Умра хизматини ноқонуний олиб борган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан жиноят иши очилди
Ўзбекистонда умра лицензиясига эга бўлмасдан туриб, ушбу хизматни кўрсатаётган 31 та сайёҳлик фирмаси масъулларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақида Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Унга кўра, сўнгги икки ой давомида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида умра фаолиятини лицензиясиз амалга оширган 24 та сайёҳлик компанияларида текширув ўтказилган.
Маълум қилинишича, уларнинг 19 таси 75 миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилган. Шундан 5 таси «Реклама тўғрисида»ги қонунчиликка асосан Рақобат қўмитасига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний кўриб чиқиш учун юборилган.
Қонунчиликка кўра, умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш ҳамда фуқароларни умра амалларини бажариш учун Саудия Арабистони подшоҳлигига умра визасисиз юбориш тақиқланади.
«Умра сафарига боришдан олдин ҳар қандай тур-фирманинг Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тақдим этилган «Умра лицензияси» мавжудлигини суриштириб олишингизни тавсия қиламиз. Ноқонуний тур-фирма ёки тур-агентлардан огоҳ бўлинг», — дейилади қўмита хабарида.
Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Ҳаж-умра маркази ва 12 та ваколатли сайёҳлик компаниялари эга эканлигини эслатиб ўтган.
Ҳозирда «Ihlos travel 1», «Yuksak travel Air», «Muhtasham travel», «Musaffo turizm xizmati», «Risola travel lux», «Xorazm umra jamiyati», «Hikmat Umra Travel», «Real Dreams», «Travel with family», «Sofa Marva tour», «B Management» ҳамда «Safar time exclusive» каби тадбиркорлик субъектлари ваколатли ҳисобланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 364-сон қарорига асосан «Ҳаж» тадбири Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилади ҳамда бундай фаолият билан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, «Умра» тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12-октябрдаги «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 668-сон қарори асосида амалга оширилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг