Ургутга илм-фан натижалари жорий этилади — вазир

10:47 27 Апрель 2021 Иқтисодиёт
347 0

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида вилоят фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тадбиркорлар, нуронийлар ва ёшлар қатнашган учрашувда мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги сингари Самарқанд вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлаётгани, одамларнинг дунёқараши ўсиб, фаоллиги ошаётганига тўхталиб: «Бугунги давр, шиддаткор замон жонажон Ватанимиз тараққиёти, бунёдкор ва танти халқимиз фаровонлигини ошириш учун олдимизга муҳим вазифаларни қўймоқда. Ва бу ҳар биримиздан, айниқса, ижро ҳокимияти органлари раҳбарларидан юксак масъулият, фидойилик талаб қилмоқда. Шу нуқтаи назардан бугун Самарқанд вилоятида ҳам кўп ўзгаришлар, янгиланишлар бўлаётганини кўряпмиз. Кўплаб янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгармоқда...» деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда тубдан янгиланиш жараёнлари улкан кўлам ва шитоб билан давом этмоқда. Хусусан, иқтисодиётнинг турли тармоқларига инновацияларни жорий этиш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Илм-фанга эътибор сезиларли даражада ортди, илмий лойиҳаларни молиялаштириш тизими ҳамда кўлами ўзгарди. Узоқ йиллар давомида инновациялар ва илм-фан натижаларининг реал иқтисодиёт тармоқларига кириб бормаслиги оқибатида юзага келган турғунликни бартараф этиш мақсадида давлатимиз томонидан юртимизнинг барча вилоятида инновацион ҳудудларни ташкил этиш бўйича кўламли ишлар олиб борилмоқда. Самарқанд вилоятининг Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш ҳам мана шу хайрли саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Самарқанд вилоятининг илмий-инновацион салоҳиятини ошириш, янги рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган кичик тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудуддаги муаммоларнинг илмий ечимини ишлаб чиқиш мақсадида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларнинг ишланмаларини тижоратлаштиришга тайёрлаш ҳамда Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилиши режалаштирилди.

Ветеринариянинг замонавий тизими яратилади

Вилоятлар ва туманларни инновацион ҳудудга айлантиришда, аввало, илм-фан натижаларини тез суръатларда жорий этиш ва шу орқали аҳолининг оғирини енгиллатиш, юртимизнинг қайси ҳудудида яшашидан қатъи назар, инновациялардан баҳраманд бўлишини таъминлаш мақсад қилинган. Бунда ҳар бир ҳудуднинг хусусиятидан келиб чиқиш талаб этилади. Ургутнинг ўзига хос хусусияти, бу унинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашганидир.

Ургут тумани тоғ ёнбағрида жойлашгани сабабли аҳоли қўй, эчки боқиш билан шуғулланади — туманда тахминан 110 минг бош қўй ва эчки, 184 минг бош қорамол мавжуд. Аҳолининг чорвачилик билан марказлашмаган ҳолда, якка тартибда шуғулланиши кўп ҳолларда чорва молларининг турли касалликлардан нобуд бўлишига олиб келмоқда. Шунингдек, якка тартибда етиштирилган чорва гўшти ва сутининг сифатини назорат қилиш мураккаб бўлгани боис, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳам бир қанча муаммолар юзага келмоқда.

Мана шу мақсадларда Ветеринария илмий-тадқиқот институти тадқиқотчилари ҳайвон касалликлари ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун имуннофермент ҳамда экспресс-тест тизимларини ишлаб чиқишни йўлга қўйиш, чорва ҳайвонларида пастереллёз, колибактериоз ва сальмонеллёз касалликларига қарши поливалент вакцинасини ишлаб чиқаришга қаратилган стартап лойиҳаларни амалга оширади.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда қатор ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш жараёни давом этмоқда. Хусусан, нафақат миллий тадқиқотларнинг жаҳон илм-фани билан интеграцияси, балки мамлакатимизнинг ветеринария соҳасидаги илмий ютуқларини амалга жорий қилиш масаласи ҳам ниҳоятда долзарбдир. Бу стратегик масала илмий тадқиқот, ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-хўжалик тадбирларини амалга оширишни тақозо этади. Анъанавий ветеринария назорати билан бир қаторда чорва ҳайвонлари ва паррандалари юқумли ҳамда бошқа касалликларнинг замонавий диагностикаси ва профилактикасини жорий этиш орқали ветеринариянинг замонавий тизими яратилади. Бу хорижий давлатлардан касалликларнинг кириб келишига йўл қўймаслик, шу билан бирга, экспорт салоҳиятимизнинг сезиларли даражада ортишига, чорва ҳамда парранда маҳсулдорлигининг ошишига хизмат қилади.

