Uzbekistan Airports мамлакат аэропортларини автоматлаштирмоқда

17:38 14 Август 2022 Жамият
820 0

Жадал ўсиб бораётган йўловчилар оқими аэропорт фаолиятининг асосий жараёнларини рақамлаштиришни талаб қилади. Бироқ, IT инфратузилма яратмасдан туриб ихтисослаштирилган тизимларни жорий этишнинг иложи йўқ эди. 

Шу сабабли, республика аэропортлари учун 500 та янги компьютер, рўйхатга олиш устунлари учун 98 та принтер, 160 та коммутатор ва кириш шлюзлари, 2170 та IP телефонлар, тармоқ ускуналари билан жиҳозланган 4 та юқори даражадаги серверлар, лицензияланган вирусга қарши ва сервер дастурлари харид қилинди. Интернетга юқори тезликда кириш учун 16 минг км оптик толали симлар ўтказилди.

Бундан ташқари, йил давомида аэропортларда Энтерприсе тоифали корпоратив почта хизмати, IP телефония тизими, файлларни сақлаш ва алмашиш хизмати, ускуналар мониторинги ва чоп этишни бошқариш тизими, марказлаштирилган антивирус тизими ва серверларда икки факторли авторизация тизими жорий этилди, аэропортлар ўртасида тармоқ инфратузилмаси қурилди ва янги умумий фойдаланиш платформаси CUPPS (Common Use Passenger Processing System), аэропортда йўловчиларни рўйхатга олиш ва ҳаво кемаларини марказлаштириш бўйича янги тизимлар жорий этилди.

Инфратузилма тайёр бўлгач «Uzbekistan Airports» мутахассислари мамлакат халқаро аэропортларини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим IT ва дастурий таъминот тизимларини босқичма-босқич жорий этишга киришдилар. Айни пайтда аэропортда операцион маълумотлар базаси AODB (Airport Operational Database) тизими, авиакомпаниялар билан слотларни мувофиқлаштириш ва жадвални яратиш учун Slot (Slot Management System) тизими ва йўловчиларга маълумотларни визуал етказувчи FIDS (Flight Information Display Systems) тизими жорий этилди.

AODB тизими кўп сонли ташувларни, шу жумладан трансферларни хавфсиз ва самарали бошқариш имконини беради. Ҳар куни ўнлаб аэропорт хизматлари тизимни маълумотлар билан тўлдириб, барча аэропортлар учун ягона маълумотлар базасини шакллантиради. Унда ҳар куни ҳаво кемаларининг барча учиш ва қўнишлари, рўйхатдан ўтиш ва бортга чиқиш вақти, йўловчилар ва багажлар сони, хизмат кўрсатишда қатнашган техникалар тўғрисида маълумотлар тўпланиб боради. 

Илгари шу каби маълумотлар қоғоз шаклида — сон-саноқсиз режалар, журналлар, папкалар - тўпланган, инсон факторини ҳисобга олганда, бир мунча ҳатоликларга йўл қўйилган. AODB асосида SLOT ва FIDS қуйи тизимлари ўрнатилган. SLOT-координация тизими автоматик равишда парвозлар жадвалини — келиш ва жўнаш вақтларини яратади. FIDS тизими AODB ва SLOT билан интеграциялашган ҳолда йўловчилар учун зарур бўлган маълумотларни аэропорт терминалларидаги таблоларда акс эттиради.

«Ўзбекистон аэропортлари ахборот технологияларисиз рақобатбардош бўла олмайди. Бугунги кунда IT инфратузилмасини яратмасдан, унинг доимий ўсиши ва ривожланишисиз йирик йўловчи оқимларини бошқаришнинг иложи йўқ. Бу глобал авиакомпаниялар учун ҳам муҳим мезондир. Улар парвоз жадвали қоғозда ёзиладиган аэропортларга учмайди, улар қулай тарифлардан ташқари, замонавий технологиялар таклиф эта оладиган аэропортни танлайди. 

Ушбу тизим ва дастурий таъминотларининг жорий этилиши ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлар бўйича барча маълумотларни онлайн тарзда олиш имконини беради, аэропорт даромадларининг шаффофлигини оширади, ходимларнинг ишини сезиларли даражада осонлаштиради, аэропортларнинг кўплаб хизматлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни максимал даражада яхшилайди ва, албатта, , йўловчилар учун қулайлик яратади, — деди «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер