Устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг журналист сифатида қадрлайдиган фазилати

00:00 01 Декабрь 2022 Жамият
405 0

Фото: Архив сурат

Ижодкор айниқса, журналист учун ҳукумат вакили сифатида халққа хизмат қилиш кишидан анчагина машаққат талаб этади. Баъзан масъулият юзасидан ижодий фаолиятини тўхтатиб юрт фаровонлиги учун дипломатик хизмат қилса, баъзан кўнгил кечинмаларини адабиёт  ва журналистика орқали миллат маънавиятини юксалтириш учун уйқусиз тонг оттиради. 

Бугун биз мана шундай журналист ва ҳукумат вакили устоз Хуршид Дўстмуҳаммаднинг  умр сардафтаридан ўчмас из қолдирган хотиралари ҳақида сўрамоқликни истадик. Устоз, ёш журналист сифатида  сўровимизни рад этмади. Cуҳбатдошимиз бўлган Олий мажлис қонунчилик палатасида фаолият олиб бораётган журналист ва адабиётшунос Хуршид Дўстмуҳаммад билан кичик интервью тайёрладик. Дастлабки саволимиз унинг болалик хотиралари билан боғлиқ бўлди.

1. Сиз катта бўлган болалик кўчаларига бош суқиб кўрсак. У кунлардан қолган нималарни тиклаш керак деб ўйлайсиз? Нималарни эса йўқотдим деб ҳисоблайсиз?

Бизнинг болалик кезларимиз ўтган асрнинг 50-60 йилларига тўғри келган. Қадимий маҳалла, минг йиллик қўни-қўшнилар, тор ва тупроқ кўчалар. Аҳён-аҳёнда қораси кўриниб қоладиган автомашиналар, от, эшак, туя қўшилган аравалар. Тош тепиш, ёнғоқ отиш, чиллак, футбол, қувламачоқ, яширинмачоқ, қутқармачоқ, варрак учириш, чўмилиш... қиш кезлари яхмалак отиш... муштлашиш, ёқалашиш, аразлашиш, «пўм» чиқиш, ярашиш, ҳоказо ва ҳоказо. Ўша дамлардаги завқ-шавқнинг ўрнини босадиган, уларга тенг келадиган нима бор? Нима кўрдик? Нима топдик?

Ҳеч нима!

Бизнинг болалигимиздан буюк ва бетакрор самимийлик қолди, ёдгорлик бўлиб.

Барча қўни-қўшнилар асосан ўртаҳол, майда ҳунармандчилик ортидан рўзғор тебратадиган оилалар, катталарни билмасдик, лекин биз болалардан бахтиёрроқ одамлар йўқ эди, дунёда!

Китоб завқ-шавқ билан ўқилиши керак, деган гапни кўп такрорлаймиз. Инкор этмайман, лекин уни сал бошқачароқ айтгим келади: одам завқ-шавқ билан яшамоғи керак! Ҳамон бу ёруғ оламга инсон бўлиб келдикми, келинглар, ҳаётимизни завқ-шавққа тўлдириб яшайлик. Токи қолган барча орзу-ҳавасларимиз, амалларимиз шундан бошлансин. Фурсатдан фойдаланиб, «Тонг юлдузи» газетхонлари бўлмиш ўғил-қизларимизга қарата айтгим келяпти: Сизлар Ўзбекистон дея аталгувчи улуғ мамлакатнинг фарзандларисизлар, ўзбек деган миллатнинг вакилларисизлар. Ёшлик чоғлариданоқ яхши ўқинглар, бирорта касб-корнинг бошини тутинглар, дунёни чуқур идрок этишни кўзланглар ­– ҳеч нарсадан кам бўлмай яшайсизлар! Ҳеч бир банда олдида бошингиз хам бўлмайди, қисинмайсиз, ўкинмайсиз. Чунки Сизлар мен орзу қилаётган ва истаётган ИНСОН бўлиб вояга етасизлар, шунинг учун ҳам ҳеч кимдан кам бўлмай, эмин-эркин, форовон яшашга ҳақлисизлар!