Ушбу лойиҳанинг аҳамияти шундан иборатки, чорва ҳайвонларининг турли касалликларга чалинишининг олдини олиш мақсадида қўлланиладиган бундай препаратлар дунёнинг ривожланган мамлакатларидагина ишлаб чиқарилади. Жаҳонда бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар кўп эмас, аҳамиятлиси шундаки, эндиликда Ургут эркин иқтисодий ҳудудида ишлаб чиқариладиган мазкур вакцина ва тест тизими импорт ўрнини босиб, ёш чорва молларининг нобуд бўлиш даражасини 85 фоизга камайтиради.

Ургут туманида, шунингдек, тамаки етиштириш кенг йўлга қўйилган. 2 минг гектар ерга ушбу ўсимлик экилади. Самарқанд давлат университети олимларининг тупроқ хоссаларини яхшилаш ва ўсимликлар ҳосилдорлигини ошириш учун мўлчалаш агротехнологиясини ишлаб чиқиш амалий, тажриба-конструкторлик лойиҳаси эса ерга ишлов беришнинг энг самарали ҳамда замонавий усулларини жорий қилишга қаратилган. Ушбу лойиҳа тупроқ намлигини сақлаш, тупроқ эрозияси ва қотиб қолишининг олдини олиш, ёзги мавсумда унинг устки қисмининг қизиб кетишига йўл қўймаслик, қишда ернинг музлаши, тупроқ устки қатламининг шамолда учиб кетиши ҳамда ювилишидан ҳимоя қилиш, бегона ўтларнинг камайиши, суғоришни озайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўғитлаш ишларини қисқартириш, органик моддаларни чиритиб, ўсимликларнинг сифатли озиқланишига олиб келади, самарадорликни, демакки, кишилар даромадини ҳам бир неча бараварга кўпайтиради.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар

Ургут туманида 520 мингга яқин аҳоли яшайди. Бир туманда шунча аҳолининг яшаши, албатта, ер танқислигига олиб келади. Бу эса ердан янада унумли фойдаланиб, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш заруратини тақозо этади. Бу масалани ҳал қилишнинг самарали йўлларидан бири — майдонларга такрорий экинларни экишдир.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари томонидан яратилган, такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмани ишлаб чиқаришга жорий этиш ушбу масалани самарали ечишга хизмат қилади. Ургутда 28 минг гектар майдон экин экишга мўлжалланган бўлса, ундан 8 минг гектарига такрорий экинлар экилади. Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида яратилган такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунасини яратиш бўйича амалий лойиҳаси қишлоқ хўжалигида асосий экиндан сўнг, шу йилнинг ўзида ҳосил берувчи ўсимликларни экишнинг сифатини оширишга қаратилган бўлиб, мазкур қурилманинг қўлланилиши сув сарфининг 17,3 фоиз тежалишига ва ёнилғи сарфининг 2,8 марта камайишига, меҳнат унумдорлигининг эса 25 фоиз ошишига олиб келади. Такрорий экинлар даладан унумли фойдаланиш, майдон бирлигида кўпроқ ҳажмда маҳсулот етиштиришга имкон беради.

Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган пробиотиклар асосидаги чорвачилик учун инновацион озуқа —“Inbiokom” биоконсерванти экологик тоза ва юқори технологияларга асосланган бўлиб, чорвачиликдаги қатор муаммоларни ҳал қилишга йўл очади. Маълумки, чорва молларини турли касалликлардан ҳимоя қилишда антибиотиклар қўлланилади. Гўшт, сут ҳамда тухум ишлаб чиқарилишида антибиотикларнинг кенг қўлланилиши патоген ва шартли-патоген микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилигини оширади. Микроорганизмларнинг антибиотикка чидамли штаммлари ҳар 2-3 йилда пайдо бўлади. Уларга қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришга эса биотехнология саноати қарийб 5 йил сарфлайди — бунга қанча пул ва маблағ кетади, айрим ҳолларда штаммга қарши кураш самарасиз бўлиши ҳам кузатилади. Шу билан бир қаторда, қайта даволаш ишлари оғир суперинфекцияларнинг пайдо бўлишига, аллергик реакцияларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, антибиотиклар катта миқдорда қўлланилиши натижасида у инсон истеъмол қиладиган маҳсулотларда ҳам сақланиб қолади ва киши саломатлигига жиддий зарар етказади, бунда дисбактериоз, аллергик реакциялар пайдо бўлади, иммунитет пасаяди, иккиламчи инфекцияларнинг фаоллашишини келтириб чиқаради.

Хуллас, ҳозирда антибиотикларни қўллаш ва улар билан даволашнинг зарарлари исботланган фактдир. Шундай экан, чорвани бактериал касалликлардан ҳимоя қилишнинг альтернатив усули — пробиотиклардан кенг фойдаланишдир. Уларнинг қўлланилиши чорвачиликнинг ривожланишига зарар келтирмаган ҳолда паррандачилик ҳамда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг сифат ва сон жиҳатидан ортишига хизмат қилади. Пробиотиклар бактерияларнинг вегетатив ҳамда спора шаклидаги биомассаси бўлиб, маълум микроорганизмлардан ҳимоя қилиш хусусиятига эга бўлади, чорва ва паррандаларнинг ошқозон микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатади. Ем маҳсулотлари тақчиллиги кузатилаётган ҳудудда бундай препаратнинг қўлланилиши кишилар даромадининг ошишига, турмуш тарзининг яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.

2020 йил ноябрь ойидаги “INNOWEEK — 2020» Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Туркиянинг “JFC Enerji Yatirim Sanayi ve Ticaret A.S.» компанияси ўртасида имзоланган келишувга асосан, Ургут туманида мазкур ширкат билан ҳамкорликда техник каннабис ўсимлиги уруғларини қайта ишлаш йўли билан озиқ-овқат, косметика, тўқимачилик, қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Маълумки, техник каннабис тез ўсувчи экинлардан бири бўлиб, пахта билан солиштирганда, 1 гектардан 4 баробар кўп целлюлоза олинади. Ўсимликни етиштиришда қишлоқ хўжалиги кимёвий препаратлари нисбатан камроқ ишлатилади ҳамда сувни анча кам талаб қилади. Тупроқ таркибини заҳарли моддалардан тозалаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш имконини беради. Техник каннабис 110 кун ичида 2-3 метргача ўсади ва бир мавсумда бир неча бор ҳосил олиш имконини беради.

Ургут туманида техник каннабис етиштириш учун 760 гектар ер майдони ажратилади. Каннабис уруғларини етиштириш ва селекция қилиш йўналишида илмий тадқиқот ишларини ўтказиш учун лаборатория ҳамда хом ашёни қайта ишлаш бўйича заводлар ташкил этилади. Заводда бир йилда 400 тонна уруғни қайта ишлаб, 4 минг литр ёғ, 7,5 минг тонна поядан 1,5 минг тонна тола олинади. Бу лойиҳага ҳозирда 5 миллион долларлик хорижий инвестиция жалб қилинмоқда.

Йўл қурилишида тупроқни барқарорлаштириш технологиясининг афзаллиги нимада?

Ҳудуд ривожланишининг асосий омилларидан бири — унинг инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этишдан иборатдир. Йўл қурилишида тупроқни барқарорлаштириш технологияси — “Claycrete II” ёрдамида Ургут туманидаги 216 минг квадрат метр йўл янги усулда таъмирланади. “Claycrete II” — илғор инновацион ютуқларга асосланган, кимёвий безарар тупроқ стабилизатори бўлиб, ҳар турли мавсумий шароитларда йўл қопламаларининг мустаҳкамлигини таъминлаб беради. Бу акрил қоплама бўлиб, тупроқ йўллари шиббаланганида тошдан ҳам қаттиқ, мустаҳкам қоплама ҳосил бўлади.

