Узоқ йиллар ҳал этилмаган муаммоларга қандай ечим топилмоқда?

15:21 16 Октябр 2021 Жамият
794 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"

Фориш — Жиззах вилоятининг қарийб ярим ҳудудини эгаллаган туман ҳисобланади. Бу манзилда тоғ ва боғ, чўл табиати ўзаро уйғун ҳамда мутаносиблик касб этган. Аҳолининг асосий қисми қишлоқларда истиқомат қиладиган мазкур туманда деҳқончилик ҳамда чорвачилик маданияти йиллар давомида такомиллашиб, ривожланиб келяпти.
Қайд этиш керак, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, узумчилик, балиқчилик ва қоракўлчилик каби аграр тармоқларнинг кенгайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашни кенгайтириш имконини берибгина қолмай, ҳудуднинг асосий иқтисодий драйвер соҳалари сирасига киради.

Шу маънода, аҳоли манфаатларини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш орқали олис қишлоқ ва маҳалаларда фаровон турмуш маданиятини шакллантириш бош мақсадга айланган. Бу борадаги ишларга секторлар, хусусан, Фориш тумани 2-сектор раҳбар ва масъуллари бош-қош бўлаётир.
Туман иккинчи сектор ҳудудида олтита маҳалла бўлиб, “Норвон”, “Яссикечув”, “Мустақиллик”, “Қоробдол ота”, “Илонли”, ва “Гараша” МФЙни ўз ичига олган. Аҳоли сони 25743 нафар, 4719 та оила, 4043 та хонадонда истиқомат қилади.
Сектор масъуллари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини таъминлаш, биринчи навбатда, ташкил этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”да қайд этилган фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва шу орқали оилаларни камбағаллик даражасидан ўрта даражага кўтариш борасидаги ишларни тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратган.

Туман бўйича “аёллар дафтари”га жами 10055 та аёл киритилган бўлса, уларнинг  2957 нафари 2-сектор ҳудудига тўғри келади ва асосий муаммоси ишсизликдир.
Сектор раҳбари ташаббуси билан “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”да турувчи ўн нафар хотин-қиз ва имконияти чекланган фуқароларга ўнта 6 сотихли уй-жой қуриб берилди. Жумладан, “Яссикечув” МФЙда яшовчи Муҳаббат Рўзиева, Манзура Эшонқулова ҳамда Гулҳаё Ражабоваларнинг йиллар давомида ҳал бўлмай келаётган уй-жой муаммосига барҳам берилди.
“Аёллар дафтари”да турувчи Химогул Сондиева ўз уйидан уй боғчаси очишда сектор раҳбари томонидан амалий ёрдам берилди. Натижада икки нафар аёлнинг бандлиги ҳам таъминланди.
Сектор ҳудудида “Гараша чеварлари” ва “Қоробдол чеварлари” тикув цехлари ташкил этилиб, махсус дафтарларда турувчи 100 нафардан ортиқ хотин-қизлар ишга жойлаштирилди. Айни бандлик йўналишида “Яссикечув” МФЙдаги 50 нафар хотин-қизга 1 сотихдан жами 50 сотих ер майдон ажратилиб, марказлашган иссиқхона қуриб берилиши таминланди.

Ишсиз сифатида рўйхатга олинган 1981 нафар аёлнинг 100 нафари доимий иш билан таъминланган, 374 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинган. Бундан ташқари, 69 нафарига тадбиркорлик қилишлари учун, 32 нафарига томорқасини ривожлантириши учун субсидия ажратиб берилиб, бандлик муаммоси ҳал этилган. Шунингдек, оиласидаги мавжуд шароитдан келиб чиқиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали ўз-ўзини банд қилганлар 1357 нафарни, ишсизлик нафақаси тўлаб берилганлар эса 49 нафарни ташкил этмоқда.
369 нафар аёл туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ўзлари танлаган йўналишлар бўйича ўқитилди, тадбиркорлик қилиш учун кредит олиш истагида бўлган 300 нафар хотин-қизга жами 2 млрд. сўмга яқин миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланган. 
Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд 28 нафар аёлдан бир нафари, мурожаатига кўра, ўқишнинг контракт тўлови учун 7,6 млн. сўм миқдорида бир марталик пул маблағи тўлаб берилган. Етти нафари учун 6 сотихдан ер ажратилиб, уй-жой таъминоти амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу тоифадаги аёлларга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул маблағлари кўринишида ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб келинмоқда. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги мавжуд 51 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, дори-дармонлар, реабилитация воситалари етказиб берилган. Ҳомийлар томонидан кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида ёрдамлар кўрсатилган. Уч нафарига ҳомийлик ёрдамлари билан бирга, эҳтиёжидан келиб чиқиб, 6 сотихдан ер ажратилиб, уй қуриб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Нотураржойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида уй-жойи мавжуд бўлмаган 3 нафар аёлнинг яшаб келаётган бинолари ўзларининг номига ҳужжатлари расмийлаштириб берилган. Ушбу тоифада турган аёлларга ҳомийлар томонидан кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида ёрдамлар кўрсатилган. Фарзандларини даволатиш мақсадида бир марталик пул маблағлари ажратиб берилган, моддий нафақалар тайинланишида кўмак кўрсатилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд 362 нафар хотин-қизнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли жамғармадан ажратилган жами 160 миллион маблағ эвазига дори-дармон ва реабилитация воситалари етказиб берилди. 30 нафари Гагарин сиҳатгоҳида, 50 нафари Туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанди.

Қолаверса, икки юз нафарга яқин аёллар нинг ҳуқуқий муаммолари туман ва вилоят суди судьялари, туман адлия бўлими, туман ИИБ ва туман прокуратураси томонидан ўрганилиб, ҳал этилди, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Фориш туман иккинчи секторида аҳоли, хусусан, аёллар ва ёшлар муаммоларини ҳал этишда жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллардаги мурожаатлар ижроси изчил назоратга олинган. Бу эса узоқ йиллар ҳал этилмай келган кўплаб муаммоларга ечим топишда қўл келмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллабай ўрганишлар натижасида оилалар фаровонлиги таъминланиб, ҳудуд тобора чирой очиб бораётир. Буларнинг барча бугунги туб ислоҳотлар меваси, десак, айни ҳақиқат.

“Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?