2. «Ҳовли этагидаги уй» биринчи қисса китобингиз завқи ва машаққатлари тўғрисида нималарни хотирлайсиз?

Биринчи китобим тенгқурларимга қараганда пича кечроқ чоп этилди. Номи «Ҳовли этагидаги уй». Унга дастлабки ҳикоялар, қисса киритилди.

Дастлабки машқларим газета ё журнал саҳифасига чиқиши осонлик билан бўлмаган. Йиллаб қатнаганман, таҳририятларга. Тасаввур қиляпсизми, йиллаб! Бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» деган жавобни эшитишга зор эдим. Биринчи ҳикоям «Ижозат» «Фан ва турмуш» (ўша таҳририятда ишлар эдим), иккинчиси «Киова қуёши» «Гулистон» журналларида, учинчи ҳикоям «Ҳовли этагидаги уй» «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган.

Машаққат чекканимни эслолмайман, чунки, ижод йўлидаги ҳар қандай машаққат мен учун роҳат-фароғот эди. «Қанда қилиб ёзувчилик йўлига кириб қолгансиз?» деб сўранг.

Болалигимдан жуда кузатувчан бўлганманда. Катта оиланинг кенжаси бўлганимдан катталар орасидаги турли муносабатларни, кези келганда, зиддиятлар, тўқнашувлар, можароларни бир чеккада кузатиб ўтириб, сира тушунолмасдим. Ақлим етмасиди. Нима сабабдан одамлар тил топиша олмайдилар? Муроса қилолмайдилар? Ўзаро келишмовчиликларнинг илдизи қаерда?

Ичимни ўртаётган бу каби саволларни оғиз очиб айтган эмасман, лекин ўйлаганман, ўзимча чора излаганман, чора! Уруш-жанжалларда «мағлуб» томонга ачинардим, уларни ҳимоя қилгим келарди. Мағлублик, мазлумлик ҳолатига тушганларга ёрдам қилгим келарди.

Отам, онам, тўнғич опа-акаларим тиним билишмаган ­– рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмаган. Кўз ўнгимдан ўчмайди – нонушта маҳали онам ҳаммамизга битта-битта чақмоқ қанд улашар эдилар, негадир менга иккита тегарди. Саккиз-ўн киши бир катта сопол лагандаги ошга, нонпаловга қўл чўзардик. Кўча чангитиб ўйин билан оворамиз, онам кўринадилар ­– икки қўлларида оғирдан-оғир халта-хулта. Бозордан қайтаяптилар. «Ойи, нима опкелдийз?!» деганча халтани титкилашга тушиб кетардим.

–Халтани ол, ўғлим, қўлим узилиб тушай деди...

Онам бир кун бемалол оёқ узатиб ўтирганларини, бирор жойга бориб, ҳордиқ чиқарганларини билмайман. Чўк тушиб қўллари, оёқларини уқалар эдим.

–Тўққизта бола туғиб нима қилардингиз, мен ёш боламан, бари бир сизга ҳеч нарса қилиб беролмайманку, – дебман бир куни, маҳмаданалик қилиб.

Шундай ҳам бўлди – онамга, кейинроқ отамга қайтаролмаган қарзларим армонлари, изтироблари ёзувчиликка мубтало қилган, деб ўйлайман...

3. Ўзбекистоннинг илк мустақил газетаси «Ҳуррият»нинг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатган жонкуярлардансиз. Газетанинг биринчи бош муҳаррири сифатида унинг ўша даврдаги адади ва бугунги матбуот ўқувчиси ҳақида нима дея оласиз?