Шу ўринда нима учун шу йўлларга жўн шағал ташлаб қўйиш мумкин эмас, шунча пул сарфлаш шартми, деган савол ҳам туғилиши мумкин. Гап шундаки, Ургут тоғли ҳудуд бўлгани учун у ерда ёғингарчилик кўп, сел келиш хавфи бор, ётқизилган шағальни ёғингарчилик бир йилда ювиб юборади. Ушбу қоплама мустаҳкамлигидан ташқари, йўлнинг музлашига ҳам тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, мазкур технология асфальт йўл қуришдан 40 фоиз арзон. Агар анъанавий қурилиш ишлари амалга оширилганида 1 сменада 250 кв. метр йўл қурилса, бу технологияда 5 минг кв. метр йўл қурилишига эришилади. Йўл қурилиш харажатлари 1 квадрат метри 120 минг сўмдан 50 минг сўмга қисқаради, йўлдан фойдаланиш муддати эса 4 йилдан 15 йилга ошади. Бундан ташқари, йўл қурилишининг экологик хавфсизлиги ҳам таъминланади. Ургут туманида қурилиши керак бўлган 216 минг кв. метр йўлни анъанавий усулда асфальт ётқизиб таъмирлаш учун 73,8 миллиард сўм пул сарфланиб, 600 кун давомида амалга оширилса, инновацион технология асосида 70 кунда йўл таъмири якунланиб, 35,6 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланади.

Туманда бажариладиган инновацион янгиликлардан яна бири — Исроилнинг сунъий йўлдош технологияларидан кенг фойдаланиб, 250 километр ер ости ичимлик қувурларидаги носозликлар ва сувнинг сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланади. Ҳудуднинг ер ости сувлари хариталари тузилиб, ичимлик қувурларидаги носозликлар ернинг катта майдонларини кавламасдан бартараф этилади.

Ургут туманида «Ақлли шаҳар» технологияларини жорий этиш ҳам шаҳар инфратузилмаси ва аҳоли турмушига ижобий ўзгаришлар олиб келади. Ургут шаҳрига ўрнатиладиган «Ақлли бекат»лар шаҳар аҳолиси ҳамда меҳмонларига қулай шароитларда транспорт воситаларидан фойдаланиш имконини беради. Транспорт ҳаракатини кузатиш ва бошқа маълумотлар олишга шароит яратувчи таблолар, бепул Wi-fi Hotspot интернет тармоқлари, банк тўлов терминаллари, қишки-ёзги кондиционер билан жиҳозланган кутиш жойларига эга 10 та «Ақлли бекат» қуёш панеллари ёрдамида ишлайди.

Шунингдек, тумандаги жамоат жойларига 220 та интеллектуал кузатиш камерасини ўрнатиш жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш имконини беради.

Янгиликлардан яна бири — маҳаллий ҳокимият вакиллари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда бепул интернет ҳудуди ташкил этилиши ахборот технологиялари инфратузилмасининг ривожланишига, ҳудудни компьютерлаштириш ҳамда рақамлаштиришни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Кўзи ожизлар учун қулайликлар

«Ургут» эркин иқтисодий зонасида инновацион ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан AR (Аugmented reality) — тўлдирилган реаллик асосида маркетинг платформаси жорий этилади. Бунда мазкур эркин иқтисодий зона резидентларига тўлдирилган реалликка асосланган рақамли маркетинг бўйича тренинглар ташкил этилади ҳамда резидентларнинг фаолияти босқичма-босқич рақамли платформага ўтказилади. Бу «Ургут» ЭИЗ резидентлари маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда реклама қилиш имкониятини беради, маҳсулотларнинг экспорт жозибадорлиги ошишига хизмат қилади. Мазкур лойиҳа Исландиянинг “Uno ehf” ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилиб, таълим билан ишлаб чиқаришнинг интеграцияси таъминланади.

Маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда эса хорижий аналоглардан бир неча баробар арзонроқ бўлган «Мобил авто музлаткич», «Алкотестер» ҳамда автомобиллар учун “SOS” қурилмалари моделларини яратишга қаратилган стартап лойиҳалари йўлга қўйилади.

