“Ургут” ЭИЗда қиймати 328 миллион долларлик 77 та лойиҳа ишга туширилди, 114,8 млнлик маҳсулот экспорт қилинди

15:33 02 Май 2023 Иқтисодиёт
542 0

Фото: «Халқ сўзи»

2022 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси субъектлари томонидан қиймати 328 миллион долларлик 77 та лойиҳа ишга туширилди ва 5587 та доимий иш ўрни яратилди. Улар томонидан 4855 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 114,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Шунингдек, ўтган йили 28,7 миллион долларлик 17 та қўшимча лойиҳа ишга туширилиши натижасида минг нафарга яқин янги иш ўрни яратилди ва бюджетга 629 миллиард сўм тушум таъминланди. Жорий йил бошидан буён 77 та лойиҳа ишга тушган бўлса, йил якунигача яна 58 та корхона ўз фаолиятини йўлга қўяди. Шунингдек, “Ургут” ЭИЗда 2023 йилда қўшимча 228,1 миллион долларлик (шундан 72,3 миллион доллар хорижий инвестиция) 12 та лойиҳа ишга туширилади ва мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг “Сазағон” массиви таркибидаги корхоналар ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Ҳудуддаги “MIRANKUL CONSTRUCTION MATERIALS LTD” МЧЖда шит корпуслари, металл шкафлар, қора металлдан ясаладиган бошқа турдаги турли хил маҳсулотлар, кабель йўлаклари, шамоллатиш тизимлари, бинонинг ташқи, пойдевор ва катта ўлчамдаги енгил конструкцияли соябонлар ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

- 2018 йилда 10 нафар ишчи билан металлга ишлов беришни йўлга қўйиб, хориждан импорт қилинадиган юқоридаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошладик, - дейди корхона раҳбари Нуриддин Ҳамроқулов. - Ҳозирда ишчилар сони 160 нафарга етди ва 2022 йил якуни билан ишлаб чиқариш ҳажми 6 баробарга ошди. Маҳсулотимизнинг 70 фоизи экспорт қилинади. Биргина ўтган йилда корхонамизда ишлаб чиқарилган 18 миллион долларлик маҳсулотни Япония, БАА, Сингапур каби хориж бозорларига сотдик.

Ҳудуддаги яна бир йирик корхона - “TESPACK INVESTMEN” МЧЖда замонавий маиший техника воситалари, альюминий радиаторлар ишлаб чиқарилмоқда. 3,3 миллион доллар сармоя йўналтирилган корхонада 50 нафар ишчи бугунги кунда йилига 330 минг дона альюминий радиатор, 10 минг дона замонавий маиший техника ишлаб чиқарилади.

Радиатор маҳсулотларининг бир қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Ўтган 2022-йилда 100 минг долларга яқин маҳсулот экспортга йўналтирилди.

- Жорий йилда яна бир янги қўшимча ленияни ишга туширмоқчимиз. Бунинг натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки боробардан зиёдга ортади, - дейди корхона раҳбари Жамол Турсунов. - Фаолиятимизнинг кенгайиши келгусида ўз навбатида янги иш ўринлари сонининг ортишига ва экспорт ҳажмининг кўпайишига хизмат қилади.

“SCHELKOVO AGROHIM-O`ZBEKISTON” қўшма корхонасида эса ўсимликларни бегона ўт ва ҳашаротлардан кимёвий ҳимоялаш воситалари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қиймати 22 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш деярли тўлиқлигича хорижий сармоя асосида амалга оширилади. Жорий йилнинг иккинчи ярмида ишга туширилиши режалаштирилган корхонада йилига 120 минг литр инсекцид, фунгицид, уруғ дезинфектантлари, 60 минг литр роденцидлар, 58 минг литр дефолтиант, 62 минг литр ўсимликни ўстирувчи регулятор каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва 200 нафар аҳоли иш ўрнига эга бўлади. Асосийси, Ўрта Осиёда ягона бу корхонанинг 30 фоиз маҳсулоти ички бозорга йўналтирилса, 70 фоиз маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?