«Ҳуррият» газетасининг ташкил этилишида, унинг илк сонларини чиқаришда гоҳ сиртдан-гоҳ бевосита иштирок этганим, айниқса 1997-2002 йилларда газета таҳририятида ишлаган кезларим алоҳида тарих. Эҳтимол, миллий журналистикамиз учун алоҳида тарих. Кимдир ўқиш истагини билдирса, бир чеккадан ёзишга, тинглайман деса, ҳикоя қилиб беришга тайёрман.

«Ҳуррият»нинг ҳозирги аҳволи бошқа босма нашрлар аҳволидан кўпда фарқланмайди. Лекин 8 саҳифада мунтазам чиқаётгани – воқеа! Ёмон чиқаётгани йўқ, ўқишга арзирли мақолалар бор. Бир ҳақиқатни унутмайлик, яхши газета ҳам, ёмон газета ҳам – ўз даврининг кўзгуси. Бири яхши маънода, бошқаси ёмон маънода. Камдан-кам нашрлар ўз даври муҳитидан ўзиб кета олган. Камдан-кам...

Ҳозир босма нашрлар инқироз даврини бошдан кечирмоқда. Чамамда бунинг сабаби кўп: биринчиси, ахборот эҳтиёжи ўзгарди, бу эҳтиёжни қондириш воситалари кўпайиб кетди; ёшлар, болалар янгиликка ўч эмасми, интернет ва қўл телефони газета ё журналга қараганда янги, ҳам қулай! Демак,иккинчиси, ахборот тарқатиш майдонидаги рақобат «ўйин»ларида босма нашрлар эпчиллик, уддабуронлик кўрсатолмай қолди. Учинчиси (энг муҳимларидан бири), айниқса ёшлар нашрлари замон ўзгаришлари, тафаккурлар, қизиқишлар ўзгаришларига муносиб равишда ўзгара олмаяпдилар. Қайси маънода? Бурундан қолган анъаналардан воз кечолмаяпдилар. Мафкуравозлик, тарбиявозлик, насиҳатвозлик билан ўқувчини кўпайтириш даври қолиб кетди. Воз кечмоқ керак улардан. Чунки, ҳозирги ёшлар ниҳоятда эмин-эркинликка ўч. Тушунтироляпманми? Ёшлар нашрлари ўз ўқувчиларини ўз ҳолига қўйишлари керак. Мисол учун, ёшларга Ватанни севишни, Ватанга садоқатни кўр-кўрона ўргатмасинлар, унинг ўрнига шундай усуллар топиш керакки, токи, бола Ватан туйғусини ҳис қилишга одатлансин.

«Аъло»га ўқийдиган болаларимизнинг муаммоаси алоҳида, кунда «угол»га қўйиладиган болаларимизнинг муаммолари алоҳида. Тажриба учун савол берай: қайси болалар нашри «угол»чи бола ҳақида ижобий мақола эълон қилган?..

Бола дунёни ўйин орқали идкрок этади, бола тарбиясида ўйиндан буюкроқ ва самаралироқ куч йўқ. Хуллас, фикр ва сўз эркинлиги деганда мен нашрларимизнинг ўз аудиторияси билан эмин-эркин муносабат ўрната билмоқлигини назарда тутаман.

3. «Расёмон дарвозаси» ва «Етти ҳузур ҳаловат» асарларининг нимаси Сизни таржима қилишга ундади. Жаҳон адабиёти ва матбуоти билан алоқаларингиз, адабий ёзишмаларингиз ҳақида айтиб бера оласизми?

70 йилларнинг охирлари бўлса керак, тенгқурларимиз орасида хорижий адабиётларга қизиқиш ортди. Ортмади, қизиқиш портлаш даражасига етди! Бу портлаш нимадан бошланди?

Биринчидан, ўзини зиёли деган, айниқса ижодкорман деган одам ўқишга муккадан кетганди. Тўғриси, ўша даврда «Гулистон» журналидан ўтадигани йўқ эди. Иттифоқ миқёсида босиладиган кўплаб газета-журналларнику, асти қўяверасиз! Қўлма-қўл ўқиларди. Сўнгги чақаларимизга ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий нашрларни сотиб олардик, сўраб-суриштириб олиб ўқирдик. Болтиқбўйи республикалари, Озарбайжон, Грузияда чоп этиладиган нашрларни айтмайсизми?! Китоб гадоси эдик.

