр кўргани яхшироқ эмасми, аслида?!

Ўзбекистонда ҳам сўнгги 3 ой ичида 700 мингга яқин киши (аҳолининг 2 фоизи) COVIDдан тўлиқ эмланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда жами 7,4 миллион доза (шундан 6,5 миллион — Хитой-Ўзбекистон вакцинаси ZF Uz-VAC 2001 вакцинаси, 660 минг — AstraZeneca вакцинаси ва 240 минг дона «Спутник V” вакцинаси) мамлакатимизга олиб келинди. ZF Uz-VAC 2001 билан эмлашнинг тўлиқ курси учун учта доза, бошқа вакциналар учун иккита доза зарурдир.

Вакцинация йўлида илк қадамлар қўйилгани айни муддао. Бироқ тан олиш керакки, республикамизда эмлаш режалари ўз вақтида бажарилмаяпти. Ваҳоланки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аҳолида касалликка қарши жамоавий иммунитет шаклланиши учун у албатта эмланиши зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Жамоавий иммунитет-шаклланиши учун эса камида 60-70 фоиз аҳоли эмланган бўлиши кераклиги айтилмоқда.

Шу боис, юртдошларимизнинг албатта вакцина олишлари умумнинг манфаати учун ниҳоятда зарурдир. Бу жараён қанчалик тез ўтса, шунча яхши. Мен ўзим «Спутник V” вакцинаси билан 2 марта эмланган шахс сифатида барча юртошларимизни вакцина қабул қилишга чақириб қоламан. Зеро, коронавирусга қарши жамоавий иммунитетни шакллантиришнинг бирдан бир йўли унга қарши эмлашдир.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси раҳбари ўринбосари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?