Университетда «Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

20:13 23 Февраль 2021 Жамият
729 0

Самарқанд давлат университетида «Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари» китобининг тақдимот маросими бўлиб, ўтди. Тадбирда талабалар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди ва ўз фикрларини билдиришди.

Хусусан, тақдимот маросимини Самарқанд давлат университети ректори профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди. “ Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари» китоби мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида муҳим воқеа эканлигини алоҳида таъкидлаб қуйидаги мулоҳазаларни айтиб ўтди:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил “ Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб эълон қилинди. Мазкур йилда биз ёш олимлар илмий изланиши учун етарли шароит ва имкониятлар яратиб беришимиз лозим.

Илм ва изланиш, меҳнат ва машаққат, устоз ва шогирдлик тамойилларини бир-биридан алоҳида тасаввур қилиб бўлмайди. Олий таълим фидойиси, ёш истеъдодларни ҳақиқий ғамхўр устози, академик Оқил Салимовнинг мазкур лойиҳаси ёшлар йилида ҳаммамизга ўрнак ва намунадир. Ушбу йўналишдаги ишларни ҳудудлар, алоҳида олинган университет ва институтларда ҳам амалга оширса мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Илм йўлига кирган ёшларни қўллаб-қувватлашни энг тўғри йўли уларни дастлабки тадқиқотларини чоп этишдир.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ҳам китоб ҳақида ўз фикрларини билдирди:

— "Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари" тўпламининг иккинчи жилдига республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратура, бакалавриат босқичларида таълим олаётган истеъдодли ёшлар, докторантлар, шунингдек, вазирлик ва идораларда ўз фаолияти билан бир қаторда изланишлар олиб бораётган ёш олимларнинг илмий тадқиқотлари натижалари жамланган. Илмий мақолалар жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларига инновацион ғоялар ва илмий ишланмаларни жорий қилишга қаратилганлиги билан эътиборга моликдир. Тўплам ёш олимлар, тадқиқотчи изланувчилар, талабалар кенг оммасига мўлжалланганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур китобнинг кейинги жилдларидан СамДУ нинг ёш олимларига ҳам кенгроқ ўрин ажратишга ҳаракат қиламиз...

Олимлар, иқтидорлар, профессорлар, академиклар қандай тайёрланади? Уларни тайёрлаш учун бирор бир услубий қўлланма ёки йўналиш борми? Инсоният неча асрлардан буён мана шу саволларга жавоб излайди. Ҳозирча ҳақиқатга тўғри келадиган жавоб шуки, аввало давлат ва жамият истеъдодлар таълим тарбиясига алоҳида аҳамият бериши, уларнинг орзу ниятларига, интилиш ва изланишларига қанот бўлиши зарур.

Академик, "Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, таниқли давлат ва жамоат арбоби Оқил Салимов ғояси ва раҳбарлигида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Улуғбек жамғармаси билан ҳамкорликда чоп этилган "Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари" китоби мана шу йўлда ташланган муҳим қадамдир.

— Академик Оқил Салимов ташаббуси билан нашр этилган китобга менинг ҳам мақолам киритилганидан жуда хурсанд бўлдим, — деди СамДУ магистранти Ҳасан Орипов. — Тўғриси бу эзгу иш келгусида ҳам кенгроқ масштабда давом этишига ишонаман. Мамлакатимиз аҳолининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади. Мазкур рақамларни ҳисобга олиб ёшларга оид лойиҳаларни янада кўпайтириш лозим, деб ҳисоблайман. Илмий изланишлар билан шуғулланаётган ёшларнинг мақоласини жамлаб, китоб ҳолатига келтириш ҳам машаққат. Мен ғоя муаллифига, устозларимизга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Ҳаким Хушвақтов,
Самарқанд давлат университетининг
Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,
доцент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?