Горкий номидаги болалар истироҳат боғидаги (ҳозирги «Тошкент курантлари» орқасида эди) ҳар кунги тушлик суҳбатлари чинакам маънода ижодий мактабга айланарди. Катта-кичик ёзувчи, шоир ва қаламкашлар гурунги шу қадар қизғин тус олардики! Ҳар бир суҳбатда китоб ўқигандек, янги асар ўқигандек бўлардик. Номи ўзимизга нотаниш муаллифлар, уларнинг асарлари ўша боғдаги гурунглар чоғида қулоғимизга чалинган, чалинган заҳоти, излашга тушардик. Ҳамма бир-биридан китоб илтимос қиларди. Япон адабиёти, Болтиқбўйи халқлари адабиёти, Лотин Америкаси адабиёти деган сўзларни дастлаб ўша ерда эшитганман. Қулоғимизга чалинган адиблар ёзган асарларни шаҳарнинг турли бурчакларида бўладиган якшанбалик китоб бозорларидан излаб-истаб юрардик. Ўҳ, у қайтмас дамлар! Юракларим эзилиб кетади у пайтларни эсласам! Ўша адабий муҳитни, ўша китобхонлик «касал»лигини соғинаман. Ваҳоланки, ҳеч кимда мажбурият йўқ эди, истак бор эди, холос, истак!

Япон Акутагава Рюноскенинг номини эшитдим. Минг йиллик япон адабиётини, ҳикоянавислигини мутлақо бошқа ўзанга буриб юборган адиб. Китобини топдим. Рус тилида. Ўқиш ва уқиш ниҳоятда мураккаб. Луғат ёрдамида ўқидим. Ва «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини ўзбекчалаштиришга журъат этдим. Хитой, Европа адабиётига қизиқдим, орада Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романи Иброҳим Ғафуров томонидан таржима қилиндику! Шов-шув бўлиб кетди. Сўзлаб берсам, ҳозирги ёшлар ё тасаввур қилолмайдилар, ёки ишонмайдилар. «Жиноят ва жазо» ҳақидаги гурунгга қўшилолмаслик иснод эди, иснод! Кейин «Телба» чиқди. Яна сенсация! Таққос учун айтадиган бўлсам, ўшандай сенсация Тоҳир Маликнинг «Шайтанат»ида такрорланди, холос.

Шу орада ўзимизда Темур Пўлатов исмли ёзувчи борлигидан хабар топдим. Қизиғи, бу адиб ва унинг асарлари боя мен эслаганим боғдаги тушлик чоғларида ҳам кўпда тилга олинмасди. Рус тилида ижод қилгани сабаблими, билмадим?.. Аввал Темур аканинг ўзбекчага таржима қилинган асарларини ўқидим, тўғриси, қаноат ҳосил қилмадим, кейин унинг асарларини асл нусхада ўқишга киришдим.

Лўнда айтадиган бўлсам, мени қаламга ошно этган, адабиётга чирмаб-боғлаб ташлаган, умуман инсон сифатидаги дунёқарашимни ағдар-тўнтар қилиб юборган уч адиб: Фёдор Достоевский, Франс Кафка ва Темур Пўлатов. Бу рўйхатга Марсел Прустни қўшиш мумкин. Албатта, кўплаб илмий-оммабоп, шунингдек, фалсафа, тарих, психология ва ҳоказо йўналишдаги адабиётларни охиригача санашнинг иложи йўқ. Лекин, таъкидлаш керак бўлса, Темур Пўлатовнинг қаламига мансуб «Бухоро хонадони кечмишлари», «Ғойибнинг иккинчи сафари», «Бўлак манзилгоҳлар», «Мулк», «Жалолиддиннинг сўнгги суҳбатдоши» каби ҳикоя, қисса ва романларини ҳозиргача ўзим ўқиган энг ўлмас асарлар қаторида санаб ўтишдан, ўзимизнинг заминдан ана шундай жаҳон адабиётига татигулик асарлар битган адиб чиққанидан фахрланаман. «Етти ҳузур-ҳаловот ва қирқ қайғу-алам» «Бухоро хонадони кечмишлари» трилогиясининг учинчи китоби менинг таржимамда китоб ҳолида босилган.

4. Бугунги қалам аҳлидан қоладиган хат ўрнини эгаллаётган телеграмдаги адабий муҳит ҳақида нима дейсиз? Бу замон талаб этаётган адабиёт ва журналистиканинг янги электрон босқичими? Мактублар кишидан балки ортиқча вақт талаб қилар!?

Компьютер, телефон, интернет асри мулоқот дунёсини тубдан ўзгартириб юбормоқда. Бу кетишда яна қандай мўъжизаларга рўпара келамиз, айтиш қийин. Лекин шу нарса аниқ – инсон ўзлигини сақлаб қолиш устида қайғурмоғи шарт! «Ўзлиги» деганда мен табиий муносабатлар, табиий мулоқотларни назарда тутмоқдаман. Битта мисол келтирай: қўл телефони ўзаро хат алмашишдай сеҳрли воситани йўққа чиқарди. Ваҳоланки, хат ёзишдай мўъжизага тенг келадиган сеҳрли, бемисл куч-қудрат йўқ дунёда! Ҳеч қандай телефон мулоқоти юзма-юз суҳбатнинг, ҳеч қандай СМС қоғозга ёзиб жўнатилган номанинг ўрнини босолмайди. Муболағага йўйманг: юзта СМС уч варақлик дил изҳори ўрнини босолмайди!

 

5. Баъзан ижодий учрашувлар учун  баъзан расмиятчилик юзасидан узоқ сафарларга чиқиб турасиз. Шу маънода кўпчиликни қизиқтирадиган дунёнинг ҳа соҳада илғор мамлакатига айланаётган Америкада китоб ва мутолаага бўлган муносабат қандай? 

АҚШга бир неча бор сафар қилганман. Одатда штатма-штат кезиб, томоша қиламан, кутубхонада ўтираман. Кўчада, боғда, ошхона-ресторанда, жамоат транспортида, пляжда соатлаб одамларни кузатаман. Сонсиз-саноқсиз одамлар ўйнаб-кулиб, яшаб юрибди. Ҳеч ким ҳеч кимга дахл кўрсатаётгани йўқ..

Биринчи сафар борганимда бир кутубхонага аъзо бўлдим. Бунинг учун паспортим нусхасини, телефон рақамимни бердим, вассалом. Кутубхонадан истаганча фойдаланиш ҳуқуқига эгаман. Қўлтиқ-қўлтиқ китобни уйга олиб кетаман. Узоғи билан икки ҳафтага рухсат берилади. Ўқиб улгурмаган бўлсангиз, муддатини чўздирасиз, холос. Жавондан топилмаган китобни сўраб, талабнома берасиз, узоғи билан икки кунда телефонга «Сизни фалон китоб кутмоқда» деган мазмунда хабар келади.

Ўзим кўп қатнайдиган кутубхонадан 10-15 чақирим наридаги бошқа бир кутубхонани излаб бордим. Аъзо бўлиш учун паспортимни кўрсатдим. Кутубхоначи аёл компьютерни титкилаб қарадида, «Паспортингизнинг ҳожати йўқ, сизнинг исм-шарифингиз бизнинг рўйхатимизда қайд этилган, бемалол фойдаланаверинг» деди. Бу кутубхона наригисдан бойроқ экан. Жоним кирди. Тошкентда топилмаган китобларни ҳеч бир муаммосиз олиб ўқидим. Кейинги боришимда машҳур Жеймс Жойснинг ижодига бағишланган барча нашрларни (рус тилидагиси албатта) ўқиб, конспектлаштирдим. Ҳикоялари жамланган, бир замонлар Москвада чоп этилган китобини Тошкентда тополмагандим. Сўрадим. Излашди. «У адибнинг асарлари бизда у қадар оммалашмаган, – деди кутубхоначи аёл. – Негадир бизда топилмади». Аттанг, дедим-қўйдим. Кетдим.