«Ургут» эркин иқтисодий зонасида ноанъанавий маҳсулотлар — имконияти чекланган инсонлар учун махсус ускуналар яратишни йўлга қўйишни таклиф этяпмиз. Бу — кўзи ожизлар учун инновацион ҳасса, Брайл клавиатураси ва дисплейи.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда республикамизда 200 мингдан зиёд одамларда у ёки бу даражадаги кўз хасталиклари мавжуд бўлиб, Ургут туманида 160 нафар киши Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти аъзосидир. Имконияти чекланган инсонлар учун махсус қурилмаларнинг яратилиши нафақат тумандаги, балки республикамиздаги кўзи ожизлар учун қулайликлар яратади.

«Ургут» ЭИЗда ишлаб чиқариш мумкин бўлган инновацион ҳасса кўзи ожиз инсонлар ва эшитишида нуқсони бўлган шахсларнинг жамиятда ижтимоий фаоллик кўникмаларини оширишига хизмат қилади. Инновацион ҳассанинг қулайликлари — мижоз ҳаракатланаётганида 2 метр масофа оралиғида мавжуд тўсиқ ҳамда чуқурликлар тўғрисида электромагнит тўлқинли сигналлар тарқатган ҳолда маълумот тўплайди ва ҳасса эгасини овоз чиқариш ёки тебраниш орқали огоҳлантиради. Ультратовуш сенсори 30 даража бурчакда тўсиқ ҳамда чуқурликларни аниқлай олади. Инновацион ҳасса эгаси учун жамоат транспорти воситаларидан фойдаланишда ҳам ишончли буфер вазифасини бажаради.

Кўриш қобилияти чекланган шахслар учун махсус клавиатура эса анъанавий Брайл алифбосидан фойдаланган ҳолда исталган русумдаги смартфонларга USB интерфейси орқали уланиб, улардан фойдаланиш имконини беради.

Телемедицинага асосланган инновацион клиника

Ҳозирги кунда инновациялар энг кўп жорий этилаётган соҳалардан бири — тиббиётдир. Тиббиётимиз инновацияларга муҳтож, аҳоли эса сифатли тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиши шарт. Шу масалани ҳал этиш борасида Ургут туманида телемедицинага асосланган инновацион клиника ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобладик. Мазкур клиника турли касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволашга мўлжалланган бўлиб, беморлар туман ёки вилоят марказига қатнамасдан, ҳудуднинг ўзида малакали тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлади.

Клиниканинг асосий вазифаси чекка ҳудудларда жойлашган аҳолини мамлакатимиз марказидаги малакали шифокорлар ва дунёнинг исталган нуқтасидаги тиббиёт муассасаларидаги мутахассислар билан реал вақт мобайнида боғланиб (онлайн), тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, терапевтик даво маслаҳатларини олиш имконини беришдир. Шифокор реал вақтда масофадан беморнинг видеотасвирини кўрибгина қолмай, махсус телемедицина ускуналари — ультратовуш аппарати ёрдамида унинг ички органларидаги ўзгаришларни, дерматоскоп билан тери қопламасини, отоскоп орқали ЛОР касалликларини, стетоскоп, танометр, пульсоксиметр ва ЭКГдан фойдаланиб, юрак-қон томир касалликларини, офталмоскопни қўллаган ҳолда кўз касалликларини аниқлаб, беморга ташхис қўяди ҳамда терапевтик даво чораларини белгилайди. Бундан ташқари, клиникага массаж ётоқчаси ва оёқ массаж ускунаси каби замонавий ёрдамчи жиҳозлар ҳам ўрнатилади.

Бугунги кунда кўплаб касалликларнинг аллергенлар билан боғлиқлиги исботланган. Касалликнинг оқибатини эмас, сабабини топиб, даволаш муҳим саналади. Шу муносабат билан туманда молекуляр аллергология соҳасини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Ургутда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Халқаро молекуляр аллергология маркази филиалининг очилиши Самарқанд вилоятида энг кўп тарқалган аллергия қўзғатувчиларини аниқлаш бўйича доимий мониторинг тизимини яратиш имконини беради. Ҳозирда туманга аллергик гулчанги қопқони ўрнатилди. Гулчанг қопқони билан ишловчи мутахассисларни тайёрлаганимиздан сўнг, вилоятда кўп учрайдиган аллергенларнинг маълумотлар базаси яратилади. Мутахассислар чангланиш спектрини ўрганиш асосида энг кенг тарқалган аллерген ўсимликларни аниқлайди. Олинган таҳлиллар асосида нафас аллергияси мавжуд бўлган беморлар профилактикаси бўйича зарур чоралар кўрилади.

Ургутдаги тиббиётга доир муаммолардан яна бири — қариндошлар ўртасидаги никоҳлар экани ҳам эътиборни тортмай қолмайди. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болаларда жуда кўп наслий касалликлар учраши кузатилади, туманда ҳатто камёб генетик касалликлар ҳам учраб туришини аниқладик. Вазирлигимиз ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази томонидан туманда диагностик лаборатория ташкил этяпмиз. Ушбу лабораториянинг биринчи вазифаси бўлажак эр-хотинларнинг гистологик мослиги, генетик касалликларга мойиллигини аниқлашдир. Шунингдек, лабораторияда шу каби ва бошқа текширувларнинг таҳлилига асосланган илмий ишлар амалга оширилади.

Бизнес-акселератор имкониятлари

Ургут туманида истиқомат қилувчи жами 520 минг аҳолидан 100 минг нафаридан ошиғи 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Улардан 4 минг нафари «ёшлар дафтари»га киритилган. 2 минг 160 нафари эса ишсиз ҳисобланади. Мана шу ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишини уйғотиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида Ургут инновацион бизнес-акселератори ташкил қилиш ҳам режалаштирилди. Бу маълум бизнес ғояга, балки дастлабки мижозларга эга, бироқ тадбиркорлик қилишга тажрибаси ҳамда уқуви етишмаётган йигит-қизлар ва ёшлар жамоаларини қўллаб-қувватловчи маскан бўлиши кутилмоқда.

Бизнес-акселератор бизнесни ривожлантириш учун керакли билимларни беради ва зарурий алоқаларни ўрнатишга кўмаклашиб, тадбиркорликни бошлаш учун маблағ олиш усулларини ўргатади. Менторлар ҳамда малакали мутахассислар маслаҳатлари билан ёш тадбиркорлар бизнес-жараёнини ташкил этишдаги хатоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, минитехнологиялардан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлади. Акселератор ёшларни ишли қилиш билан бир қаторда тадбиркорлик ҳамда саноатнинг ривожланишига ҳисса қўшади.

АҚШнинг Массачусетс технологик университети, Аризона университети ва Алмати менежмент университети билан ҳамкорликда “REAP” ҳудудий акселератор дастури устида ишлаяпмиз. Ушбу дастур доирасида «Ургут» ЭИЗда ўқишлар ташкил этилади. Бу келажакда ЭИЗнинг филиалларини туманларда очиш учун замин яратади. Қолаверса, Самарқанд давлат университети филиалининг Ургутда ташкил қилиниши ҳам туманнинг намунавий инновацион зона бўлиши учун яна бир афзалликдир.

Ҳудуд иқтисодиётида мавжуд муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий ишланмаларни жорий қилиш, илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда янги тадқиқот ишларини йўлга қўйиш мақсадида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда тармоқ ташкилотлари билан биргаликда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш форуми ўтказилади. Мазкур тадбир технология ва ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича фикр ҳамда тажриба алмашиш майдонига айланади.

Вазирлигимиз жамоаси мамлакатда амалга оширилаётган ва барча соҳани қамраб олган, кишиларни янги марраларга илҳомлантираётган янгиланиш жараёнлари самарадорлигининг асосий кўрсаткичи бўлмиш халқ ишончи, розилиги ҳамда хайрихоҳлиги учун зарур бўлган ишларни амалга оширишда куч-ғайратини аямайди, албатта. Зеро, Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, «Қачонки халқимизнинг дунёқараши ўзгариб, бугунги ислоҳотларга ишончи ва хайрихоҳлиги ошса, давлатдан, раҳбарлардан рози бўлса, фаолиятимизга берилган баҳо, олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз натижаси шу бўлади».

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
инновацион ривожланиш вазири, академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?