Узумчилик тармоғини ривожлантириш бўйича янги тизим яратилади — Президент

19:48 07 Июль 2021 Иқтисодиёт
644 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида узумчилик соҳасида мавжуд муаммолар ва тармоқни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган селектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади. Турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Ҳусайни, тойфи, Ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожида ушбу тармоқнинг муҳим эканлиги инобатга олиниб, сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзор ташкил этилди, соҳага 210 миллиард сўм субсидия ажратилди. Ўтган давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайди.

Йиғилишда узумчилик тармоғида бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилди.

Бугунги кунда 90 минг гектар майдонда узум етиштирилиб, соҳада 900 минг аҳолининг доимий ва мавсумий бандлиги таъминланган. Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Наманган ва Навоий вилоятлари узумчиликда майдон жиҳатидан етакчи ҳудудлар ҳисобланади.

Жаҳон бозорида хўраки узум савдоси мевалар ичида учинчи ўринда бўлиб, ҳар йили унга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда (жами йиллик экспорт ҳажми 10 миллиард доллар).

– Хўраки узум бўйича экспорт салоҳиятимиз камида 600 миллион доллар (бу йил 200 миллион доллар), майиз – 500 миллион доллар (бу йил 130 миллион доллар) ва табиий вино – 100 миллион долларга (бу йил 50 миллион доллар) тенг. Бу биз учун жуда катта имконият, бундан унумли фойдаланишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Қайд этилганидек, Европада 800 миллион, Хитойда 600 миллион, Россияда 300 миллион, Ҳиндистонда 250 миллион долларлик экспорт бозори мавжуд.

Мутахассислар фикрича, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, тўрт йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинадиган бир килограмм ёғнинг жаҳон бозоридаги нархи – 10-15 доллар бўлиб, Ўзбекистонда бир йилда 1,5 минг тонна ёғ ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

1 гектар ғалла майдонида 2 киши банд бўлиб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини доимий ва мавсумий банд қилиш ва 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин.

Бундан ташқари, узум кўчати 4-5 йиллик бўлганича оралиқ экин экиш орқали яна миллионлаб сўм даромад кўриш мумкин.

Йиғилишда узумчилик соҳасида йиллар давомида тўпланган тажрибадан унумли фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони 7 минг гектарга камайган. Мисол учун, Қашқадарёда 2,5 минг гектар, Наманганда 2,4 минг, Сурхондарёда 1,2 минг, Андижонда – 645 гектар.

Аксинча, Жиззах, Қорақалпоғистон ва Фарғонада токзорлар майдони кўпайган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?