“Uzbekistan Airports” огоҳлантириш билан чиқди

00:50 15 Январь 2021 Жамият
609 0

“Uzbekistan Airports” АЖ Ахборот хизмати карантин қоидалари юзасидан огоҳлантириш билан чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Махсус комиссияси баёнига мувофиқ, 2020 йил 25 декабрдан эътиборан юртимизга коронавирус ва янги штамми кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш мақсадида коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш учун хориждан мамлакатимизга келаётган шахслардан экспресс тест олиш мажбурий тартибда амалга оширилмоқда.

Юртдошларимизга махсус комиссия кўрсатмаси бўйича аэропортдан учиб кетиш вақтида ПЗР тести, Ўзбекистонга учиб келганда эса антиген экспресс тестини олиш тартиби ўрнатилганини маълум қиламиз.

Йўловчиларда ПЗР тестининг манфий натижаси тўғрисидаги таҳлил натижалари мавжудлигидан қатъий назар, улар ўз ҳисобидан халқаро аэропортларимизнинг чегара пункти ҳудудида экспресс тест топширишлари зарур.

Тошкент халқаро аэропортида ҳам экспресс тест олиш жараёнлари «Тиббиёт дунёси» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Экспресс тест нархлари мазкур ташкилот ўрнатган таърифларга биноан 2020 йил 25-28 декабрга қадар 150 минг сўм, 28 декабрдан бошлаб 95 минг сўм, талабалар учун 50 минг сўм миқдорида тўлов белгиланган.

Экспресс тестнинг таҳлил натижалари 15 дақиқа мобайнида паспортларга штрих кодларини қўйиш орқали маълум қилинади.

2020 йил 25 декабрдан 2021 йил 13 январга қадар Тошкент аэропортида 26 мингдан зиёд йўловчидан антиген экспресс тести олинган. Шу кунгача коронавирус аниқланган 43 йўловчи шифохоналарга жойлаштирилди.

Кўп ўринли самолётларни кутиб олишда тирбандликнинг олдини олиш учун йўловчилар оқимини терминалнинг 5 та жойидаги тест олиш тиббиёт қисмларига йўналтириш ташкил қилинган.

Фуқаролар парвоздан бир неча кун аввал ПЗР тестини топшириш бўйича буюртма беришлари ҳам мумкин.

Аэропортнинг биргина учиб келиш залида 4 та банкомат ва 2 та валюта айирбошлаш шахобчалари мавжуд.

Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида ҳар 15-20 дақиқада ижтимоий масофани сақлаш ва пандемия қоидаларига амал қилиш бўйича давомий овозли эслатмалар 3 тильда эълон қилиб борилади.

Аэропорт ходимлари томонидан фуқароларнинг тирбандликни ҳосил қилмасликларига эътибор қаратилиб, зарур тавсиялар бериб борилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?