Узумчилик йўналишида бутун салоҳиятимизни тўлиқ ишга солишимиз зарур

17:02 08 Июль 2021 Иқтисодиёт
260 0

Кейинги йилларда аграр соҳанинг бошқа йўналишлари каби юртимизда узумчилик ҳам яхши ривожланди. Янги токзорлар барпо қилинди, дарахтларга ишлов бериш, суғоришда янги технологиялар жорий қилинди. Мазкур тармоққа масъул янги идоралар, муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 900 минг юртдошимиз узумчиликда доимий ва мавсумий иш билан бандлиги ҳам бу йўналиш кўламидан дарак бермоқда. Шунга яраша салмоқли муваффақиятлар қўлга киритиляпти, ҳосилдорлик тобора ортиб боряпти. Бироқ ютуқларга маҳлиё бўлиб қолиш, хотиржамликка берилиш ярамайди. Айниқса, узумчиликда бор имкониятлардан тўла фойдаланиляпти, деб бўлмайди.

Кеча Президентимиз раислигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Қайд этилганидек, ўтказилган таҳлиллар бу соҳага катта эътибор қаратиш, кўплаб масалаларни ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Чунончи, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайган. Тармоқда селекция ишлари деярли йўқ, ҳалигача 40-50 йил аввал яратилган узум навлари экиляпти. Кўчат етиштириш илмига ва технологиясига амал қилинмайди, кўчат касалликлари билан олимлар ҳам, ишлаб чиқарувчилар ҳам шуғулланмайди. Шу боис ҳосилдорлик ҳам пасайиб, касаллик эса кун сайин кўпайиб бормоқда.

Йиғилишда узумчиликни жадал ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар бирма-бир тилга олинди ва уларни ҳал қилишга қаратилган вазифалар белгиланди.

Жумладан, тоғолди туманларида йирик узумчилик плантацияларини ташкил этилади. Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари барпо қилинади. Илмий муассасалар тасарруфидаги ерларда сертификатланган узум кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш учун виночилик кластерлари бунёд этилади.

Мажлисда, шунингдек, мазкур тармоқни ривожлантириш билан боғлиқ ишларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.

Мухтасар айтганда, узумчилик тармоғига жиддий эътибор қаратилиб, тизимли ислоҳ қилинаётгани юртимиз аҳолисининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда ўзига хос омил бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?