“UzAuto Motors” АЖ томонидан 582,6 млрд сўмлик йиғим бюджетга тўланмаганлиги қонунга зидми?

18:51 18 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
337 0

Ҳисоб палатасининг 2021 йил Бюджет прогнозлари бўйича тайёрлаган хулосасида қайд этилишича, “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўланмасдан келинмоқда. Хусусан, “UzAuto Motors” АЖ томонидан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 582,6 млрд сўм йиғим тўланмаган.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда, йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4397-сон қарорининг 3-бандига асосан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланиши қайд этилган.

Бу эса, кўпчилик томонидан “UzAuto Motors” АЖ қонунга зид тарзда 3%лик йиғимни тўламай келган деган хулосага келинишига ёки шу тарзда талқин қилинишига сабаб бўлмоқда.

Бироқ, Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат Бюджети Тўғрисида”ги қонуннинг 15-иловасида янги автотранспорт воситалари бўйича ундириладиган йиғимдан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган автомобиллар мустасно этиб белгиланган. Яъни “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари, жумладан “UzAuto Motors” АЖга ҳам 3 фоизлик йиғимни тўлашдан қонуний тартибда, Парламент томонидан қабул қилинган қонун билан, имтиёз берилган. Қизиғи, айни имтиёз Молия вазирлиги томонидан Олий Мажлисга киритилган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳада ҳам акс этган.

Кўриниб турибдики, Бюджет прогнозларини тасдиқлашда Парламент вакиллари, хусусан, депутатлар елкасида катта масъулият бор. Биз депутатлардан аввало бюджет прогнозлари билан яхшилаб танишиш, имкон қадар бюджетномада қайд этилган рақамларни “элакдан ўтказиш” талаб этилади. Акс ҳолда, монопол корхоналар учун белгиланган бу каби имтиёзлар “осонгина” қонун билан тасдиқланишида, биз депутатлар, жамоатчилик вакиллари эса нега монопол корхоналарга имтиёз берилди деб эътироз билдиришда давом этаверамиз.

P.S.: Мени қизиктирган савол шуки, “UzAuto Motors” АЖ четдан импорт қилган Malibu, Тracker, Trailblazer каби автомобилларга ҳам бу имтиёзни татбиқ қилганмикин ёки йўқ? Чунки бу имтиёз фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларга нисбатан назарда тутилган. Агар “UzAuto Motors” АЖ томонидан бу имтиёз четдан ипморт қилиниб, ички бозорда сотилаётган моделларга ҳам татбиқ қилинган бўлса, шундай ҳолатдагина компания қонунга зид равишда белгиланган йиғимларни бюджетга тўламаган бўлади.

Дониёр Ғаниев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?