Уяли алоқа виртуал операторлари ҳамда теле- ва радиоканалларга давлат божини тўлашда имтиёзлар берилади
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) фаолиятини кенгайтириш мақсадида улар томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиши натижасида ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтирилмоқда.
Ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 000 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, агар уяли алоқа виртуал оператори томонидан навбатдаги йиллик давлат божини тўлаш давридан олдинги молия йилида кўрсатилган кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 миллион бараваридан ошган тақдирда, ушбу уяли алоқа виртуал оператори даромадининг 1 фоизи миқдорида қўшимча давлат божи тўланиши белгиланмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда республикамизда ўз телекоммуникация тармоғига эга 5 та мобиль алоқа базавий оператори хизмат кўрсатиб келмоқда. Радиочастота ресурсига эга бўлмаган 1 та виртуал мобиль алоқа оператори мавжуд.
Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши натижасида уяли алоқа виртуал операторлари фаолиятини кенгайтиришга ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун адолатли рақобат муҳити яратишга эришилади.
Таҳлилларга кўра, ҳудудлардаги хусусий телеканал ва радиоканаллар ўз телерадиодастурларини эфирга узатиш ҳамда моддий-техник базаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлашда айрим молиявий қийинчиликларга дуч келмоқдалар.
Шу боис Қонун билан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган давлат божи миқдорлари 50 фоизга камайтирилмоқда.
Бунда теле- ва радиоканалларнинг молиявий имкониятларини яхшилашга, яъни 4,1 млрд сўмга яқин пул маблағларини хусусий телерадиоэшиттириш субъектлари фаолиятини ривожлантиришга эришилади.
Қонун билан давлат божини ундиришда яна бир қўшимча имтиёз берилиб, унга кўра, йиллик ундириладиган давлат божининг миқдори тенг равишда йилнинг ҳар чорагида бўлинган ҳолда тўлаш механизми яратилмоқда.
Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш билан бирга, хусусий телерадиоканаллар ташкил этилишига ва теледастурларни сифатли контентлар билан тўлдиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.
Қизғин муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги узоқ йилдан бери ёпиқ турган назорат-ўтказиш пункти очилади
- Инновацион ишланмалар ва илғор технологиялар намойиши
- Инсоният янги рекордни қайд этди
- Тошкентда Ўзбекистон ва Туркиянинг учта вазирлик ва идоралари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилди
- 23 кун: Тошкентдаги айрим кўчаларда транспорт ҳаракати қисман чекланади
- Қувайт элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг