Умидбахш адабиёт эҳтиёжи. Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам билан суҳбат

17:46 17 Январь 2020 Жамият
1355 0

– Улуғбек ака, шиддат билан ўзгариб, турланиб бораётган дунёда ижодкорнинг зиммасига тушаётган энг муҳим вазифа, сизнингча, нима?

–Умиддан, уни одамларга бағишлашдан. Ўзи оламда умиддан, ишончдан бошқа нима бор? Ўшани ҳам йўқ десак... Адабиёт орқали, бадиий сўз воситасида ҳаёт осилиб турган ўша риштани кессак, нима қолади?.. Битта ёки бир қанча ғамгин шеърнинг йўриғи бошқа. Лекин ижодкор тушкунликни тарғиб қилса-чи? Ҳаётга муҳаббатни эмас, ўлимга муҳаббатни куйлаб турса-чи?.. Унинг бутун ижоди шундай кайфиятлар маҳсулидан иборат бўлса-чи?.. У ҳолда жим туриш жиноят қилиш билан баробар эмасми?.. Албатта,ҳеч кимга “сен бундай ёзма!” дея буйруқ бериб бўлмайди. Ҳар бир ижодкор қалби буюрганини ёзади. Фақат жамият ичра тушкун кайфият уруғини сепмасин, қора руҳни тарғиб қилмасин, бузғунчиликни ташвиқ этмасин, дея истак билдиришга ҳаққимиз бордир, ахир! Тани бузуқ бор, онги бузуқ бор. Кўпинча, кейингиси чунон хавфлидир. Чунки биринчи ҳолда зарар асосан инсоннинг ўзига ва нисбатан озчиликка, иккинчисида аксарият ҳолда атрофдагиларга яъни, кўпчиликка тегади. Зулматга хизмат қиладиган асарлар ўқувчи онгини бузувчи асарлардир. Бугунги замондош учун ёруғ асарлар ҳаводек зарур. Инсониятнинг иймону эътиқоддан маҳрум қисми шундоғам умидсизлик деган ботқоққа чўкиб боряпти. Шундай пайтда башар аҳлига бир қатим нур илиниш ижодкорнинг муқаддас бурчи эмасми!?..

– Бугун китобхонлар қандай асарларга кўпроқ қизиқади, деб ўйлайсиз? Саргузашт, олди-қочди воқеалар баёнидан иборат китоблар кўпчиликда қизиқиш уйғотаётганини қандай изоҳлайсиз?

– Яхши асарлар кам бўлса-да, яратиляпти. Фақат уларни кўра оладиган, хасу хашаклар орасидан илғайдиган нигоҳларимиз ҳақида кўпроқ қайғуриш керак.Шундай нигоҳларимиз бўлса, яхши китоблар тарғиботи ҳақида гаплашсак бўлади. Йўқса, гулни сассиқ алафдан ажратолмай қийналамиз. Баъзида туппа тузук мунаққидларимиз танлаган, таҳлиллаган ва китобхонларга тавсия қилган асарларни (агар уларни асар деб аташ мумкин бўлса!) ўқиб ёқа ушлайсан. Очиғи, яхши асарларимизнинг, хусусан, мумтоз асарларимизнинг тарғиботидан кўнглим тўлаётгани йўқ. Билмадим, балки бу ҳаддан зиёд хаёлпарастликдир, лекин “мен инсонман” дея кўкрак кериб юрганки бор, адабиётдан умумийроқ тарзда бўлса-да бохабар бўлишини истайди. Хўш, нега? Чунки чинакам адабиёт, аввало, дунёга ботиний нигоҳ билан қараш дегани. Ботиний нигоҳи бор одам мулоҳазакор бўлади. У бугун (дунё)ни қанчалик ўйласа, эрта (охират) ҳақида ҳам шунчалик ташвиш чекади.Бундай одамдан ёмонлик чиқмайди. У бировнинг жонига қасд қилмайди. Бир марта ҳидлаш учун яшнаб турган гулни узиб четга улоқтирмайди. Дунёга, дунёвийликка муккасидан кетиб, ўткинчи ҳою ҳавасларга иймонини сотмайди. Аксинча, инсон деган номга муносиб равишда яшашга интилади, ўзига раво кўрганни ўзгага ҳам тилайди, умри борича, қўлидан келганча ҳаммага кўмак бермакка шошади. Шу маънода чинакам адабиёт одамга инсонийликдан сабоқ бергувчи жуда катта маънавий кучдир! Ҳақиқий адабиёт дунёда бир-биридан тамомила олисда, кўринишидан бир-бирига мутлақо алоқаси йўқ тарзда юз берадиган хилма хил воқеа-ҳодисаларнинг замиридаги узвийликни кўнгил кўзи билан кўришга, англашга имкон яратадиган сеҳрли кўзгудир. Аммо бу адабиёт ҳар доим ҳам қоғозга тушиб, китобга айланавермайди, у кўпинча юракларимизда яшайди. Матнга айланган адабиёт бу асл, ботинимиздаги адабиётнинг бир учқуни, холос. Юрагимизда бўладими ё китобларга дарж этиладими, қатъи назар, ҳақиқий адабиёт инсонни НАФС деб аталган ботқоқдан қутқариб, уни юксакидеалларга хизмат қилдиради. Чинакам адабиёт икки дунё ўртасидаги КЎПРИК бўла олади. Бундай адабиёт одамдаги ҳайвонлик пилигини пасайтириб, унинг инсонлик қанотини парвозларга шайлайди, юксалтиради. Мен бугун нафақат юртимизда, балки бутун дунёда яхши китобларнинг тарғиботи қанча кўп бўлса, унинг моддий-маънавий фойдаси ҳам шунча яхши бўлишига ишонаман.

Китобхонлар ўзига яқин мавзулардаги асарларга кўпроқ қизиқади. Масалан, жамият бугунги кунда қандай муаммолар билан яшаётган бўлса ўша масалалар мароқли ва юксак бадиият билан акс эттирилган асарлар ўқувчиларда кўп қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман. Тўғри, ўз оламига ғарқ бўлган, шоир айтмоқчи, торгина ҳовузни бутун дунё деб билган ўқувчилар гуруҳи ҳам бор. Улар одатда, худди шундай субъектив оламда яшаб ижод қиладиган ижодкорларни асарларининг мухлиси бўлади. Эътибор қилсангиз, замонамизда талай одамлар ўзи билан ўзи ўралашиб қолганини англайсиз. Худди шундай, ўз чорбоғини бутун бир оламга тенг биладиган ижодкорлар ҳам топилади. Улар, кўпинча, ўз қобиғидан ташқари чиқа олмай, ўз субъективизми ботқоғи ичра хониш қилаётган шўрлик қушга ўхшайди. Аслида, ижодкорнинг ўз ички дунёсига саёҳат қилиши, у ердагини ташқарига – қоғозга, ўқувчиларга олиб чиқиши санъатнинг моҳиятига уйғун хатти-ҳаракат. Лекин ҳамма гап шундаки, маънавий-руҳий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан паст савиядаги ижодкорнинг кўнгил дунёси биқиқ ва маиший ҳудуддан иборат бўлиб қолганда, унинг қаламидан чиққан мақола, шеър ҳам, қиссаю роман ҳам ўзга кўнгилга таъсир қилмайди.

Энди “саргузашт, олди-қочди воқеалар баёнидан иборат китоблар ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотаётгани” масаласига келсак, бу ҳол шу кеча-кундузда дунёда ҳукм сураётган оммавий маданият кайфиятидан келиб чиқадиган енгил ҳаёт тарзига қизиқиш ва интилиш билан белгиланса, ажабмас. Фикрлаш, бу – аслида, жуда катта меҳнат қилиш дегани. Биз шундай меҳнатдан қочаётганга ўхшаймиз. Натижада қалб ва тафаккур дангаса бўлиб, ўрнига бадан билан боғлиқ истакларимиз ҳакалак отмоқда. Сиз айтаётган саргузашт ва олди-қочди адабиётга қизиқишнинг туб илдизи, адашмасам, шу ерда. Аммо бу дарднинг ҳам шифоси бор, у ҳам бўлса, жиддий адабиётга, шу жумладан, сиз айтаётган мумтоз адабиётимиз намуналарига тизимли эътибор қаратиб, уларни мактаб, коллеж ва лицейларданоқ ўқувчилар қалби ва онгига малҳам янглиғ қўйишда. Чунки бундай адабиёт миллатнинг ботиний қиёфасини белгилаб берадиган асосий устунлардан бири! Ҳар бир халқ ўз ботиний қиёфасини қўримас экан, у моддий жиҳатдан қанчалик бой-бадавлат яшагани билан глобализм таъсири остида аста-секин ён-атрофдаги ўз “мен”ини таниган, уни ҳимоя қилган халқлар қатига сингиб кетиши ҳеч гапмас. Адабиёт ва маънавият шунинг учун ҳам бугун сув билан ҳаводек зарур!

– Адабиёт одоб-ахлоқ фани. Адабиётнинг бу хусусиятини иккинчи даражали, деб қарайдиганлар, бадиият, санъат бирламчи, панд-насиҳат сўз санъати намунасининг моҳиятини белгиламайди, дегувчилар ҳам бор.

– Биласизми, ижодкор ҳаёти мобайнида сиз санаган босқичларни босиб ўтар, тўғрироғи, босиб ўтиши керак. Танқид учун ўзгадан мисол қидириб нима қилдим, мана, менинг ўзим, талабалик йилларимда адабиёт ҳис ва идрок маҳсули, нимаики, қалбимиз ва баданимиз томонидан ҳис қилиниб, ақлимиз билан идрок қилиндими, бас, шуларнинг бари чинакам адабиётнинг маҳсулидир, деган максималча қарашда юрар эдим. Ижодкор ҳақиқатгўй бўлиши шарт, у инсонга нимаики алоқадор бўлса, борини борича акс эттиришга маҳкум деб билардим. Талай қораламаларим шу йўсинда ёзилган. Вақтлар ўтиб қарашларим ўзгарди. Албатта, ижодкорнинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўзгармайдиган ҳақиқатлари бўлади, бўлиши керак. У бундай ҳақиқатдан ҳеч қачон юз ўгирмаслиги лозим, бу фикримни бугун ҳам, эртага ҳам ёқлашимга ишонаман. Лекин вақти-соати келиб адашганини англаб етсаю қайсарлик қилиб буни тан олмаса, бу энди, юмшоқ қилиб айтганда, нодонликдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, ҳақиқатнинг ҳам ўз аҳли бўлади. Аҳлига айтилмаган ҳар қандай тўғри ва яхши гапнинг зарари бўлса бўладики, фойдаси бўлмайди. Демак, ҳар бир гап ўз аҳлига айтилсагина кутилган натижани беради. Бундан ҳам муҳимроқ гап шуки, адабиёт инсон (ўқувчи) нигоҳини юксак ва пок нуқталарга қаратмоғи зарур экан! (“Ботқоқларга ботса-да жисмим қорачиғда яшайди осмон!” дейди шоир). Айниқса, бугун – глобализм даврида! Оммавий маданият кучайиб, инсон турли маданиятлар ва қарашлар буҳронида ўзлигини йўқотиш арафасида турган паллада!

– Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятиниюксалтириш учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Миллатимиз, адабиётимиз, маънавиятимиз учун катта хизмат қилган забардаст шоир билан учрашувга талабаларнинг аксарияти, биласизми, кимнинг тўпламини бағрига босиб келишди? Замонамизнинг “Мен севаман, Сен севасанми?” деб ёзғучи қўшиқчи назмбозининг! Мана, сиз айтаётган ўқувчи савиясига биттамисол! Йўқ, мен ҳамма ёшларимизни ёппасига айбламоқчи эмасман. Айбдор бор бўлса, у ҳам ўзимиз. Чунки уларга ҳақиқий, баланд адабиётдан сабоқ беролмаган бўлиб чиқаяпмиз. Мактаб, олий ўқув юртларида имкон топиб (адабиётга ажратилаётган дарс соатлари мурғак онг ва юракни тўғри тарбия қилиш учун кифоями?) ўқувчилар қалбига етарлича кира олмаган бўляпмиз. Натижада, улар ўз ёшига кўра осон ҳазм қилинувчи, дастлабки икки қаторидан қолган ҳамма мисралари нима билан тугаши аён сўзлар йиғиндисини шеър, деб қабул қилмоқда. Ўқувчини тарбиялаш учун адабиётнинг нима эканини аввало, ўзи яхши англаб олган ҳамда баланд савияда дарс беришдан бошқа ташвиши йўқ мутахассис-ўқитувчилар “армия”си зарурлигини ёдда тутмоғимиз керак. Демак, жиддий ва катта адабиёт бу жамиятнинг битта бўғини уддалайдиган осон иш бўлмай, ҳаммамизнинг бир ёқадан бош чиқариб, доимо баҳамжиҳат меҳнат қилишимиз натижасида қўлга киритиладиган бебаҳо маънавий бойлик экан.

– Интернетнинг китобхонликка таъсири ҳақида нима дейсиз?

– Яқинда интернет ҳақида гапира туриб, бир танишим оддий пичоқни ташбеҳ сифатида қўллади. Пичоқни инсон ош пишириш учун ҳам, бировни жароҳатлаш ёки ҳаётига зомин бўлиш учун ҳам ишлатиши мумкин экан. Интернет тахминан шундай қурол. Демак, интернетдан сиз қайси мақсадда фойдаланаяпсиз, ҳамма гап шунда. Интернет – тараққиёт маҳсули. Ундан ва унинг каби маҳсуллардан воз кечсак, ихтиёримизда нима қолади? Тамаддун туҳфа этаётган бошқа техник воситаларга қаратилган муносабатимизни инсоннинг шаънига муносиб мақомга кўтариш керак. Демак, интернетга қайси мақсадда ёндашсак, у ҳам бизга шу тарзда жавоб беради. Онги етарлича шаклланмаган ёшларимизнинг интернетга бўлган муносабатларини доимий назорат қилиб бориш шарт, деб ўйлайман. Ўғил-қизларимиз қайси сайтларга киряпти, кимлар билан мулоқотда бўляпти ва у ерда бир кунда ёки бир ҳафтада неча соат вақт ўтказаяпти, деган саволларга аниқ, ижобий жавобимиз бўлиши зарур. Умуман олганда, дунё миқёсида интернетда инсоният қиёфасини тубанлантириш, фаҳш, бузғунчилик, қўпорувчилик, террорга гиж-гижлайдиган саҳифаларини узил-кесил чегаралаш устида жиддий қарор қабул қиладиган вақт келди. Масалан, Россияда зиёлилар қатлами ижтимоий тармоқлардан ихлоси қайтиб, китобхонликка қайтмоқда. Бизда ҳам шундй ҳолат бўлиши табиий... Чунки интернетдаги ҳар хил нохолис хабарлар қимматли вақтимизни ўғрилайди, ҳар хил кўнглсиз воқеаларни келтириб чиқаради.

Интернетга, асосан, маълумот олиш, хабар ва почта ўқиш учун кираман. Бу иш учун одатда, уч-тўрт дақиқадан ярим соатгача вақт кифоя. Мабодо, узоқроқ қолиб кетсам, асосий ҳаётим тепадаю ўзимни ертўлада қамалиб колгандек ҳис қиламан. Унутмаслик керакки, интернет ҳақиқий ҳаётнинг битта жилваси, холос. Кўп кузатганман, реал ҳаётда муваффақиятсизликка учраган одамлар, одатда, виртуал оламдан тасалли излаб қолади. Шунданми, интернетга конкрет иш юзасидан кирмай, унинг бепоён бўшлиқларида шунчаки вақт ўтказиб юрган кишиларга кўзим тушса ё улар ҳақида эшитсам, негадир ҳаётларида муаммо бормикан, деган ўйга бораман. Албатта, касб-кори интернет билан мунтазам ишлашни тақозо қиладиган мутахассислар бундан мустасно. Алқисса, интернетга тўғри мақсад ва эзгу ният билан муносабатда бўлинса, у дастёрга айланади. Йўқса, инсонни турли балоларга гирифтор этиши мумкин.

– Бугун маънавий ҳаётимизда қандай ўзгаришларни, янгиланишларни кузатиш мумкин? Шу маънода “Наъматак”асарингизга тўхталсак.

– Адабиёт ва маънавиятимиз янгиланаётир. У вақти-вақти билан либосини ўзгартириб туради, яъниянги тўн кийиб олади. Бу нарса, айниқса, кейинги вақтда бўртиб кўрина бошлади. Бугун ёстиқдек романларни ўқиш ниҳоятда мушкул. Қисқалик, лўндалик, образлилик бугунги адабиётнинг асосий атрибутларидан. Чунки вақтнинг унуми қолмаган. Техника ва ахборот асрлари инсон учун вақт деб аталган неъмат баракасини учириб юборди. Бунга амин бўлиш учун бирон ҳафтага қишлоққа, одамлар камроқ яшайдиган овлоққа бориб вақтни кузатинг. Бирданига у имиллай бошлаганига гувоҳ бўласиз. Лекин гавжум шаҳарга қайтиб келганингизда ҳаммаси ўзгаради – йилларингиз ойлардек, ойларингиз ҳафталар каби ҳафталарингиз кунлар сингари ўтаётганини пайқаб қоласиз. Нега? Чунки бу ерда ҳаракат кўп ва тиғиз. Атрофингизда кўпқаватли уйлар, автолар, одамлар... Ва улар кўз ўнгингизда тинимсиз ҳаракатланиб туради. Ғоялар, қарашлар, кайфиятлар ҳам шундай. Натижада вақтни ҳис қилишимиз ўзгариб, инсон қисқа фурсат ичида кўпроқ нарсага эришиш пайига тушиб қолади. Шаҳарликларнинг шошқалоқ бўлиб қолиши шундан. У ёғини суриштирсангиз, дунёнинг ўзи аста-секин улкан бир шаҳарга айланиб боряпти. Урбанизация! Одамларнинг кўпчилиги шаҳарда туғилиб, шаҳарда яшаб, шу ернинг ўзида вафот этяпти. Вақт бу ерда жуда тез, умр эса қисқа. Ҳатто шаҳарлик одам худди қишлоқдоши янглиғ 80 йил умр кўрса ҳам, барибир, ўша вақт сезгиси туфайли қишлоқликдан анча кам яшаган бўлади. Лекин унинг ҳам йўқотилганни бошқа нарса билан тўлдиргиси келади. Компенсация дейилади-ку! Масалан, бугунги шаҳарлик инсон умри давомида кўп нарсага улгуриш билан мувозанатни сақламоқчи бўлади. Шундан келиб чиқиб, “Наъматак” деб аталган кичик экспериметал асар ёздим. Ва уни шартли равишда роман деб атадим. Бунда ана ўша ихтиёримизда тобора камайиб бораётган ВАҚТ тушунчасидан келиб чиқиб, роман мазмунини битта ҳикоя ҳажмига қамашга ҳаракат қилдим. Бу бир тажриба, холос. Ундан каттасига даъвоим йўқ. Албатта, асарга қарашлар ҳар хил бўлди, бўляпти. Буни табиий қабул қиламан. Фақат томонлар бу асар ўйин ёки ҳавас тарзида туғилмаганини, унинг айнан, шундай кичик ҳажмда ёзилганининг, юқорида баён этилганидек, жуда салмоқли асос – сабаби борлигини бир бор мушоҳада қилиб кўрсалар, бас. У ёғини сўрасангиз, мутолаадан сўнг хотирангизда ҳикоянинг юкича мазмун қолдирмаган ёстиқдек романдан, романнинг юкидек мазмун қолдирган жимитдек ҳикояни чандон афзал кўраман.

– Айримлар “хос”лар учун ёзаман деса, баъзилар омма учун ижод қиламан, дейди. Сиз-чи?

– Баъзан учрашувларда турфа йўналишдаги шоирлар шеър ўқиб қолади. Яшириб нима қилдим, одатда, халқона йўналишдагиларни зал аҳли кўпроқ қўллаб-қувватлайди, мураккаброқ йўналиш шоирларини одатда, уч-тўрт киши маъқуллаганининг гувоҳи бўламиз. Мени ҳар доим битта нарса ўйлантириб келган: ижодда шундай бир даражага эришсангки, унда сени ҳамма – омма ҳам, хос ҳам бирдек тушунса. Бу айтишга осон. Ҳатто чинакамига халқона йўлда ўқувчига маъқул бўладиган тўрт қатор шеър айтиш ҳам ғоят мушкул. Бир неча вақт муқаддам яқин дўстим тавсиясига кўра профессор Суйима Ғаниева таржимаси ва таҳрири остида чоп этилган “Калила ва Димна” асарини қайта ўқиб чиқдим. Қайта деганимнинг сабаби, мактаб пайтимда асар билан илк бор танишган эдим. Биласизми, дўстимдан жуда-жуда миннатдор бўлдим. Мана мен ижодда орзу қилган ўша даража! Етти ёшдан етмиш ёшгача манзур бўладиган услуб! Қаҳрамонлари асосан даррандаю парранда, ҳашароту одамзод бўлган ушбу асарнинг сюжети болаларга қанчалик завқли бўлса, сюжет замиридаги маънолар тафаккур юритувчилар учун шунчалар мароқли. Унда акс этган бир-биридан қизиқ воқеалар халқ эътиборини қанча тортса, воқеалардан келиб чиқадиган хулосалар, қиссадан ҳиссалар хос кишилар диққатига шунча муносиб. Бир вақтнинг ўзида ҳам кўпчилик, ҳам озчилик дидига уйғун сўз айтишнинг уддасидан чиқолмаганим учун ҳам ҳозиргача изланаман. Чунончи, “Ёлғизлик” деган қиссамни ёзганимда ёзувчи сифатида айтадиган ҳамма гапни айтиб бўлдим, деб ўйлаганман. Лекин кейинроқ сарсор солсам, у асар кўпроқ “хос”лар учун битилган экан. Кўнглим тўлмади ва уни кўпчиликка тушунтириш учун нақ учта роман ёздим: “Мувозанат”, “Исён ва итоат” ва “Сабо ва Самандар” аслида ана ўша “Ёлғизлик”нинг ўзига хос таржималари, шарҳи ҳисобланади. Айрим ҳикояларда ва айниқса, 2013 йилда ёзилган “Наъматак” кичик романдагина орзуимга қисман эришдим. Лекин катта ҳажмдаги асарда буни ҳали уддалай олганим йўқ. Яқинда якунлаган “Йўл ва йўловчи” номли романимни ўқувчи сифатида ўқисам, яна кўпгина ўринларда “Ёлғизлик”нинг руҳига тушиб қолганимни англадим. Ҳали орзуимдаги асар олдинда. Етиб бораманми, йўқми, буни билмадим, билганим ва, эҳтимол,муҳими шуки, мен ундан эсаётган бўйни туйдим.

– Бугунги танқидчилигимиз чинакамига воқеа бўлаётган асарларни тўғри топиб, уларга тўғри ташҳис қўя оляптими?

– Ўзбек адабий танқидининг бугунги савияси, келажакдаги тақдири адабиёт жонкуярларини жиддий ўйлатмоқда, қаердадир севинтирса, қаердадир ташвишга солмоқда.Истагимиз – ўзбек адабий танқиди юксалсин! Адабий жараёндан ортда қолмасин, аксинча, байроқни қўлга олган ҳолда олд сафга ўтиб юрсин. Чунки адабий жараён аввалида эмас, ортида юрган адабий танқид, бу – асл танқид эмас, балки ана шу жараённинг аянчли соясидир. Устоз мунаққид, профессор Умарали Норматов бир мақоласида “Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ”, деб айтадики, бу дардли ҳайқириқнинг бир учи келиб танқидга қадалади. Шунда беихтиёр хаёлга америкалик машҳур скрипкачи Жошуа Белл келди. 2009 йилдақуйидагича эксперимент ўтказилади: жаҳонга машҳур, бир кун олдин “Бостон Симфоник Холл”да берган концертининг билет нархи 100-120 доллар бўлган скрипкачи оддий кийим кийган ҳолда метро бекатига тушиб келади ва тик турган кўйи 3,5 млн. доллар турадиган қимматбаҳо скрипкасида дунёларга донғи кетган мусиқаларини чала бошлайди. Шунда, биласизми, нима ҳол рўй беради: ачинарли, аммо бугунги замонавий дунё ва замондош инсоннинг асл юзини очиб ташлайдиган, уларда яширин фожеани шундоқ кўз ўнгимизда намоён этадиган воқеа содир бўлади. Скрипкачи 45 дақиқа мобайнида мусиқа чалади, лекин уни ҳеч ким танимайди, танимагани майли, шу вақт давомида 6 кишигина хиёл тўхтаб мусиқага қулоқ тутгандек бўлади, аммо соатларига қараб олгач, яна шитоб билан йўлларида давом этади, атиги 20 киши пул беради, машҳур скрипкачи бор-йўғи 32 доллар пул йиғади. Энг қизиғи шуки, мусиқани астойдил эшитаман деган саноқлиларнинг бари болалар бўлади. Қиссадан ҳисса –бунга ўхшаш не-не мўъжизаларни ҳар куни, ҳар он назардан соқит қилиб, уларга ғофил ҳолда яшаётган эканмиз?” деган саволни қўйишади клип ижодкорлари.

Худди шундай, бугунги ўзбек адабиётида ҳам юқоридаги ҳолни ёдга соладиган воқеалар анчадан бери бор. Қаршисида тўхтаб тафаккур қиладиган асарлар оз бўлса-да яратилди, яратилаётир. Лекин ўқувчи метродаги одамдек бепарво, беэътибор. Ҳатто адабий танқид ҳам деярли, шундай аҳволда, баъзан эса янада аянчли ҳолларга тушиб туради: асосий эътиборни чинакам санъат асарларига қаратиш ўрнига, кўпинча,ўртамиёна қораламалар билан андармон бўлиб умрини ўтказмоқда. Мунаққид ёзган мақоласини ўзидан узоқроқ умр кўришини истаса, ўлмайдиган адабий дурдоналар ҳақида кўпроқ бош қотириб, хўпроқ ёзиши керак.

– Баъзан бугун “қоладиган асарлар кам ёзиляпти”, дегандек ёзғиришларни эшитиб қоламиз. Наҳотки, шундай бўлса?

– Биз кўпинча “тайёр” асарларни ўқишга мойил бўламиз. Ва “тайёр” қарашларга суяниб, устига устак, худди америка кашф қилган каби асарни мақтай кетамиз. Ҳеч ким билмаса, сезмаса, ўша фикрларни ўзимизники қилиб оламиз. Чунки устозимиз Талъат Солиҳов айтгандек: “бизнинг тафаккуримиз дангаса”. Фикр юритишдан қочамиз, унга бўйнимиз ёр бермайди. Худди дўконлардан яримтайёр маҳсулотларни олиб, уйга келиб, электриситгичда апил-тапил илитиб оғзимизга солаётганимиз каби ижтимоий-маънавий интилишларимиз бобида ҳам ўша тайёр қарашларга тобемиз: бизгача айтилган мулоҳазалар қолиплари доирасидан чиқиб кетолмаймиз. Кундалигимга қачонлардир шундай фикрни қоралаб қўйган эканман: “Биз қолипларга кўра яшаймиз. Ҳар доим, ҳар бир ҳаракатимиз қолипларга риоядир. Аслида, табиатимиз ва виждон амримизга қулоқ солиш бизни руҳий изтироблардан сақлар эди. Лекин биз “одамлар нима дейди?”, деб ўзимизни яна қолиплар ичига яширамиз. Ҳаёт ҳам шунга яраша жазолайди – биз қолиплар ичра кўринмай кетамиз”. Ҳозирда, бадиий асарларни баҳолашда, ҳатто улар ўтмиш меросига оид бўлса-да, асосан, бизгача айтилган тайёр қарашларни дастак қилиб кун кўраётган чалаолимлар урчиб кетган. Аслида, бошқаларни фикрларини ўқиб-ўрганишнинг ёнида уларга қул бўлиб қолмай, асарни гўёки энди ёзилгандек мутолаа қилиш ва у ҳақида ўз мулоҳазаларимизни айтишимиз керакмасми? Бошқа томондан улуғ асарлар фақат ўтмишда ёзилган деган ғайри илмий, ғайри мантиқий қарашдан воз кечиш керак. Инсон, агар у олим бўлса ҳам, ўз даври билан, унинг муаммолари билан яшамас, уларниҳис қилмас экан, шу даврнинг кўзгудаги акси бўлиб яратилган асарлари ҳақида кескин фикр билдиришдан ўзини тийгани маъқул.

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?