Орадан беш кун ўтди чоғи. Телефонимга хабар келибди: «Жойснинг сиз истаган китоби сизни кутмоқда». Ғизиллаб етиб бордим. Аёл мендан кўра кўпроқ мамнуният билан икки қўллаб китобни тутқазди, сўнг бўлган воқеани менга тушунтирди:

­ — Бу китоб фалон жойдаги кутубхонада борлигини аниқладик, лекин у кутубхона ўт ўчирувчилар томонидан вақтинча ёпиб қўйилган экан. Биз ўт ўчириш идораси раҳбариятига мурожаат қилдик, ўт ўчирувчилар кутубхонани бир соатга очишга ижозат беришди ва Ж.Жойснинг мана шу китобини олиб, сиз учун келтирдик.

Ана беминнат хизмат, мана астойдил хизмат. Менинг кимлигимни билмаса, у юртнинг фуқароси бўлмасам, китоб топилмаган бўлса, мен шикоят қилганим йўқ, ортиқча талабнома ёзмадим. Нари борса, «Бизда у китоб йўқ» деб қутилса, бўладиган. Йўқ, уларда бундай тушунча йўқ. Мен ноёб китоб топилганидан қанчалик бошим осмонга етган бўлса, кутубхоначи аёл ўз хизмат вазифасини сидқидилдан адо этганидан шунчалик севинди.

6. Ўзбек журналистиканинг аксарият вакиллари Сизнинг ўқув аудиоторияларидаги маърузаларингиздан сабоқ олди, маслаҳатларнгизга амал қилди. Бугунги устоз-шогирдлик анъанаси қай даражада давом этмоқда ва етишиб чиқаётган ёш кадрлар салоҳияти ҳақида нима дея оласиз?

Устоз-шогирдликдан сўраяпсиз. Дунё мана шу анъана асосидагина ривожланади, тараққий этади. Айни пайтда жамиятимизда кўзга ташланаётган барча (!) катта-кичик муаммоларнинг, кемтикликларнинг асосий сабабларидан бири устоз-шогирдлик анъанаси издан чиққанига бориб тақалади. Индалллосини айтдаган бўлсам, устоз кўрган шогирд асло кам бўлмайди: инсон сифатида ҳам, касб-кор эгаси сифатида ҳам.

7. Журналист сифатида Сиз қадрлайдиган фазилат нима?

Замонавий дунёда журналистнинг ўрни, аҳамияти ҳар қачонгидан ортиб бораверади. Чунки, жамиятимиз очиқ мулоқот жамиятига айланиб бормоқда. Оммавий мулоқотга кенг имконият яратилаётган муҳитда ахборот билан ишловчи одам асосий фигурага айланади. Шундан келиб чиқиб айтсам, журналист биринчи навбатда, мулоқот-муносабат маданиятини эгалламоғи керак. У ҳар қандай инсон билан тил топишмоғи даркор. Кўп ўқиши, хотирасини пухталаши зарур. Ёзма ва оғзаки нутқини тинимсиз такомиллаштирмоғи унинг бахти, омади-касбий муваффақиятини белгилайди. Яна бир гап: журналистга хос бўлган барча фазилатлар йигитдир-қиздир, ҳаммаларининг шахсий-оилавий ҳаётларида жуда-жуда асқотади.

 

Берилган яхши маслаҳатлар ва мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз!

Умида САТТОРОВА, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер